Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи васаллам, ота-оналари куфрда вафот этган эмаслар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг “Ал-фиқ ал-акбар” асаридан.
Оналик – аёл зотига насиб этган муборак ва шарафли вазифадир. Аллоҳ таоло оналарнинг танасини мўъжизавий хилқат қилиб яратди, туйғуларини раҳмати ва сабри билан сарафроз этиб, уларни қутлуғ вазифага тайёрлади. Бу шундайки, раҳмида пайдо бўлган ҳомила бошданоқ уни машаққатга юзлантиради: бошқоронғулик, қўшимча юклик.... лекин аёл шу азобларни катта мамнуният билан, шоду хуррамлик билан қарши олади. Нимжон бир чақалоқ бўлиб дунёга келган мурғак жонни шафқати ила, фидокорлиги ила боқади. Лекин эвазига ҳеч нарса тамаъ қилмайди.
Оналар инсоннинг бу дунёга келишига ва дунёда кечирган илк йилларида бошига паноҳ бўлган муборак кишилардир. Оналарнинг энг бойи эса, шубҳасиз, Аллоҳнинг Ҳабибини дунёга келтирмоқ каби мислсиз шарафга эга бўлган ҳазрати Омина онамиздир.
Омина онамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодларидан бўлган Қурайш қабиласининг бани Зуҳра уруғига мансуб Ваҳб ибн Абдулманнофнинг қизи эди. Онаси Барра бинти Абудуззо ҳам Қурайшнинг бани Абдуррар уруғидан бўлган. Ота-онасининг жўмардлиги, пок ахлоқи, шубҳали ишларга аралашмагани ҳақида тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган.
Бир куни уларнинг уйига салобатли бир меҳмон келади. Меҳмон Макканинг улуғларидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг бобоси Абдулмуталлиб эди. Яқин дўсти бўлган Ваҳбнинг қизи Оминани ўғли Абдуллоҳга сўраб келган эди.
Абдулмуталлиб элнинг эътиборидаги обрўли, эътиборли одам эди. Уни бошқалардан ажратиб турадиган фавқулодда хислатлари ҳам бор эди. Масалан, унга тушида Замзам сувининг ўрни билдирилган эди. Бундай илҳомларга соҳиб кишининг севган фарзанди Абдуллоҳ учун танлаган келини, шубҳасиз, оддий қизлардан бири эмас эди.
Абдулмуталлиб Замзам булоғини қазиб бошлаган вақтда агар булоқни топиб, унинг кўзини очиш насиб этса, ўн нафар ўғлидан бирини Аллоҳ ризолиги учун қурбон қилишни ният қилган эди. (Иброҳим алайҳиссаломга тушида ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилиш ҳақида амр бўлганидан сўнг унинг авлодлари орасида бирор мушкул иши битишини сўраб, агар шу ишим битса бир ўғлимни қурбон қиламан, деб ният қилиш урфга айланган) Булоқнинг кўзи очилганидан кейин ўғилларидан бирини қурбон қилиши тайин бўлди. Аммо кимни? Қайси бирини қурбон қилишни аниқлаб олиш учун қуръа ташлашга қарор қилди. Ташлаган қуръа ҳазрати Абдуллоҳга чиқди. Абдуллоҳ бобокалони Исмоил алайҳиссаломнинг йўлини тутиб Аллоҳ ризоси учун қурбони бўлишга рози бўлади. Аммо уни жону дилидан яхши кўрган Макка аҳли унинг қурбон бўлишига рози бўлмайди. Аллоҳ таоло Абдуллоҳни юзта кўркам туяни қурбон қилиши эвазига қутқариб қолади.
Сурати ва сийратининг гўзаллиги билан ҳар бир кишининг эътиборини тортган ҳазрати Абдуллоҳ кейинги вақтларда ғайритабиий бир ҳолатни бошдан кечираётган эди. унга қараганлар унда бутунлай бошқа бир гўзаллик, илоҳий бир нур кўраётган эди. Шу сабабдан Макканинг бўй етган қизлари уни орзу қилиб ҳатто йўлини кесиб ҳам чиқар эдилар. Аммо ҳазрати Абдуллоҳ бундай ишларга қайрилиб ҳам қарамас эди. Унга келин излаган Абдулмуталлибнинг Макка ва унинг атрофидаги хонадонларда тарбия топган қизлар дидига ўтирмай, Мадинага боради ва ўша ердан Омина онамизни келин қилиб келади. Ҳазрати Абдуллоҳ Макка йигитларининг ҳар жиҳатдан олди бўлгани каби, ҳазрати Омина онамиз ҳам Мадинадаги қизларнинг ҳуснда одобу ахлоқда олди эдилар.
Икки оила насаби, ижтимоий аҳволи ва поклик жиҳатидан бир-бирига тенг эди. Ҳазрати Омина насаб эътиборидан аслзода бир оила қизи бўлгани каби, ахлоқи поклиги ҳам диққатни тортган, хушмуомала, нафис ва одобли бир қиз эди. Абдуллоҳнинг манглайида порлаган илоҳий нурнинг асл соҳибига оналик қилмоққа лойиқ бўлган ҳар жиҳатдан соғлом қиз эди.
Яна бир қанча вақт ўтиб дунёни ширкдан, куфрдан ва зулмнинг зулматларидан ҳидоят ойдинлигига олиб чиқувчи Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу покиза ёшларнинг зурёди ўлароқ дунёга келадилар.
Аллоҳнинг истагани бўлади
Тўйларидан икки ой ўтиб ҳазрати Омина турмуш ўртоғи Абдуллоҳнинг қулоғига: "Фарзандимиз бўлади!" дея шивирлаб суюнчи олади.
Абдуллоҳ бу муждадан жуда ҳам севинган эди. аммо боласини бағрига босиб, ўпиб эркаламоқ унга насиб этмайди. Негаки, Аллоҳ таоло азалда тақдирни ёзганда Ҳабиби – Пайғамбаримизнинг дунёга етим келишини ирода этган эди. “У сени етим топиб, жойлаб қўймадими?” (Зуҳо сурасининг 6-ояти).
Макка ёшларининг аксарияти каби тижорат орқали тирикчилик ўтказадиган ҳазрати Абдуллоҳ сафарга чиққанида ўзини ёмон ҳис қилади ва ҳаётдан кўз юмади. Сафардан қайтган карвон кўрингани заҳоти севган ёрининг истиқболига югуриб чиққан ҳазрати Оминага мудҳиш хабар берилади.
Ёшгина келинчак бўлган Омина айни ўйнаб-куладиган паллада жуфти ҳалолидан бунчалик вақтли ажралиб қолганига куйсинми ёки раҳмида етилаётган норасиданинг дунё юзини кўрмасдан етим қолганига куйсинми?..
Аммо бу не ҳолки, Омина айрилиқ азобига қарамай, юрагида қандайдир бир енгилликни ҳис қилаётгандек эди. Гўёки аллақайерлардан бир хабар Оминанинг юрагига сув сепар эди.
Ҳазрати Омина ғайритабиий тушлар кўрарди. Пайғамбар алайҳиссалом оналарининг кўрган тушлари ҳақида бунда марҳамат қилганлар:
“Мен отам Иброҳимнинг дуоси, Исонинг муждаси ва онамнинг тушиман. Онамнинг тушида ундан таралган бир ойдинликдан Шом диёридаги саройлар ёришган экан” (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад IV, 127, 128).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари ҳар доим шунга ўхшаган тушлар кўрганлар. Тушида бир овоз ҳазрати Оминага бундай дер экан:
“Эй Омина яхши билгинки, сен оламларнинг энг хайрлисига юклисан. Туққанингдан сўнг ўғлингга Муҳаммад деб исм қўй!"
Ҳазрати Омина ана шу сирли туши ҳақида қайнотаси Абдулмуталлибга сўзлаб берди. Абдулмуталлиб бунга сира ҳам ажабланмади. Чунки унинг ўзи ҳам ана шундай ғайритабиий ҳолларга соҳиб зот эди.
Одатда, ҳомиладор аёлларнинг иштаҳаси очилиб баъзи нарсаларни жуда ҳам егиси келади, баъзиларининг эса ҳидига ҳам тоқат қила олмайди. Аммо ҳазрати Оминанинг аҳволи бутунлай бошқача эди. Ичидан келган бир ҳиссиёт ила еган-ичган луқмасининг поклигига диққат этар эди. Фақат шубҳали таомлар эмас, беҳуда вайсаб ўтиришлар, миш-мишлар уни роҳатсиз қилар эди. Овлоқ ерларга кетиб ички ҳиссиёти оғушида қолар эди.
Ушбу қутлуғ фарзандга ҳомиладор бўлганидан бери ҳоли бутунлай ўзгарган, ичида бир таърифлаб бўлмас даражадаги ҳузур ва ҳаловат бор эди. Аллоҳнинг номини тилга олгани замон кўнглига бир илиқлиқ югурар, юраги юмшаб кўзларидан ёшлар оқарди, Роббимиз уни қутлуғ туғруққа тайёрлаётган эди.
Қутлуғ кеча
Ниҳоят кутилган кун келди. Рабиулаввал ойининг иккинчи душанба кечаси эди. Қуёш ҳали бош кўтариб улгурмасидан аввал дунёнинг маънавий самосига илоҳий раҳмат ва ҳидоят қуёши чиқди.
Ўша кеча ҳазрати Омина бўлиб ўтган воқеаларни қуйидагича ифода этган эдилар: “Мен бошқа аёллар каби тулғоқ азобини тортмадим, оғриқ сезмадим. Тулғоқ яқинлашганда қулоғимга шиддатли бир овоз эшитилди, чўчидим. Ортидан оппоқ рангдаги бир қуш келиб қаноти билан танамни силади, мендан қўрқув чекинди. Ёнимга қараб менга бир косада шарбат берилганини кўрдим. Уни олиб ичган эдим ҳар тарафим нурга тўлиб кетди. Ўша чоқда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дунёга келди”
Шунингдек, турли манбаларда тулғоқ вақтида ҳазрати Оминанинг кўзига Жаннат пардалари очилиб ҳурлар ва малакларнинг атрофида парвона бўлаётгани, уларнинг ҳайрат ва муҳаббат билан чақалоқни томоша қилганлари ривоят этилган.
Қутлуғ тулғоққа ёрдам бериш учун келиб гувоҳ бўлган Шифо хотун, Фотима хотун ҳам фавқулодда ҳолатларани кўрдилар. Шифо хотун ўша кўрганларини бундай деб сўзлаб берган: “Аллоҳнинг Расул туғилган чоқда мен ўша ерда эдим. Қулоғимга бир овоз эшитилди: “Унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”. Машриқ билан Мағриб ораси нурга тўлди. Ҳатто Рум диёрининг баъзи саройларини кўрдим. Сўнгра Аллоҳнинг Расулини қучоғимга олиб эмиза бошладим. Менда шундай бир ҳолат пайдо бўлдики, танам титрай бошлади, кўзларим қоронғулашиб кетди. Бир овоз: “Қаёққа кетди?” деб сўради. “Шарққа олиб кетдилар” дея жавоб берилди.
Бу сўзлар хотирамга муҳрланиб қолди. Аллоҳнинг Расули пайғамбарлигини эълон этар-этмас у зотнинг ҳузурига чопдим ва иймон келтириб мусулмонлар сафига қўшилдим”.
Фотима хотун эса ўша муборак кечада чақалоқ туғилган уйнинг нурга тўлганини ва кўкдаги юлдузлар худди тўкилаётгандек уйнинг устига келганини ҳикоя қилган.
Фарзанд ҳасрати
Ҳазрати Омина туққанларидан сўнг фарзандини тўйиб-тўйиб бағрига босди. Фақат Маккада ҳаво жуда иссиқ эди. Ҳаво ҳарорати жуда қаттиқ исиб кетгани боис атрофдаги қишлоқларда вабо тарқалгани ҳақида хабарлар келарди. Макка эса инсонлар ҳар тарафдан ҳаж зиёрати ҳамда тижорат учун оқиб келадиган ер эди.
Қутлуғ Набийнинг бобоси Абдулмуталлиб муборак неварасининг соғлиги учун уни бир сут эмизувчига беришга қарор қилади. Зотан, бу Маккада кенг ёйилган одат эди. Ҳавоси салқин ва тоза, хасталиклардан узоқ қишлоқнинг одамлари арабчада ҳам тоза сўзлашарди. Турли миллат вакиллари аралашиб кетмагани боис ўша қишлоқларга бошқа тиллар таъсир кўрсатмаган эди. Кўплаб араб оилалари араб тилида акцентсиз гаплашадиган бу ерларга болаларини тил ўргансин деб юборар эди. Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалоту васаллам эмизишга бола олиш учун Маккага келган Ҳалима деган аёлга топширилди. Ҳазрати Омина учун фарзанд ҳасрати бошланди. Аммо фарзандининг соғлиги учун бу айрилиққа сабр этишга мажбур эди. Унинг ўғли одамларга раҳмат бўлиб қайтар эди. Ҳар турли таҳликалардан узоқ бўлиши учун ҳар қандай нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарур эди.
Ҳазрати Ҳалима бу муборак етимда фавқулодда ҳодисаларни кўрганидан кейин уни тўйиб-тўйиб бағрига босди ва онасига олиб келиб топширди.
Ҳазрати Омина севган ёри Абдуллоҳнинг ҳасратини бир оз бўлса-да тиндирмоқ учун унинг қабрини зиёрат қилишни истади. Севгили ўғлини ҳам ёнига олиб хизматкори Умму Айман билан биргаликда Мадинага қараб йўлга чиқди.
Мадинада Абдулмуталлибнинг тоғаси бўлгани учун оиланинг тоғаси ҳисобланган Бани Нажжор қабиласига меҳмон бўлдилар. Бир ой Мадинада бўлганларидан сўнг Маккага қайтаётганда ҳазрати Оминанинг тоби қочди. Йўл юзидаги Абво деган ерда жон таслим этди.
Унинг вафотига шоҳид бўлган бир аёл шундай деган эди: “Омина вафот этаётганда ўша ерда эдим. Ўғли Муҳаммад эндигина бўй олаётган беш ёшлардаги бола эди. У онасининг бошида турарди. Омина ўғлининг юзига боқиб бундай деди: Эй муборак фарзанд! Эй дунёга бир келиб, учиб кетган кабутарнинг (Абдуллоҳ) ўғли! Отанг ҳар бир нарсанинг Эгаси ва ҳар нарсани Билувчи ёрдами ила қуръа ташланган кун юзта кўркам туя эвазига қурбон бўлишдан қутилган эди. Тушларимда кўрганларим юз берса, сен бутун инсониятга юборилган пайғамбар бўлиб, уларга ҳалол-ҳаромни ўргатасан, инсонларни ҳақиқатга ва Исломга етказасан. Отанг Иброҳимнинг динида бўласан. Аллоҳ сени жами бутлардан муҳофаза этсин. Сенинг дининг қиёматга қадар давом этади”. Бу сўзлардан сўнг дедики: “Ҳар бир тирик жон ўлади; ҳар бир янги нарса эскиради; ҳар бир кекса дунёдан айрилиб кетади. Ана мен ҳам ўлаётирман. Фақат номим абадий қолади. Чунки ортимда хайрли ва покиза фарзанд қолдирмоқдаман”.
Оналарнинг фахри бўлган ҳазрати Омина шу сўзларни айтганидан сўнг жон берди. Ўзи айтганидек, жисми бу дунёдан кўчиб кетган бўлса-да, номи абадий қолди.
Аллоҳ таоло Ҳабибининг дунёга келишига васила бўлган бу қутлуғ онага Ўзи лойиқ кўргани каби мукофот беради, иншааллоҳ!
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби