Учинчи куни таровеҳни ўқишга боряпмиз. Масжид сари қадам ташлаб борар экансиз, йўлда сафни тўлдираётган одамларнинг кўплигини кўриб хурсанд бўласиз. Нега қувонмайликки, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳар доим ана шу фазилатли намозни ўқишга тарғиб қилар эдилар. Жумладан, ул зоти шариф бундай деганлар:
“Кимки Рамазон кечаларида иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” (Асҳоби сунан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривояти).
Бугун юртдошларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу чақириқларига “Лаббайка, йа Расулаллоҳ!” деб ибодатга ошиқмоқда.
“Раҳимжон ота” жоме масжиди ҳам одамлар билан гавжум. Намозхонлар сидқи ихлос билан келиб Хатмга ҳозир бўлиб туришибди. Имом домла жамоага Саодат асри даврида таровеҳнинг қандай ўқилгани ҳақида сўзлаб бергандан сўнг Хатм бошланди.
Буюк мутафаккир ва фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг етук шогирди, ҳанафий олим Имом Зарнужий раҳимаҳуллоҳнинг "Таълимул мутаъаллими ториқот таъаллуми" китоби асосида илм олишнинг фойдалари, одоблари, инсон ва жамият тараққиётида илм-фаннинг ўрни ҳақида сўз боради. Саккиз асрдан бери илм аҳли, талабалар ва зиёлилар орасида кенг фойдаланиб келинаётган мазкур асар ҳақида Аллома Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳақида "Кўп фойдаларга эга, нафис, манфаатли китоб", дея таъриф берган.
Абдувоҳид домла Аҳмадалиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси.