Бугун муборак жума - ҳажжул масокин. Ана шундай фазилатли куннинг оқшомида таровеҳ намозини ўқиб бошлаймиз, иншоаллоҳ.
Юртимизда турли фирқалар, диний оқимлар илдиз отиб кетишига йўл қўйилмасдан уларнинг фаолиятига вақтида чек қўйилгани туфайли диний масалаларда ихтилофлар йўқ - Аллоҳга шукр. Аммо шу, ҳар йили Рамазон кирган ва чиққан вақтда айрим кишилар иккилангандек бўлиб қолади: "фалон давлатда рўза бошланибди, писмадон жойда ҳайит байрами бўлибди..." Бу масалада ҳам юртдошларимиз анча тушунчага эга бўлиб, олдинга шубҳа-гумонлар иккиланишларга жой бўшатди, иккиланишлар ҳам деярли барҳам топиб қолди. Шундай бўлса-да, иймонлашишни ният қилиб рўзанинг кунини аниқлаш борасида севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, салафи солиҳлар ва улуғларимиз қандай йўл тутгани ҳақида сўз юритишни ният қилдик.
Оиша онамиз айтадиларки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг кунларини ҳисоблагани қадар бошқа бирорта ойнинг кунларини ҳисобламас эдилар. Рамазон ҳилоли кўринганидан бошлаб рўза тутардилар. Агар булут чиқиб ойнинг юзини тўсиб қолса, Шаъбоннинг кунларини ўттизга етказардилар ва рўзани бошлардилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифдан Рамазоннинг бошланишига ва охирига етишига ишорат қилувчи асосий ҳолат ҳилолнинг кўриниши эмас, ойнинг кун ҳисобига тўлиши экани аён бўлмоқда. Демак, Пайғамбар алайҳиссалом ҳилолни кўрмасалар ҳам вақт киргани учун рўзани бошлаган эканлар.
Бугунги кунда ҳилолнинг қайси вақтда тўлиши астрономик кузатувлар туфайли олдиндан билинмоқда. Кўз билан кўрмоқ эса ҳилол тўлганидан 8-10 соат сўнгра юз бериши ҳам мумкин бўлади.
Ҳозирги вақтда баъзи ислом ўлкаларида рўзани бошлаш учун астрономик кузатувлар, баъзиларида эса эса кўз билан кўрмоқ асос қилиб олинмоқда.
Астрономик жиҳатдан ҳилолга етишмоқ даврининг ҳисобланиши аниқ ҳисобда қатъий бир вақтни ифода этади. Фиқҳ олимлари иккаласининг ҳам жоизлигини, кишининг ўзи турган жойга кўра ҳаракат этиши кераклигини айтганлар. Саодат асрида юз берган ҳодиса бу фикрни тасдиқлайди.
Курайб розияллоҳу анҳудан ривоят:
"Умму Фазл бинти ал-Ҳорис уни Шомга, Муовиянинг олдига юборган эди. У айтадики:
"Бас, Шомга келиб у (Умму Фазл)нинг ҳожатини бажардим. Мен Шомдалигимда Рамазон кириб қолди, ҳилолни жума кечаси кўрдим. Сўнгра ойнинг охирида Мадинага келдим. Ибн Аббос мендан: "Ҳилолни қачон кўрдингиз?" деб сўради.
"Уни жума кечаси кўрдик", дедим.
"Сен ўзинг кўрдингми?" деди.
"Ҳа, одамлар ҳам кўрдилар. Рўза тутдилар. Муовия ҳам рўза тутди", дедим.
"Лекин биз шанба кечаси кўрдик. То ўттиз кунни мукаммал қилгунимизча ёки уни кўргунимизча тутаверамиз", деди.
"Муовиянинг кўргани ва рўза тутгани билан кифояланмайсанми?" дедим.
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундоқ амр қилганлар", деди" (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Шарҳ:
Бир иш билан Шомга борган Қурайб розияллоҳу анҳу у ерда жума куни ҳилолни кўрган ва шомликлар билан бирга рўзани тутишни бошлаган. Мадинага келганида ҳам Рамазон давом этаётган эди ва бу ердагилар рўзани бир кун сўнг бошлаганлар.
Шомда бир кун олдин бошланган рўза масаласини Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Шомга эргашишни маъқул топмай, “ҳилолни кўришга қадар”, ҳилол кўрилмаган тақдирда “кун ҳисобида ўттиз кун тўлишига қадар” рўзада давом этмоққа қарор қилмоқда. “Нега Шомга эргашмайсиз?” деган саволга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бундай ҳолатларда) турган маконимиздаги вақтга риоя этмоғимизни амр этдилар”, дедилар.
Қуръони Каримда:
"Қуёш ҳам, Ой ҳам (аниқ) ҳисоб билан (сайр қилур)" (Ар-Раҳмон сурасининг 5-ояти);
"(У) тонг оттирувчидир. Тунни оромгоҳ, Қуёш ва Ойни эса ҳисоб белгилари қилиб қўйди. Бу қудратли ва Доно зотнинг ўлчовидир" (Анъом сурасининг 96-ояти);
"У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобини билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир..." (Юнус сурасининг 5-ояти);
"Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ - ўн икки ойдир..." (Тавба сурасининг 36-ояти);
"Сиздан (Эй Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. "Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир", - деб айтинг" (Ар-Раҳмон сурасининг 189-ояти), деб ой ва йиллар алмашишининг аниқ вақт бўйича ҳарактланиши баён қилинган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу ояти карималарга суянган ҳолда Рамазон бошланиши ва ниҳоясини аниқлашни буюрганлар. “Ҳилолни кўргандан сўнг рўзани бошланг, уни такрор кўрганда байрам қилинг. Ҳаво булутли бўлиб ҳилол кўринмай қолса, ичида бўлганингиз ойни ўттизга етказинг” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти), маъносидаги ҳадислардан исломда ибодат ҳаётига ва бошқа бир қатор ҳукмларга алоқадор вақтларнинг аниқланиши ҳар бир кишининг қулайлик билан англаб амалга жорий эта оладиган даражада содда кўринишдадир.
Ер шарининг тухумсимон ёки юмалоқ шаклда экани боис ҳилол ҳар юртда ҳар хил вақтда кўриниши мумкин. Бунга ой туғадиган ернинг фарқлилиги дейилади. Рўзани бошларкан ойнинг қачон кўриниши ёки кўринмаслигига эътибор берилиши ёки берилмаслиги ҳақида олимлар турли фикрларни илгари сурганлар. Ҳанафий мазҳабига кўра, дунёнинг бир жойида кўринган ҳилол бошқа ерга узоқ бўлса, улар ойнинг кўрилишини кутиши кераклиги айтилади.
Илмимиз бойишига ҳисса бўлсин деган ниятда муҳтарам шайхимиз Абдулазиз Мансур ҳазратларининг фатволари ва ҳурматли Муҳаммад Шариф Жуман домла тайёрлаган материални ҳам муштарийларимизга илиндик.
Ибодат масаласида эҳтиёт бўлайлик
Динимиз бизларга буюрган ибодатларнинг ҳаммаси муайян вақтларда адо этилади. Беш маҳал намознинг вақтларини ҳамма яхши билади. Ҳожатидан ортиқ моли (пули, қўй-эчкиси, қорамоли ва тижорат моллари) нисобга етган кундан бир қамарий йил тўлиши билан кишига закот фарз бўлади. Шунинг учун, ҳар бир киши молининг закотини адо этиш вақтини ўзи учун белгилаб олади.
Аммо қачон рамазон рўзасининг бошланиши ва тугашининг, ҳаж тайин этилишининг шартлари бор. Рамазон рўзасининг бошланишини аниқлаш рамазондан бир ой олдин бошланади. Чунки олдин шаъбон ойининг биринчи куни аниқланиши лозим. Шаъбоннинг йигирма тўққизинчи куни шомдан олдин рамазон ҳилолини кўришга чиқиш вожиб бўлади. Агар шу куни ҳамма ҳилолни кўрса, эртаси куни рамазон рўзаси тутилади.
Рамазон ҳилолини ҳамма кўриши жуда кам бўладиган ҳолат. Ҳаво булутли ё чанг бўлганидан ҳеч ким рамазон ҳилолини кўрмаса, муфтий шаъбонни ўттиз кунга тўлдирилишини ва кейинги кун рамазон рўзаси бошланишини эълон қилади. Яъни, бу ҳолда рамазон рўзаси бошланишини фақат муфтий эълон қилади.
Ҳаво булутли ё чанг бўлганида бир киши, шаввол ҳилолини кўрдим деб, эртанги куни оғзини очмаслиги лозим. Агар оғзини очса, бир кун қазо тутиб бериши вожиб бўлади. Агар бир қанча кишилар фалон юртда бугун рўзанинг ўттизинчи куни, эртага ҳайит, улар биздан бир кун олдин ойни кўриб, рўза тутишган экан, десалар, эртанги куни оғиз очилмайди, таровеҳ намози ҳам қолдирилмайди. Чунки улар, ўзлари ё бошқаларнинг шаввол ойи ҳилолини кўришгани ҳақида гувоҳлик беришмаган.
Ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади.
“Ҳидоя”, “Оламгирия”
китоблари асосида
Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади.
Бизнинг асримизда ҳилолни кўриб, рўза тутиш ва ҳилолни кўриб, ҳайитни белгилаш масаласида бутун ислом оламининг уламолари иттифоқда эмаслар. Зеро, кейинги вақтларда пайдо бўлган замонавий астрономик жиҳозлар, қуёш, ой ҳисобларини тақвимлар билан юритишнинг кенг жорий бўлгани кўпчилик уламоларда замонавий тақвимларга мойиллик пайдо қилган. Масалан, Саудия мамлакатида «руъяти ҳилол»га оид ҳадиси шарифга қаттиқ амал қилиниши натижасида ҳар йили Рамазон ойининг биринчи куни, тақвимда қандай ёзилганидан қатъи назар, янги ой ҳилолини кўрган гувоҳлар сўзига биноан эълон қилинади. Натижада бизнинг минтақамизга ўхшаган кўплаб тақвимга биноан ойни белгиловчи мусулмонлар диёрларида баъзан Саудия билан бир хил эмас, балки бошқа-бошқа кунларда рўзани бошлаш ёки ҳайитни эълон қилиш ҳоллари давом этмоқда. Ваҳоланки, ҳар бир мамлакат ўзининг иқлимига қараб ҳилол кўринишини белгилаб, ўзининг ҳисоб-китоби бўйича рўза ва ҳайит кунларини белгилаши жоиз экани «Бадое ас-саное» китобида келтирилган.
Шайх Абдулазиз Мансур,
«Минг бир фатво», 2-китоб, 37-бет.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси