Рамазон ойи давомида порталимизнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги muslim.uz (https://www.facebook.com/muslimuzportal/) саҳифаси орқали пойтахтимизнинг бир қатор масжидларидаги таровеҳ намозлари таровати ва қориларимизнинг Қуръон тиловатларини онлайн ёритиб бориш амалга оширилади.
Энди Сиз Рамазон ойи давомида, ҳар кеча, юртимизнинг кўзга кўринган, хушнафас қорилари тиловатидан, бизнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифамиз ва телеграм мессенжеридаги @muslimuzportal канали орқали баҳраманд бўлиб боришингиз мумкин.
Бугун Таровеҳ намозини Тошкент шаҳрининг марказий масжиди бўлган “Ҳазрати Имом” жоме масжидидан, Facebook ижтимоий тармоғимиздаги https://www.facebook.com/muslimuzportal/ саҳифаси орқали онлайн трансляция қиламиз.
Шунинг билан биргаликда, дастлабки босқичда бугун Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”, “Минор”, “Шайх Зайниддин”, “Хўжа Аламбардор”, “Тўхтабой”, “Мўйи муборак” ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Занги ота”, Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий”, Фарғона вилоятидаги “Мадрасаи Мир”, Бухоро вилоятидаги “Баҳовуддин Нақшбанд” жоме масжидларидан Таровеҳ намозлари ва хатми Қуръон онлайн трансляция қилинади. Ушбу жоме масжидларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари манзили ва бошланиш вақти ҳақида кейинроқ маълумот берамиз.
Демак, бизни кузатишда давом этинг. Ҳали олдинда, Сиз учун бир-биридан ажойиб мега лойиҳалар тайёрлаб қўйганмиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
MUSLIM.UZ
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД