Муқадас динимизда илм олиш ва уни ўргатишга катта аҳамият берилади. Илм эгаси ҳамиша қадрланади ва мақталади. Айниқса, илм ўргатувчи – устознинг бошқа касб эгаларига қараганда мартабаси, шарафи, рутбаси баланд бўлади. Шу боис пайғамбарларнинг меросларини инсонларга ўргатувчи муаллим гўзал хулқ билан зийнатланиши ва ўзига номуносиб ишлардан тийилиши ҳамда зарур одобларни ўзида мужассам этиши сув ва ҳаводек зарур ҳисобланади.
Муҳаммад ибн Ҳасан Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Мен учун уламолар ҳақидаги ҳикоялар фиқҳдан кўра севимлироқдир. Чунки уларда қавмнинг одоб–ахлоқлари бор”. Ҳубайб ибн Шаҳид ўғлига деди: “Эй, ўғилчам! Фақиҳлар ва олимлар билан кўпроқ ҳамроҳлик қил, уларнинг одобларига разм сол! Сенинг мана шундай қилишинг менга ҳадисни кўп билишингдан кўра маҳбуброқдир”. Имом Шофеъийга айтилди: “Одобга хоҳишингиз қандай?” У киши жавоб бердилар: “Одобдан ўзим билмаган бир ҳарфни билиб оламан. Бас, аъзоларим унга муҳаббат қўяди ва ҳар бири эшитувчига айланади. Сўнг одоб билан ҳузурланади”. Яна айтилди: “Одоб ўрганишга талабингиз қандай?” Имом Шофеъий: “Худди она яккаю ягона боласини йўқотиб қўйиб қидираётгани каби”, дея жавоб берган эканлар.
Демак, илм берувчига ҳам одоб мана шундай зарур ва у қуйидагиларга амал қилиши матлуб:
وَفَوْقَ كُلِّ ذِي عِلْمٍ عَلِيمٌ
“Ҳар бир илм эгаси узра (ундан) билимдонроқ (олим) бордир” (Юсуф сурасининг 76-ояти).
Шайх Зарруқ Моликий айтади: “Мен олимман”, “Мен сендан яхшироқман”, “Мен сендан кўра қорироқман” дейишдан йироқда бўлинг. Чунки бунга ўхшаш гаплар мана бу учтасини ҳалок қилган:
قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلَّا تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِنْهُ خَلَقْتَنِي مِنْ نَارٍ وَخَلَقْتَهُ مِنْ طِينٍ
(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сурасининг 12-ояти).
فَقَالَ أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى
“Мен сизларнинг олий Парвардигорингиздирман”, – деди (Назиат сурасининг 24-ояти)
قَالَ إِنَّمَا أُوتِيتُهُ عَلَى عِلْمٍ عِنْدِي أَوَلَمْ يَعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ قَدْ أَهْلَكَ مِنْ قَبْلِهِ مِنَ الْقُرُونِ مَنْ هُوَ أَشَدُّ مِنْهُ قُوَّةً وَأَكْثَرُ جَمْعًا وَلَا يُسْأَلُ عَنْ ذُنُوبِهِمُ الْمُجْرِمُونَ
«(У:) «Мен унга фақат ўзимдаги билим сабаблигина эришдим»,– деди*. Ахир, у ўзидан аввал Аллоҳ ундан кўра қувватлироқ ва захираси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) авлодларни ҳалок қилганини билмаганми?! Жиноятчилардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас!» (Қасас сурасининг 78-ояти)
* Қоруннинг бадавлат бўлишига Аллоҳ сабаб қилган илм қай бири экани хусусида баъзи тафсирда Тавротни яхши билиши дейилса, бошқасида у пухта билган кимё илми, деб ёзилган. Иккинчи тафсир ҳақиқатга яқинроқдир.
Қурофий “Захира”ларида баъзи фузалоларнинг гапларини келтириб ўтадилар: “Агар билмайман десанг, то билгунингча ўргатилаверасан. Аксинча биламан десанг, то билмай қолгунингча сўралаверасан. Шундай экан, “билмайман” дейиш илмга олиб борувчи восита бўлса, “биламан” дейиш жаҳолатга етакловчидир”.
Саъд ибн Жубайр айтадилар: “Киши таълим олгани сайин илмли бўлиб бораверади. Агар таълим олишни тарк этса, ўзини беҳожат сезса ва ўзида бор нарса билан чегараланиб қолса, энг жоҳил инсонга айланади”.
Ибн Жамоа Ал Киноний “Тазкира”да келтирадилар: “Салафи солиҳларимиздан кўплари ўзлари билмаган нарсаларини талабаларидан ўрганиб олар эдилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал: “Бизга Имом Шофеъий айтар эди: “Сизлар ҳадис илмида мендан билимдонсиз. Агар сизнинг наздингизда бирор ҳадис саҳиҳ бўлса, менга ҳам айтинг, сиздан ўрганиб оламан”. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Убай ибн Каъбдан қироат қилиб беришини сўраганлар.
Зуҳрий айтадилар: “Илм билан хорланиш уни ўрганувчининг уйига олиб бормоқликдир”.
Ибн Иёз ат-Тамимий ал-Марвазий Зоҳид айтадилар: “Агар илм аҳллари ўзларини ҳурмат қилсалар, илмнинг ҳаққига риоя этсалар, уни асраб, Аллоҳ туширган манзилга қўйсалар эди... ҳокимларнинг бўйинлари улар учун эгиларди. Инсонлар ўзларига йўлбошчи қилиб оладилар. Инсонлар наздида Пайғамбарлар мақомида бўлардилар. Афсуски, улар дунё эгалари учун ўзларини паст олдилар, бас хор бўлдилар, азизликлари қўлдан кетди... Инна лиллаҳи ва инна илайҳ рожиъуун! Нақадар улкан мусибат бу...
Қози Журжоний Алий ибн Абдулазизнинг қуйидаги мисралари айни ўринлидир:
Илм аҳли асраса илмни агар,
Илм ҳам аларни ҳар недан сақлар.
Ўзларида улуғ тутсалар уни,
Илм ҳам аларни севиб улуғлар.
Ҳайҳот, ўзларин пастга қўйдилар,
Илмни хор айлаб, ўзларин шоҳга йўйдилар.
Илм маъюс қолиб, нолон бўлгунча
Тамаъ бирлан қалбни чунон ўйдилар.
Яна айтилади: Илмни ёмон инсонга ўргатиш, худди қароқчига қилич сотиш билан тенгдир.
“Ҳикамул Атоийя”нинг шарҳида Ибн Аббод дейдилар: “Таълим берувчи кимга таълим бераётганидан хабардор бўлиши керак. Зеро, илмини фақат яхши ва солиҳ амалар ила безангувчи одамга сарфлаши шарт” (Ғойсул маваҳибил алийя шарҳ ҳикамул атоийя).
Бундан ташқари, Нисо сурасининг 5-оятида Аллоҳ берган молларни ақли норасоларга бериб қўймаслик ҳақида айтиб ўтилган.
Илмни унга қизиқмаган, ёқтирмаган ва илмни эгалласа фасод ишларни қиладиган одамга ўргатиш уни зое қилиш ҳисобланади. Аммо илм олишга рағбати, муҳаббати бор одамга ҳамиша кўмакчи бўлиш, илму ҳунарнинг барча сирларидан хабардор қилиш, касб маҳорати, нозик қирраларини яширмаслик ҳақиқий таълим берувчининг вазифасидир.
Баъзан устоз шогирди ўзидан ўзиши, баланд лавозимларни эгаллаши, халқ уни эмас, шогирдини кўпроқ эъзозлашидан қўрқиб, ҳунарнинг айрим сирларини яширади. Ҳақ йўлни кўрсатиш ўрнига талабани чалғитади. Бу жуда катта хато ва илмга вафосизликдир.
Устознинг ўта жиддий бўлиши талабани билмаган нарсасини сўрашдан, унга яқин бўлишдан ва дардини бемалол айтишдан тўсади. Аксинча, кўп кулиб, кўринган одамга ҳазил қилиб, ҳар доим маза-бемаза гапларни гапириб юраверса виқори кетиб, ҳурмати поймол бўлади. Бундан ташқари, кўп ва қаттиқ кулгу қалбни ўлдиради, илм оғиздан отилиб чиқиб кетишига сабабчи бўлиб қолади.
Мужиб Ар-Раҳмон ал-Дийравий шундай дуо қилар эканлар: “Аллоҳим! Ихлос, эҳсон, салоҳият, тўғрилик, фиқҳ ва илмни шогирдларим, шогирдларимнинг шогирдларида то Қиёматга қадар бардавом қилгин!”
Устозлик мартабасига етиш ва унинг омонатларига риоя этиш ҳар биримизга насиб этсин!
“Ал Ҳодий ила ровзатил фиқҳ вал фуқаҳо” асари асосида Тошкент ислом институти тиллар кафедраси мудири Фахриддин Муҳаммад Носир тайёрлади.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].
Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.
“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.
Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.
Шоир айтади:
Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.
Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:
– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 214-оят.
[2] Юсуф сураси, 83-оят.