Ислом шариати одам ўлдиришни қаттиқ қоралаб ҳаром қилган ва гуноҳи кабиралар қаторига қўшган. Аллоҳ каломида марҳамат қилади :
{... وَمَا كَانَ لِمُؤۡمِنٍ أَن يَقۡتُلَ مُؤۡمِنًا إِلَّا خَطَـٔٗاۚ}
"Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин...." (Нисо сураси 92-оят)
{ وَمَن يَقۡتُلۡ مُؤۡمِنٗا مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآؤُهُۥ جَهَنَّمُ خَٰلِدٗا فِيهَا وَغَضِبَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِ وَلَعَنَهُۥ وَأَعَدَّ لَهُۥ عَذَابًا عَظِيمٗا }
"Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир." (Нисо сураси 93-оят)
Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар–жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ўз ҳадисларидан бирида: «Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар. Мазкур жазолар қасддан мўмин одамни ўлдирганнинг охиратидаги жазосидир. Аммо бошқа оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, унга бу дунёда ҳам маълум жазолар белгиланган.
Улар хоҳласалар, қотилдан қасос олиш мақсадида уни ўлдиришни талаб қиладилар, хоҳласалар кечиб юборадилар ёки хоҳласалар кучайтирилган хун оладилар. Кучайтирилган хун эса, ўттизта ҳиққа, ўттизта жазуъа ва қирқта халуфа туялардан иборат.
Бу жазолар дунёдаги ўткинчи жазолалардир. Лекин охиратдаги жаҳаннамда тайёрлаб қўйилган жазолар муқаррардир ва абадий жазога ҳукм қилингандирлар.
Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ барча гуноҳларни кечириши мумкин, аммо бир киши кофир ҳолида ўлган бўлса, ёки бир киши мўминни қасддан ўлдирса, бу гуноҳларни кечирмайди» (Насоий, Ҳоким ривояти).
Ривоят қилинишича, «Кимки бир мўминнинг қатл этилишига яримта сўз билан ёрдам берса, икки кўзи орасига «Аллоҳ раҳматидан ноумид» деб ёзилган ҳолида Аллоҳга йўлиқади».
Демак мўмин банда икки дунёнинг саодатига эришмоғи учун доимо Аллоҳнинг буйруқларига итоат қилиши керак. Шайтоннинг ҳийласига учиб турли бузғунчиларнинг фитнасига алданмаслиги керак. Аллоҳ раҳмли ва меҳрибон Зотдир!
Шеров Шуҳрат
Мир Араб олий мадрасаси 3-босқич талабаси
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати