Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2025   |   25 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:36
Пешин
12:32
Аср
17:16
Шом
19:20
Хуфтон
20:40
Bismillah
19 Август, 2025, 25 Сафар, 1447

Бизга аталган кунлар

22.05.2017   81706   4 min.
Бизга аталган кунлар

Элакни яхши биламиз, унинг хизматини ҳам – кераклини кераксиздан ажратиш. Рамазон ойи инсондаги яхши ва ёмон хислатларни бир-биридан ажратадиган,

яхшиларини сузиб олиб, ёмонларига йўл бермайдиган элак мисоли.

Ундан ўтарканмиз, гуноҳ қолдирган кирлардан тозалангандек, оғирликлардан қутулгандек бўламиз. Орттирган ёмон одатларимиз биздан узоқлашади, биз эса улардан. Қудратли бир қўл элакни силтаркан, елкаларимиздаги ҳеч қачон ажралолмаймиз деб ўйлаган юклардан қутқаради.

Аммо элак кўзидан ўтмай қолган нарсаларга маҳкам ёпишганлар ҳам борки, қанча силталанмасин, улардан ажралишолмайди. Натижада кераксизлар билан бирга чиқитга улоқтирилишади, зое бўлиб кетишади. Агар кишини гуноҳу хатолардан, кибр, кин, ҳасад, бахиллик каби одатлардан Рамазон ҳам қутқаролмаса, элак кўзидан ўтмай, кераксизга чиқарилганлар орасида топади ўзини, Аллоҳ сақласин!

Келинг, Раббимиз бу муборак ойда бизга буюрган амаллар моҳиятига боқайлик.

Рамазон, энг олдин, рўза мавсуми.

Ҳеч бир ота-она боласининг оч қолишини истамайди. Улар хоҳлаган нарсаларни едиришга ҳаракат қилади. Бу – ота-онага Аллоҳ таоло ато этган марҳамат, шафқат намоёни. Шундай бўлгач, марҳаматлиларнинг марҳаматлиси бўлган Зот биз қулларини кунлар давомида ейиш-ичиш каби нафсимизга хуш келадиган нарсалардан тийиб юришга буюриши бежиз эмас. Чунки рўза фақат бизнинг яхшилигимиз, фойдамиз учун.

«Очликнинг инсонга қандай фойдалари бор?» деган савол жавобини шифокорларга қолдирайлик-да, маънавий фойдаларига тўхталайлик. Рўза билан одам очлик нима эканини билади. Ўзи бир кунгина чеккан очлик, ташналик азобини бир умр тортиб яшаган, яшаётганлар аҳволини тушунади, кўнглида шафқат, марҳамат уйғонади. Ҳеч бўлмаса дуолари билан уларга кўмак беришга шошилади. Овқат ейишга кетадиган вақтини, қувватини яна-да яхши нарсаларга сарфлайди. Хаёллари, туй¬ғулари теранлашади, бадани дам олади, руҳияти юксалади.

Рамазон – Қуръон мавсуми. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Жаброил (а.с.) билан юзма-юз ўтириб, ўша пайтга қадар нозил бўлган оятларни ўқиб берганлар. Вафот этадиган йилларида эса бу ҳолат икки марта такрорланган. Демак, Рамазон Қуръони карим нозил бўла бошлаган, такрор-такрор ўқилган, тингланган, ёд олинган ой. Бу муддатни Қуръоннинг фақат арабчасини эмас, балки тафсирларини ўқиб, маъноларини тушуниш мавсуми сифатида қадрлай олсак, не бахт!

Рамазон – инфоқ ойи. Закот, фидя ва фитр садақалари билан яна-да файзланган ой бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам дилига қувонч бахш этади. Муҳтожлар ўзлари орзу қилган моддий имконларга етишса, бойлар зиммаларидаги бурчни адо этиш билан хушнуд бўлишади.

Рамазон – намоз ойи. Таҳажжудлар, саҳарларда ўзгача хушуъ билан ўқилган бомдодлар, беш вақт намозни масжидларда адо этишга қилинган ҳаракатлар ва оқшомнинг таровиҳ билан файзга тўлиши... Қазо, нафл намозлари...

Рамазон – силаи раҳм ойи. Қўшни ва қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, кишилар бир-бирларининг ҳолидан ҳар дамгидан ҳам кўпроқ хабар оладиган мавсум.

Рамазон – савоби мақбул ҳажга тенг бўлган умра ойи. Каъба билан, Макка ва Мадина билан юзлашиб, дилдаги Саодат асри соғинчлари тафтини бир оз бўлса-да босиш фурсати. Тутилган рўза, қилинган барча ибодатлар муборак маконлар василаси билан яна-да барокатланадиган палла.

Рамазон – шайтонлар занжирбанд қилиниб, нафслар эзилган, руҳлар парвозга шайланган, кўнгиллар юмшаб, шафқатга тўлган – илоҳий раҳмат ёмғирлари ҳар жой, ҳар дилни обод қилган ой.

Ва яна Рамазон ичида минг ойдан хайрли экани хабари берилган кеча – Қадр бор. Яъни, бу кечани топган, қимматига муносиб тарзда кутиб, кузатган инсон бутун умрини ибодат билан ўтказганга тенг демак!

Балки бу сўнгги Рамазондир биз учун. Шундай бўлгач, сўкилганларимизни бутлайлик, синдирганларимизни таъмир этайлик, бузганларимизни тиклайлик. То қабрга киргунимизча тақиб қиладиган, у ерда ҳам бизни ҳисоби билан чарчатадиган, ўзи эса ортимиздагилар билан бирга қоладиган моддий юкларимизни маънавийларига алмаштирайлик. Фаришталарнинг бу муддат ичра тонгга қадар «Аллоҳу каримдан ҳожатини истаганлар борми? Борми Меҳрибон Зотдан саломатлик, шифо сўраган? Кечирилиш, афв этилиш тилаганлар борми?» деган нидоларига «лаббай» дея жавоб берайлик.

Бу муборак ойни шундай кутиб, шундай кузатайликки, Рамазон элагидан қалбу жисмимиз-ла тоза, соф ҳолатда ўтиш барчамизга насиб қилсин! 

Зумрад Фозилжон қизи

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

​313 та ҳаётий зийнат қоида (3-қисм)

18.08.2025   2471   37 min.
​313 та ҳаётий зийнат қоида (3-қисм)

313 та ҳаётий ЗИЙНАТ қоида

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(3-қисм)

201)            Севимли касб – меҳнатнинг зийнати.

202)            Қайғу – сабр ва синовнинг зийнати.

203)            Хурсанд юз – дўстлик аломатининг зийнати.

204)            Хатолардан сабоқ олиш – тажрибанинг зийнати.

205)            Иноят – тақдирнинг зийнати.

206)            Ёшлик – умиднинг зийнати.

207)            Кексалик – ҳаёт мактабининг зийнати.

208)            Кечиримлилик – бағрикенгликнинг зийнати.

209)            Тозалик – руҳий соғликнинг зийнати.

210)            Фидокорлик – юрт севгисининг зийнати.

211)            Илмий изланиш – тараққиётнинг зийнати.

212)            Яхши тилак тилаш – дўстона муносабатнинг зийнати.

213)            Яхши ният – қалб софлигининг зийнати.

214)            Кузатувчанлик – илм эшигининг зийнати.

215)            Фикрлаш – инсоннинг ақлий бойлигининг зийнати.

216)            Жимлик – суҳбатнинг зарур зийнати.

217)            Улуғ мақсад – ҳаракатнинг зийнати.

218)            Мулоқот – инсоний муносабатларнинг зийнати.

219)            Устозга садоқат – камоли илмнинг зийнати.

220)            Ҳақгўйлик – виждоннинг зийнати.

221)            Матонат – синовда пишган инсоннинг зийнати.

222)            Таомда тўқнашмаслик – одобнинг зийнати.

223)            Севги билан қилинган меҳнат – бараканинг зийнати.

224)            Ватан хизмати – фидойининг зийнати.

225)            Соғлом тан – тиниқ фикрнинг зийнати.

226)            Халқ билан яқинлик – раҳбарнинг зийнати.

227)            Ташаббус – етакчиликнинг зийнати.

228)            Қалб олами – инсон ички дунёси зийнати.

229)            Қаноатли кўз – дунёвий тинчликнинг зийнати.

230)            Байрам – жамоанинг зийнати.

231)            Илмли муҳокама – мажлиснинг зийнати.

232)            Ҳар бир инсон – оиласининг зийнати.

233)            Болаларнинг кулгиси – хонадоннинг зийнати.

234)            Ҳақиқатни ҳимоя қилиш – журъатнинг зийнати.

235)            Тинчлик учун ҳаракат – ватанпарварнинг зийнати.

236)            Ҳарф – билим эшигининг зийнати.

237)            Хурсандчилик – байрамнинг зийнати.

238)            Эзгу ният – ҳар бир қадамнинг зийнати.

239)            Қатъият – раҳбарликнинг зийнати.

240)            Дилдаги хушнудлик – руҳнинг зийнати.

241)            Орзу – ҳаракатнинг зийнати.

242)            Сафо – кўнгилнинг зийнати.

243)            Ҳур фикр билдириш – инсон эркинлигининг зийнати.

244)            Соддалик – қалб софлигининг зийнати.

245)            Ташаббускорлик – ишбилармоннинг зийнати.

246)            Масъулият – ишончли инсоннинг зийнати.

247)            Қарзни ўз вақтида тўлаш – ҳалолликнинг зийнати.

248)            Севимли ўқувчи – устознинг зийнати.

249)            Яхши китоб – вақтнинг зийнати.

250)            Хизмат – хизматдўст қалбнинг зийнати.

251)            Тил – миллатнинг зийнати.

252)            Соғлом турмуш – оиланинг зийнати.

253)            Таътил – чарчоқнинг зийнати.

254)            Табиат – Яратганнинг неъматларини зийнати.

255)            Савоб – яшашнинг зийнати.

256)            Йўлдошлик – сафарнинг зийнати.

257)            Тинчликсеварлик – фуқаролик бурчининг зийнати.

258)            Яхши хотира – узоқ умрнинг зийнати.

259)            Жасорат – қаҳрамонликнинг зийнати.

260)            Буюк мақсад – ҳаёт йўлчироғининг зийнати.

261)            Қувончли кун – одамзотининг зийнати.

262)            Тиббиёт – соғликнинг зийнати.

263)            Ижобий фикр – муваффақият калитининг зийнати.

264)            Барчага яхшилик қилиш – инсонлик бурчининг зийнати.

265)            Таъм – таомнинг зийнати.

266)            Бадиий сўз – шеърнинг зийнати.

267)            Куч – ҳимоянинг зийнати.

268)            Ишонч – дўстликни боғловчи зийнат.

269)            Ҳуқуқ – адолатнинг зийнати.

270)            Улуғ мақсад – ватанни севишнинг зийнати.

271)            Огоҳлик – хавфсизликнинг зийнати.

272)            Хотира кечаси – муҳаббатнинг зийнати.

273)            Шеър – қалб товушининг зийнати.

274)            Меҳрибон устоз – илмнинг равнақи ва зийнати.

275)            Яхши феъл – инсофнинг зийнати.

276)            Гўзал манзара – табиат ҳикмати зийнати.

277)            Кулиш – кўнгилнинг зийнати.

278)            Таъминлаш – оиланинг зийнати.

279)            Ёши улуғлар маслаҳати – ҳаёт йўлининг зийнати.

280)            Дунёқараш – тафаккурнинг зийнати.

281)            Қалб софлиги – ҳаётда барака зийнати.

282)            Тежамкорлик – бараканинг зийнати.

283)            Кутубхона – илм оламининг зийнати.

284)            Дастурхон дуоси – файзнинг зийнати.

285)            Хушкечлик – уйқунинг зийнати.

286)            Яхши ёд – дўстлик хотирасининг зийнати.

287)            Саломатлик – барча неъматларнинг зийнати.

288)            Гўзал ният – ҳаёт баракасининг зийнати.

289)            Ҳиммат – эзгуликка интилишнинг зийнати.

290)            Юрт ҳимояси – ҳарбийнинг зийнати.

291)            Маслаҳат – қарорнинг зийнати.

292)            Фойдали суҳбат – вақтнинг зийнати.

293)            Қониқарли сўз – суҳбатнинг зийнати.

294)            Ёши катталарга эътибор – миллат маданиятининг зийнати.

295)            Орият – иффатнинг зийнати.

296)            Самарадорлик – меҳнат натижасининг зийнати.

297)            Қалб ичидаги поклик – руҳият зийнати.

298)            Уйғунлик – оила бахтининг зийнати.

299)            Ҳақиқий дўст – ҳаёт тажрибасининг зийнати.

300)            Яхши ният билан бошланган иш – бараканинг зийнати.

301)            Саховат – бойликнинг ҳақиқий зийнати.

302)            Ҳамдардлик – инсоний алоқанинг зийнати.

303)            Ёмонликдан қайтиш – тавбанинг зийнати.

304)            Ёмонликка жавоб бермаслик – ақлнинг зийнати.

305)            Яхши тилак – дуо эшигининг зийнати.

306)            Меҳр билан етиштирилган дарахт – боғнинг зийнати.

307)            Ибратли ҳаёт – келажак авлоднинг зийнати.

308)            Хайрия – қалб сахийлигининг зийнати.

309)            Соҳибжамоллик – одоб билан келган зийнат.

310)            Дунёга яхши қараш – онг равшанлигининг зийнати.

311)            Яхши хулқ – мусулмоннинг зийнати.

312)            Камгаплик – аҳли дониш, ақлли инсоннинг зийнати.

313)            Дуо олган инсон – ҳаётнинг энг катта зийнати.

Чегараси йўқ) ...

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган,

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов

 

Мақолалар