بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Жонажон диёримизга муборак Рамазон ойи кириб келди. Бу ой – саодат асридан буён мусулмонлар томонидан алоҳида аҳамият билан кутиб олинадиган ойдир.
Бизни мусулмонлардан қилиб яратган ҳамда доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Рамазон рўзаси қибла Маккага ўзгарган йили, яъни, ҳижратнинг иккинчи йили, Шаъбон ойининг 18-куни фарз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 9 йил фарз рўзасини тутганлар.
Рамазон ойида Қуръон нозил бўлган, бу эса Рамазон ойининг фазилатларини янада зиёда қилади. Рўза инсоннинг соғлигига шифо бўлса, Қуръон унинг руҳиятига шифодир. Бу ой мусулмон киши учун тарбия, меҳр-шафқат ойидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутганларнинг гуноҳлари мағфират қилиниши ҳақида марҳамат қилганлар:

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда имон ила савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда имон ила савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қадр”да имон ила савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Мусулмон кишининг йил давомида адо этиб юрган намоз, садақа ва шу каби яхши амаллари бандалик билан содир этилган гуноҳларини кетказиб туради. Аммо булардан ҳам ортиб қолган гуноҳлари бўлса, у гуноҳлар Рамазон билан кетказилади.
Рамазон ойи келганида Пайғамбаримизнинг (с.а.в) саховатлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам жанобнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Чунки бу амаллар, айниқса, ушбу муборак ойда кўп савоб бўладиган ишлардир.
Муҳтарам жамоат! Инсон гуноҳлардан холи эмас. Гуноҳлар мусулмон киши учун худди баданга етган заҳар кабидир. Заҳарланган танага заҳарни кетказувчи восита қанчалик муҳим бўлса, мусулмон кишига ҳам гуноҳларини ювиш учун Рамазон рўзаси шунчалик муҳимдир.
Агар гуноҳнинг зарарларига назар ташлайдиган бўлсак, инсоният оламидаги энг катта ҳалокату хорликларнинг барчаси гуноҳ-маъсиятлар сабабидан юзага келганига гувоҳ бўламиз:
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ-маъсият сабабли ғарқ бўлган.
Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ-маъсият сабабли шамол довул билан ҳалок бўлган.
Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми гуноҳ-маъсият сабабли чақмоқ билан ҳалок бўлган.
Ҳа, ўтган қавмларнинг барчасини ҳалокатга учратган нарса уларнинг қилган гуноҳ-маъсиятларидир.
Ушбу ой ана шундай ҳалокатга олиб борадиган гуноҳ-маъсиятлардан қутилишга сабаб бўладиган ойдир. Гуноҳнинг мўмин қалбига қандай таъсир қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса, қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади. Бу Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган “Рон”дир: “Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир”[1], дедилар”. Байҳақий "Шуъабул имон"да ривоят қилган.
Демак, бу ой тавба қилишга, истиғфор айтишга, савобларни кўпайтиришга ва қалбларимизни сайқаллашга энг яхши фурсатдир. Бошқача қилиб айтганда, бу ой ибодат мавсумидир.

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва исёнкор жинлар занжирбанд қилинади, дўзах эшиклари ёпиб қўйилади ва улардан бирортаси ҳам очилмайди, жаннат эшиклари очиб юборилади ва улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талаб қилувчи, ҳаракат қилиб қол! эй ёмонликка интилувчи, тийилгин!”, дея нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган кўплаб бандалари бўлади. Ўша (нидо) ҳар кечада бўлади”, дедилар. Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.
Муҳтарам жамоат! Кундузлари рўзадорлик ва кечалари тоат-ибодатлар билан ўтадиган бу муборак ойнинг фазли, меҳр мурувват ва яхшилик қилиш ойи экани ҳамда унда қилинадиган ҳар қандай яхшиликлар, меҳру оқибатлар, эҳсону садақотлар, зикр ва дуолар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: “Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир.
Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қилади: “Юсуф алайҳиссаломга: “Ер хазиналари қўлингизда бўла туриб оч юрасиз-а” дейишди. У зот: Қорнимни тўқ тутсам, очларни унутиб қўяман, деб қўрқаман” дедилар.
Муҳтарам жамаот! Бу ой рўза ва тақво ойидир. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ислом умматига фарз этгани ва бу муборак ой шарофати билан рўзадор киши тақвога эришиши хабарини қуйидаги оятида баён этади:

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183-оят)
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй инсонлар” деб эмас, балки “Эй имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобдан: “Эй, менга имон келтириб, мени рози қилишни истаган бандаларим, сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно тушунилади.
Қуръони каримда мўмин бандаларга буйруқ тариқасида бўлсин, ёки бошқа кўринишда бўлсин, хитоб бўлар экан, албатта бу нарсада мўмин бандаларга фойда бордир. Бу нарса кўп тажрибаларда кузатилган.
Ўз навбатида мўмин бандалар ҳам ушбу буйруқларни севиниб, чин кўнгилдан қабул қилишади, агарчи унда машаққат бўлса ҳам, амал қиладилар. Чунки бу Парвардигорнинг буйруғидир. Шу билан бирга рўза тутишнинг ўтган бошқа умматларга ҳам фарз бўлгани мусулмонлар учун тасалли ва машаққатни кўтаришга далдадир.
Рўза инсон тарбияси учун муҳим дастур ҳисобланади. Яъни, рўза сабабидан ҳаёт тарзимизни тўғрилаб, нафсимизни жиловлаб оламиз. Бунинг натижасида эса маъсиятлардан узоқлашамиз. Аслида маъсиятлар нафснинг бирор нарсага кучли хоҳишидан келиб чиқади. Рўза айнан ана шу нафснинг кучли хоҳишини ҳамда унинг жасадга бўладиган ҳукмронлигини сусайтиради.
Бу ойда қилган хайру саҳоватимиз, оила, қавму қариндош, қўни қўшниларга кўрсатган меҳрибончилигимиз ва холис қилган дуоларимизнинг ажру мукофотлари, иншоаллоҳ катта бўлади. Бу билан инсон шаръий истиқомат неъматининг ҳаловатини топади. Натижада, Рамазондан кейин ҳам бу ҳаловатни қўлдан бермасликка уринадиган бўлиб қолади. Ана шу ўринда рамазоннинг ҳикмати намоён бўлади. Аслида, мусулмон кишидан нафақат Рамазонда истиқоматда бўлиш, балки бутун ҳаёти давомида истиқоматда бўлиш талаб қилинган. Ушбу Рамазон ойи эса бандага ҳаётининг барча лаҳзаларида истиқоматда бўлишни ўрганиши учун малака ҳосил қиладиган вақт ҳисобланади.
Рамазон ойининг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир.
Ҳадиси шарифда: “Кимики бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўза савоби берилур”, - дейилган (Термизий ривояти). Лекин бу ҳадиси шарифда рўзани тутиб олиб, ифторликка озуқа топа олмайдиган рўзадорлар кўзда тутилган. Бизда эса, одатда ифторликларга ўзига тўқ, бой одамлар таклиф қилинади. Бунинг устига ўз уйида ихчам қилиб ўтказиш ўрнига кафе ва тўйхоналарда худди шодиёна тўй маросимлари шаклида ўтказилиши диний таълимот чегарасидан чиқиб кетишга олиб келмоқда. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг: “Еб-ичинглар, лекин исроф қилманглар!”, - деган буйруғига хилоф равишда одатга айланиб бораётган мазкур тадбирларга ўз вақтида чек қўйиш учун Рамазон ойида ифторлик маросимларини исрофгарчиликка йўл қўймасдан, хонадонларда ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Муҳтарам жамоат! Бу ойнинг ҳар дақиқасини ғанимат билайлик. Айниқса саҳарлик, ифторлик, тунги вақтлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилишни тавсия қилиб шундай деганлар:

Яъни, Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарликларда барака бордир” дедилар. (Имом Муслим ривояти).
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилиш ҳақида шундай деганлар:

Яъни, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар мадомики, ифторликни ўз вақтидан кечиктирмай қилар эканлар, доимий яхшиликда бўлишади” дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло кириб келаётган Рамазон ойини барча юртдошларимизга муборак қилсин! Ватанимизни тинч-омон қилсин! Бу ойдан гуноҳлари мағфират қилинган бандалардан бўлиб чиқмоқликни барчамизга насиб айласин! Омин!
[1] Мутоффифийн сураси 14-оят.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси