frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт

18.05.2017   11846   5 min.
Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт

 وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا

Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” – дейдиган кишилардир.

Бу ояти карима Фурқон сурасининг охирида келган Раҳмоннинг бандалари бўлмиш чин мўминларнинг энг гўзал сифатларининг баёни қаторида зикр этилгандир. Яъни, бу дуо Меҳрибон зотнинг суюкли бандалари қиладиган дуоларидан биридир. Бу дуонинг мўмин киши учун аҳамияти жуда ҳам катта бўлганлигидан, Аллоҳ таоло бандаларига буни ўргатмоқда.

Дуонинг маъносига бирма бир эътибор бериб чиқайлик. “Парвардигоро, хотинларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт”. Яъни, хотинларимизни бизлар учун дунё ва охиратда бахту саодат манбаи қилгин. Зеро, яхши хотин эрининг дунёвий ишларида ҳам, ухровий ишларида ҳам кўмакдош бўлади. Бу дунёнинг ташвишларини енгишда эрига сабру қаноат тилайди, унинг кўнглини кўтариб, далда бўлади. Эри юмушдан хориб, чарчаб келганда очиқ чеҳра билан кутиб олади, ором олиши учун жой ҳозирлайди, уй-рўзғор ишларини саранжом-саришта тутади. Имкони борича эрининг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Бундай аёл эса, ҳақиқий солиҳа, эркак учун Аллоҳ таолонинг катта неъматидир. Дуода бу нарсани сўралишининг аҳамияти шундаки, эркак киши учун дунёда солиҳа жуфту ҳалолдан кўра яхши неъматнинг ўзи йўқ. Буюк ватандошимиз Муҳаммад ибн Али Ал-Ҳаким Ат-Термизий ўзларининг “Наводирул усул фи аҳодисир росул” номли китобларининг “Бир юз қирқ биринчи асл – Қандай аёлни яхши аёл дейилиши ҳақида” деган бўлимида қуйидаги ҳадиси муборакларни келтирадилар:

قال {صلى الله عليه وسلم} الدنيا متاع و خير متاعها المرأة الصالحة و قال {صلى الله عليه وسلم} خير ما أعطي العبد من الدنيا زوجة مؤمنة تعينه على إيمانه و قال لقمان عليه السلام مثل المرأة الصالحة مثل التاج على رأس الملك و مثل المرأة السوء كمثل الحمل الثقيل على ظهر الشيخ الكبير

яъни: Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Дунё матодир, унинг матолари ичида энг яхшиси солиҳа хотиндир”. Яна, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бандага дунёда берилган нарсалар ичида энг яхшиси унинг имонини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган мўмина хотиндир”. Луқмон а.с. дедилар: Солиҳа аёл бамисоли подшоҳнинг бошидаги тождир. Ёмон аёл бамисоли мункиллаган чолнинг устига ортилган оғир юкдир.

Дуонинг кейинги қисми: “Парвардигоро, зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт”. Дарҳақиқат, ота учун фарзандидан етадиган яхшиликдан ортиқ хурсандчилик йўқ. Ҳар бир ота фарзандининг одобли, илмли, ҳаётда омадли, Аллоҳ таолога итоат ва ибодатли бўлишини истайди. Эҳтимол, инсон ўзгаларнинг ундан қайсидир соҳаларда ўзиб кетишига хасад қилиши, ғайрлик қилиши мумкин. Аммо, ўз фарзандини ўзидан ҳар қанча илғорлаб кетишидан ота фақат ҳурсанд бўлади. Балки,  эриша олмаган марралари, қўлга кирита олмай армон бўлиб қолган орзуларига фарзандининг эришганини кўрган ота ўзини энг бахтли инсон деб билади.

Мазкур дуодаги “кўз қувончи” деб таржима қилинган (қурроту айн) жумласига эътибор берайлик. Айн сўзи араб тилида кўз демакдир. Қурротун сўзи эса бир нечта маъноларда келади. Масалан, бир жойда собит турмоқ, қарор топмоқ маъносида келса, бошқа жойда хурсандчилик, сурур деган маъноларни, яна бир жойда совуқ маъносини англатади. Энди кўзнинг тузилишига эътибор қаратадиган бўлсак, унда илоҳий мўжизанинг гувоҳи бўламиз. Кўз инсон танасидаги энг нозик аъзо бўлганлиги учун Аллоҳ таоло уни ташқи таъсирлардан ҳимоялаб иҳота қилиб қўйган. Инсоннинг мўътадил тана ҳарорати 36.6ْ С бўлгани ҳолда кўзнинг ҳарорати 9ْС даражани ташкил этар экан. Тана ҳароратининг мўътадил ҳолатидан қўтарилиши тананинг дардманд эканлигига далолат қилса, кўз ҳароратининг кўтарилиши унинг маҳзунлиги аломати экан. Шунинг учун ҳам хурсанд кишининг кўзидан оққан ёш совуқ бўлиб, ҳафалигидан йиғлаган кўзнинг ёши қайноқ бўлар экан. Демак, кўзнинг совуқлик даражаси ўзгармай собит туриши ўша кўзнинг қувончли нарсаларни кўришининг самараси экан. Энди оятнинг маъносига қайтадиган бўлсак, дуода “Парвардигоро, бизларга хотинларимизни эрга итоатли ва болаларимизни аҳли солиҳ эканликларини кўриш билан кўзларимиз қувончга тўлишини ато этгин”, дейилмоқда.

Дуонинг сўнгида, “бизларни тақводорларга пешво қилгин!”, дейилмоқда. Пешво дегани имом деганидир. Имом эса одамларни ортидан эргаштирувчи кишидир. Ким кимга эргашса, демак эргашилаётган кимса унинг имоми ҳисобланади. Имом аслида одамларни яхшиликка бошлайди, фақат яхшилик борасида ўзгаларга ибрат ва намуна бўлади. Қиёмат кунида одамлар дунёда кимга эргашган бўлсалар ўшалар билан бирга чақириладилар, дейилади бир ояти каримада. Шунга кўра мазкур дуода бизларни одамларга фақат яхшиликда ибрат ва намуна бўладиган пешволардан қилгин, одамларга ёмонликни ўргатадиган, ўзгаларга ёвузликда намуна бўладиганлардан қилмагин, дейилмоқда.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу дуода сўралганларга ноил айласин. Омин!

Ҳомиджон Ишматбеков

 

 

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ахборот тарқатиш ва журналистнинг 6 одоби

27.06.2024   7915   2 min.
Ахборот тарқатиш ва журналистнинг 6 одоби

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим. 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).

 

Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).

 

Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).

Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.

 

Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.

Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.

Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.

 

Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар