Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби, спорт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қанчадан-қанча спорт иншоотлари, футбол майдонлари, сув ҳавзалари қурилди, таъмирталаблари замонавий шароитларга асосида қайта таъмирланди. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган юртимиз спортчилари нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақаларда нуфузли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Дунёнинг нуфузли спорт ареналарида мамлакатимиз байроғини виқор билан ҳилпирашига, давлат мадҳиясини баралла янграшига сабабчи бўлишмоқда. Албатта, бу қалбида ватан туйғуси бор ҳар қандай инсонга фахр, ифтихор туйғусини алангалатади.
Ёшларимизни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида, бир неча йиллардан буён, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Бу йилги “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларининг якуний босқичи жорий йилнинг 17-18 май кунлари Қорақалпоғистон республикасида жойлашган “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб ўтади. Бугун ушбу спорт мусобоқасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, мусобақалар шахмат, стол тенниси, тош кўтариш ва миллий кураш йўналишлари бўйича бўлиб ўтади. Мусобақа 18 май куни ўз якунига етади.
Мусобақа тафсилотларини порталимизда кузатиб боринг.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД