بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўллар билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан четланиш ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик шартдир.
Ислом дини доимо адолатли бўлишга ва ўзганинг ҳаққини ноҳақлик билан емасликка буюради.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
Яъни, «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”. (Нисо сураси, 29 оят)
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, товламачилик ва бошқалар киради.
Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан «Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно», деб истисно қилинмокда. Чунки, тижорат — ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида воситачи бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон бўлади. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради.
Оятнинг давомида «Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз!» — демокда.
Сиртдан қараган одам, бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида нима алоқа бор, дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Жумладан, мазкур ботил йўл билан мол емоқ ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.
«Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир».
Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, катта машаққатда қолган бўлар эдингиз.
وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا
Яъни, «Кимда-ким шу (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, Биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир». (Нисо сураси 30-оят).
Демак, ким мазкур ишни тажовузкорлик (яъни, ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни, қилишдан тап тортмай) қилса, охиратда дўзахга киритилади. Аммо, бу билан, банда ноумид бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, азоби катта бўлиши билан бирга, марҳамати ҳам кенг, раҳм-шафқати чексиз Зотдир. Агар бандалар ўзларини ўнгласалар, уларнинг гуноҳларини ўтиши муқаррар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида «Мўминларнинг молини ноҳақ ўзлаштирадиган кишилар Қиёмат кунида дўзахга тушурлар», деб марҳамат қилганларини яхши биламиз.
Нақл қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборакдек буюк олим ўз она юрти Марвда бўлган пайтларида бировдан бир қалам олдилар. Орадан вақт ўтиб Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдан Шомга бордилар. Шомга боргач бояги қалам ҳаёлларига келиб, дарҳол ортларига қайтиб, қаламни эгасига топширган эканлар.
Муҳтарам биродорлар! Мўмин-мусулмонлар ўртасида молиявий муносабатлар, иқтисодий муомалотлар одобига амал қилинмаса, адолат билан иш тутилмаса, жамиятда ўзаро ишончсизлик, зулмкорлик, ҳақсизлик ва ихтилоф-зиддиятлар юзага келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:
" مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنَّا " (رواه الترمذى)
Яъни, «Кимки ҳиёнат қилса бизлардан эмас» – дедилар. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ
Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бойнинг (зиммасидаги қарз ёки ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар».
Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир.
Ушбу тушунча унутилган жамиятларда бойлар, имкони бор одамлар бировнинг ҳақини бермай юриши кенг тарқалган.
وَلِلنَّسَائِيِّ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ رَجُلاً قُتِلَ فِي سَبِيلِ اللهِ ثُمَّ أُحْيِيَ ثُمَّ قُتِلَ ثُمَّ أُحْيِيَ ثُمَّ قُتِلَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ مَا دَخَلَ الْجَنَّةَ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ دَيْنُهُ.
Яъни, Насаий қилган ривоятда: «Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.
Муҳтарам намозхонлар! Бировнинг молини ейиш деганда фақатгина шахслараро деб тушунилмаслиги керак.
Кундалик эҳтиёжимиз учун фойдаланадиганимиз табиий газ, электр токи, сувни олиб кўрайлик. Одатда бу неъматлар бизнинг хонадонимизга етиб келгунича қанчадан-қанча ҳаражатлар қилинади. Қолаверса, уларни доимий бўлишини таъминлан учун ҳам миллионлаб маблағлар сарфланади. Сарф қилинган маблағлар ўз жойига қўйилмаса, бутун халқ мазкур неъматлардан фойдаланиши тўхтайди. Бунинг учун эса икки томонлама шартномалар тузилади. Яъни таъминловчи ва истеъмолчи ўртасида. Тузилган шартнома шаръан бажарилиши шарт.
Шундан келиб чиқиб агар истеъмолчи ишлатган нарсасини ҳаққини тўламаса, нафақат таъминловчи ташкилотни балки, халқнинг мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштирган бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишлатилаётган нарсаларга уларни ҳисоблагичлар ўрнатилаган. Демак ҳисоблагичда кўрсатилган рақамларга қараб, ишлатилган газ, ток, сувларнинг нархлари чиқарилар экан, бунинг бирор чақасига ҳам хиёнат қилмасдан тўлаш лозимдир. Акс ҳолда кимлардир ўзининг мавқеи, мансаби ёки яна қандайдир имтиёзларидан фойдаланиб ёки муттаҳамлик қилиб истеъмол қилинган газ, сув, иссиқлик ва электр қуввати ҳаққини ўз вақтида тўламаса, аввало, халқнинг ризқини қийилишига, баракани кўтарилишига ва ҳаттоки маълум бир минтақаларни газ, ток, ва сувсиз қолишига сабабчи бўлади. Қолаверса, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам жавоб беради.
Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Бунда истеъмолчилар ўзлари тўлаши керак бўлган маблағларни тўлиғича тўлайди, лекин таъминловчиларнинг ташкилот аъзоларидан баъзи бирлари ўзининг вазифасини суиистеъмол қилиб, тўланаётган маблағларни маълум қисмини керакли жойга етказмасдан ўзининг ҳамёнига уради. Ёки бир маҳалладаги баъзи бир кимсалар уй-жойлари кенг ва катта бўлганлиги туфайли газ ва ток ва сувларни ҳисоб-китобсиз даражада ишлатади ва исроф қилади. Тўловга келганда эса ундан бош тортишга ҳаракат қилади.
Бу каби ноҳақликлардан узоқда бўлиб, давлат олдидаги зиммамизда турган тўлов ва солиқларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилайлик.
Аллоҳ таоло ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳалоллик ва покликка риоя қилиб яшамоғимизга муваффақ айласин. Омийн!
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси