1944 йили Фарғона туманида туғилган. Ўрта мактабни битирганидан сўнг ҳарбий хизматга чақирилди. Кейин Олтиариқ тумани, Марғилон шаҳридаги турли идораларда хизмат қилди. 1975–79-йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳадида таҳсил олди. Олий маъҳадни битиргач, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида масъул котиб бўлди. 1980–81-йиллари Судан Республикаси Ислом университетида таҳсилни давом эттирди. 1982–2006 йиллари диний идора Фатво бўлими мудири, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.
Шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” қайта-қайта нашр қилинди. Устоз “Саҳиҳи Бухорий”ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида тузилган диний адабиётлар нашри бўйича махсус ҳайъат раисидир.
Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати аъзоси. Кўплаб мақолалар, китоблар муаллифидир.
Хабар берганимиздек, бугун Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Мотуридий таълимоти билимдони” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларидаги саралашдан ўтган талабалар иштирок этмоқда.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Беллашув Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва уни тарғиб қилишга қаратилган. Иштирокчилар мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари ва ақидавий ечимлари бўйича ўз билимларини намоён этишмоқда.
Бу мусобақа — илм, маърифат ва соф эътиқодни мустаҳкамловчи муҳим воқелик!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати