Бўлим мудири Раҳимберди Раҳмонов
Қабул вақтлари |
Душанбадан Жумагача |
Телефон рақами |
+99871 150-64-12 |
Электрон почта |
Ушбу бўлим мамлакатимиздаги масжидлар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш, уларнинг эски биноларини таъмирлаш, янгиларини қуриш, масжидларни давлат рўхатидан ўтказиш каби масалалар билан шуғулланади. Мустақилликдан олдин бор-йўғи 84 тага яқин масжид бўлган мамлакатимизда ҳозир 2000 дан зиёд жоме ишлаб турибди. Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш ва тажрибасини бойитиш, қайта тайёрлаш учун махсус ўқув курслари ташкил этиш, масжидларга олий ва ўрта махсус маълумотли, иқтидорли кадрларни жалб этиш бўлимнинг асосий вазифаларидир. Бўлим масжидларнинг жойлардаги маҳалла, мактаб, маърифат-маънавият марказлари билан алоқасини йўлга қўйиш каби масалалар билан ҳам шуғулланади. Ёшларнинг маънавий тарбияси, муҳтож, кам таъминланган оилаларга, ногиронларга масжидлар орқали хайрия ёрдамлари каби ишларга ҳисса қўшади.
Бўлим ҳар йили Рамазон ойида масжидларда диёримиз қориларини жалб қилган ҳолда, Қуръони карим хатмларини ташкил этмоқда. Кейинги йилларда республика бўйича 600–700 дан зиёд, Тошкент шаҳрида 100 га яқин масжидда Қуръони карим хатм қилинмоқда. «Йил имоми» кўрик-танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Масжидлар билан ишлаш бўлимини турли йилларда Юсуфхон Шокиров, Абдуғани Абдуллаев, Салоҳиддин Муҳиддинов, Фозил қори Собиров, Фозилжон Убайдуллаев, Абдулазиз Мансур, Абдуғани Исмоилов, Ҳомиджон Ишматбеков, Муҳаммадназар Қаюмов бошқаришган. Ҳозир бўлимга Раҳимберди Раҳмонов раҳбарлик қиляпти.
Бўлимда Исҳоқжон Бегматов, Музаффар Камолов ҳамда Сарвар Муҳаммадиевлар фаолият олиб борадилар.
Бўлим фаолиятидан фотолавҳалар:
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати