Қадим замонда бир овчи бўлган экан. У бир куни айиқ боласин топиб олибди ва парваришлай бошлабди. Айиқ кундан-кунга ўсиб, унга ўргана бошлабди. Овчи қаерга борса, уни ўзи билан олиб юрар экан. Одамлар унга эҳтиёт бўлишни тайинлаб, бу қилаётган иши хато эканини айтишибди. Лекин овчи уларга: "Бу айиқ менга одамдан ҳам яхши дўст, у мени ҳар жойда қўриқлайди", деб жавоб берибди. Бир куни улар бирга ов қилиб юришганда овчи чарчабди ва бир дарахт соясида бироз мизғиб дам олмоқчи бўлибди. Айиқ эса ҳар доимгидек уни қўриқлай бошлабди. Шу пайт бир пашша учиб келиб овчига қўнибди. Айиқ уни ҳайдабди. Пашша айланиб яна қўнибди. Айиқ яна ҳайдабди. Бу ҳол бир неча маротаба такрорланиб, айиқнинг жаҳли чиқибди. Катта бир тошни олиб, овчига қўниб турган пашшага отибди. Пашша учиб кетибди, овчи эса тил тортмай ўлибди.
Дўст танлашда ўйлаб иш қилинг. Ота-боболаримиз "Аҳмоқ дўстдан ақлли душман яхши", деб бежиз айтишмаган.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати