Аббос Инъом Хўжа ҳижрий 1307 (1889) йили Қўқонда туғилган. 15 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. 16 ёшида Бухорога бориб “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирган. Мадрасада ҳанафий фиқҳи, тафсир, мантиқ, фалсафа ва бошқа бир неча фанларни пухта ўзлаштирган. Бухорода бир неча йил истиқомат қилган. Сўнг Самарқандга келиб “Хуртнақ” деган жойда яшаб Бухорода олган илмларини такрорлаган. Кейин Афғонистонга ўтиб Пешавор шаҳрига борган. Ўша вақтда 30 ёшда бўлган. Илмини янада ошириш мақсадида Ҳиндистонга сафар қилган. У ердаги мадрасаларнинг бирига ўқишга кириб ўқишни давом эттирган. У ерда ҳам 5 йил яшаганидан кейин Девбанддаги университетга ўқишга кириб икки йил таълим олган. Сўнг “Аҳмир” шаҳридаги бир масжидда имомлик қилиб, Қуръони каримдан уч йил дарс берган.
Иккинчи жаҳон уруши, бошланган кезларда Ҳиндистондан Бағдодга сафар қилган. У ерда олти ой давомида бир неча қироатлар бўйича таълим олган. Сўнг Шомга бориб у ерда 2 ҳафта туради ва ҳижрий 1360 (1941) йили Мадинаи Мунавварага бориб ўша ерда яшаб қолган.
Мадинада қурролар устоди Шайх Ҳасанга қироатлар бўйича таълим олиб, у кишидан бир неча қироатлар бўйича ижоза олган. Шунингдек, ҳижрий 1360 (1941) йилдан бошлаб “Мадрасатул Ўзбекия”да Қуръони карим, қироатлар ва бошқа бир неча илмлардан вафот этгунига қадар дарс берган.
Устозлари:
Шогирдлари:
Ҳафс Осим ундан Қуръони карим бўйича дарс олган бир неча қорилар мавжуд деб, уларнинг баъзиларини қуйида келтирган:
Шайх Аббос Бухорий ҳижрий 1407 (1987) йилнинг 20 декабрида Мадинаи Мунавварада вафот этган. Жанозаси пайшанба куни бомдод намозидан сўнг Масжидун Набавийда ўқилиб Бақеъ қабристонига дафн қилинган.
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.