Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июл, 2026   |   15 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:34
Шом
19:48
Хуфтон
21:15
Bismillah
29 Июл, 2026, 15 Сафар, 1448

Аббос Инъом Хўжа Бухорий

11.05.2017   12620   3 min.
Аббос Инъом Хўжа Бухорий

Аббос Инъом Хўжа ҳижрий 1307 (1889) йили Қўқонда туғилган. 15 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. 16 ёшида Бухорога бориб “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирган. Мадрасада ҳанафий фиқҳи, тафсир, мантиқ, фалсафа ва бошқа бир неча фанларни пухта ўзлаштирган. Бухорода бир неча йил истиқомат қилган. Сўнг Самарқандга келиб “Хуртнақ” деган жойда яшаб Бухорода олган илмларини такрорлаган. Кейин Афғонистонга ўтиб Пешавор шаҳрига борган. Ўша вақтда 30 ёшда бўлган. Илмини янада ошириш мақсадида Ҳиндистонга сафар қилган. У ердаги мадрасаларнинг бирига ўқишга кириб ўқишни давом эттирган. У ерда ҳам 5 йил яшаганидан кейин Девбанддаги университетга ўқишга кириб икки йил таълим олган. Сўнг “Аҳмир” шаҳридаги бир масжидда имомлик қилиб, Қуръони каримдан  уч йил дарс берган.

Иккинчи жаҳон уруши, бошланган кезларда Ҳиндистондан Бағдодга сафар қилган. У ерда олти ой давомида бир неча қироатлар бўйича таълим олган. Сўнг Шомга бориб у ерда 2 ҳафта туради ва ҳижрий 1360 (1941) йили Мадинаи Мунавварага бориб ўша ерда яшаб қолган.

Мадинада қурролар устоди Шайх Ҳасанга қироатлар бўйича таълим олиб, у кишидан бир неча қироатлар бўйича ижоза олган. Шунингдек, ҳижрий 1360 (1941) йилдан бошлаб “Мадрасатул Ўзбекия”да Қуръони карим, қироатлар ва бошқа бир неча илмлардан вафот этгунига қадар дарс берган.

Устозлари:

  1. Шайх Асвад Махдум, у киши Бухоронинг улуғ устозларидан.
  2. Шайх Ҳусайн Аҳмад Маданий.
  3. Шайх Иброҳим Милёвий
  4. Шайх Иъзоз Алий
  5. Шайх Абдус Самиъ. Ундан турли илмлардан таълим олган.
  6. Шайҳ Абдул Қодир хатиб, Бағдоддаги “Абу Ҳанифа” масжидининг имоми, у кишидан етти қироатдан ижоза олган.
  7. Шайх Ҳасан, у кишидан ҳам бир неча қироатдан ижоза олган.

Шогирдлари:

  1. Шайх Муҳаммад Алий Санадий ундан “Манзуматуш шотибийя фил қироаатис сабъ”, “Манзуматуд дурратул музийя фил қироаатис саласил мутаммима лил аъшр”, “Алфияту ибни Молик”, “Талхисул мифтаҳ” ва бошқа бир неча китоблардан дарс олиб, 10 қироат бўйича ижоза олган.
  2. Шайх Саййид Абдул Карим ундан “Манзуматуш шотибийя фил қироаатис сабъ”, “Алфияту ибни Молик” ва ва бошқа бир неча китоблардан дарс олган ва у кишининг 22 йил хизматини қилган.

Ҳафс Осим ундан Қуръони карим бўйича дарс олган бир неча қорилар мавжуд деб, уларнинг баъзиларини қуйида келтирган:

  • Ислом Аҳмад Ҳофиз
  • Абдул Ҳафиз Покистоний
  • Маданий Бухорий
  • Абдур Раҳмон Бармовий
  • Нурул Ислом Бармовий
  • Муҳаммад Ҳасан Ямоний
  • Муҳаммад Солим Ямоний
  • Устоз Яҳё Абдул Ҳодий Ямоний
  • Муҳаммад сойф Ямоний
  • Жамил Ямоний
  • Нозим Абдул Малик Ямоний
  • Муҳаммад Ямоний Аббос Бухорийдан олти ойда Қуръонни ёд олиб ўтказади
  • Абдул Мажид Аҳмад Балуший
  • Абдуллоҳ Муҳаммад Балуший
  • Билол Абдул Азиз Покистоний
  • Назир Аҳмад Покистоний
  • Айюб Абдул Ваҳид Бангладеший
  • Маҳмуд Абдул Ваҳид Бангладеший
  • Абдур Раҳмон Кувайтий
  • Абдул Ҳамид Санадий
  • Устоз Абдуллоҳ Давлат Бухорий
  • Аҳмад Муҳаммад мулла Абдул Қодир
  • Абдур Рауф Абдур Рашид Ҳиндистоний
  • Мутиъуллоҳ Бухорий ва бошқалар.

Шайх Аббос Бухорий ҳижрий 1407 (1987) йилнинг 20 декабрида Мадинаи Мунавварада вафот этган. Жанозаси пайшанба куни бомдод намозидан сўнг Масжидун Набавийда ўқилиб Бақеъ қабристонига дафн қилинган.

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон банкирлари Малайзияда исломий банкинг бўйича малака оширди

28.07.2026   11529   2 min.
Ўзбекистон банкирлари Малайзияда исломий банкинг бўйича малака оширди

Ўзбекистон банк-молия соҳаси вакиллари Малайзиянинг Ислом молияси бўйича шариат маслаҳатчилари ассоциацияси (ASAS) томонидан ташкил этилган “Исломий банк дарчаси” мавзусидаги ўқув-амалий дастурида иштирок этиб, соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Дастурнинг илк битирувчиларига халқаро сертификатларни топшириш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев давлат раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда ислом молиясини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, элчи жорий йилда соҳани тартибга солувчи махсус қонун қабул қилингани ислом молиясини ривожлантиришда муҳим босқич бўлганини қайд этди.

Тадбирда Ўзбекистон учун Малайзия тажрибасининг учта устувор йўналиши алоҳида таъкидланди. Биринчидан, бу – қўшалоқ банк тизими бўлиб, унда анъанавий ва исломий банклар ягона регулятор назорати остида параллел фаолият юритади.

Иккинчидан, марказлашган шариат назорати тизими орқали банклар томонидан ўзаро зид фатволар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Учинчидан, “Исломий дарча” модели тижорат банкларида янги инфратузилмани тез ва самарали шакллантириш имконини беради.

Малайзиянинг йирик исломий банкларидан бири – “Maybank Islamic Berhad” бош директори ўринбосари Моҳд Рамазон Фитри Ўзбекистонда ислом банк иши ва молиявий хизматларни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

У Ўзбекистон банк тизими вакилларига исломий дарчаларни ташкил этиш, зарур молиявий инфратузилмани шакллантириш ҳамда аудит жараёнларини йўлга қўйишда амалий ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, ASAS бош ижрочи директори Мохтар Абдулла мазкур ўқув дастури давомида ўзбекистонлик мутахассислар ислом молияси инструментлари, шариат бошқаруви ва исломий дарчалар фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирганини таъкидлади.

Тадбир якунида бундай ўқув дастурлари Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатимизда шариат тамойилларига асосланган замонавий банк хизматларини самарали жорий этиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари