Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Исломга оид 33 та қизиқарли факт

10.05.2017   21306   7 min.
Исломга оид 33 та қизиқарли факт

1. Ислом тақвими ойнинг ҳаракатига асосланган. У 365 кундан иборат григорян календаридан тахминан 10 кун қисқа. Шу боисдан Рамазон ва Қурбон байрамлари ҳар йили ўн кун олдинга сурилиб келади.

2. Одам алайҳиссаломнинг бўйи 30 зироъ атрофида бўлган. Зироъ узунлик ўлчови бўлиб бир зироъ тахминан ярим метрга тўғри келади.

3. Мусулмонларнинг аксари Яқин Шарқда яшамайди. Аҳоли энг зич яшайдиган мусулмон давлати Индонезиядир. Бу мамлакат 257 миллион (2015 йилги маълумот) аҳолиси билан нуфус бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Ҳиндистондаги мусулмонлар аҳолиси сони Сурия, Ироқ, Иордания, Фаластин ва Арабистон ярим ороли давлатларидан кўп.

4. Ойнинг бўлиниши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк мўъжизаларидан биридир. Қурайш мушрикларининг раҳбарлари келиб: “Агар ростдан ҳам пайғамбар бўлсанг ойни иккига бўлиб бер-чи”, дейди. Уларнинг аксари Пайғабаримизнинг қариндошлари эди. Пайғамбаримиз уларнинг иймонга келишини, нажот топишини истар эдилар. Аллоҳ таолога илтижо қилиб қўлларини юқорига кўтардилар. Ой ўртасидан иккига ажралиб икки тоғнинг устига келди. Ойнинг иккига ажралганини йўлда карвонда келаётиб кўриб, нега бундай бўлганига ҳайрон қолган бадавийлар, яҳудийлар Маккага келганларидан сўнг бу Муҳаммад алайҳиссаломнинг иши эканини билиб иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Аммо у зотдан шу ишни талаб қилган мушриклар “Муҳаммад (с.а.в.) сеҳр кўрсатди”, деб шовқин солиб иймон нуридан бебаҳралигича қолаверди.

5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати олдин ўтган пайғамбарларнинг барчасининг умматини қўшгандаги ҳисобдан ҳам кўп.   

6. Каъбани Одам алайҳиссаломдан кейин Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссалом бино этганлар.

7. Мусулмонлар Каъбага сажда қилмайдилар, Каъба Аллоҳ таоло қайси томонга қараб ибодат қилишни кўрсатган йўналишни белгилайди. 

8. Ашаддий мушрик Абу Жаҳл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган муқаддас Қуръон оятларини яширинча эшитиб юрган. Чунки унга ояти карималарни тинглаш ёққан.

10. Статистик маълумотларга кўра, дунёда 1.6 (2010 йилги маълумот) миллиард мусулмон яшайди.

11. "Муҳаммад" исми дунёда энг кўп тарқалган исмдир.

12. Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларидан бири африкалик, иккита аёллари яҳудийлардан бўлган.

13. Албания Европадаги аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган ягона давлат.

14.Милодий йилни ҳижрийга айлантириш учун милодий йилдан 622 айириб олинади. Қолган сон 32 га бўлинади. Кейин эса икки амал натижаси қўшилади. Ана шу қўшилма натижаси ҳижрий-қамарий йил бўлади.

15. Алгебра, нол, пахта, диван, гуруч, конфет, шафран, балкон сўзларининг инглизча ифодаси инглиз тилига арабчадан ўзлаштирилган. Булар арабчадан инглизчага ўзлашган сўзларнинг озгина қисми, холос.

16. Чечак ва қизамиқ ҳақидаги биринчи рисолани биринчи бўлиб  Абу Бакр Ар-Розий (864-925) ёзган. Шундан кейин мусулмон давлатларида чечакка қарши эмлаш одатий амалиётга айланган.

17. Оксфорд ва Кембриж университетининг биринчи талабалари математика, медицина, кимё, оптика ва астрономия фанларини мусулмон олимлари ёзган дарсликлардан ўрганган.

18. Аделард Батский Ўрта асрларнинг пешқадам олимларидан бўлган. Мусулмон олимларининг асарларини арабчадан латинчага таржима қилиш уни машҳур қилган.

19. Масжиди Набавийнинг эшикларининг оғирлиги беш тоннадан. Катта миқдордаги ёғочлар тўпланиб қуритиш учун компьютерлашган печларда қуритиш учун Бирлашган Араб Амирликларига жўнатилди (уларни одатдаги печларда қуритиш жараёни бир неча йилга чўзилиб кетиши мумкин эди). Ёғочларни қуритишга беш ой вақт кетди. Яхши қуриган ёғочлар Барселонага (Испания) юборилди ва эшикнинг асосий қисми ўша ерда ясалди. Ниҳоят бадиий безак бериш учун Францияга олиб борилди.

20. Фақат 1932 йилда кисвани (Каъба ёпинчиғи) тўлиқ Саудия Арабистони фуқаролари тайёрлаган.

21. Масжиди Набавийнинг томи устидан яна қўшимча қаватлар қураверилса бўладиган қилиб ёпилган.

22. Қуръони карим оятлари эркак ва аёлни тенглаштирган: “эркак” сўзи 24 маротаба тилга олинган бўлса, “аёл” сўзи ҳам шунча тилга олинган.

23. Қуръони каримдаги энг узун сура Бақара. Энг қисқа сура эса Кавсар сурасидир.

24.Қуръони каримда сут энг фойдали ичимлик сифатида, асал эса энг фойдали егулик сифатида тилга олинган.

25. Қуръони карим 23 йил давомида нозил бўлган.

26. Қуръони каримнинг битта ҳарфини чин ихлос билан ўқиган киши ўн савоб олади. Ихлос сураси Қуръони каримнинг 1/3 дир.

27. Рамазонда ўқилган бир оятнинг савоби бошқа ойларда Қуръони каримни тўлиқ хатм қилганнинг савобига яқин.

28. Қиёмат кунида Қуръони карим уни ўқиган одамларни шафоат қилади. Қиёмат кунида Қуръони карим уни ўқимаган одамлардан шикоят қилади.

29. Зам-зам суви Иброҳим алайҳиссалом даврида Исмоил алайҳиссаломнинг чанқоғини босиш учун отилиб чиққан. Кейин орада 2600 йил йўқолиб кетган. Шунча йил ўтганидан сўнг севикли пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталиб қазиб булоқ кўзини очган. Булоқнинг жойи унга тушида аён бўлган.

30. Ислом энг тез тарқалаётган дин ҳисобланади. 2030 йилга келиб у биринчи рақамли динга айланади.

31. 10 та саҳобага ҳаётлик пайтидаёқ жаннатнинг хабари берилган. Улар:

  • Абу Бакр Сиддиқ;
  • Умар ибн Хаттоб;
  • Усмон ибн Аффон;
  • Али ибн Абу Толиб;
  • Зубайр ибн Аввом;
  • Талҳа ибн Убайдуллоҳ;
  • Саъд ибн Абу Ваққос;
  • Абу Убайда ибн Жарроҳ;
  • Абдурраҳмон ибн Авф;
  • Саъид ибн Зайд.

32. Ислом шамширлар тиғи остида тарқалмаган. У маърифат билан тарқалган. Зеро, Қуръони каримда: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси 256-ояти), дейилган.

33. Муслима аёллар Аллоҳнинг ҳукмларини бажаришга қулай бўлсин учун одмигина кийинган. Диндор аёллар бутун тарих бўйича кенг-мўлгина кийиниб келган. Анъанавий кийимлар сирасига роҳиба аёллар киядиган кийимлар яққол мисол бўлади. Шунингдек, Исо алайҳиссаломнинг волидаси Биби Марям тасвирланган санъат асарларида ҳам унинг кийими шундай тасвирланган.

 

Бошқа мақолалар

“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

12.08.2026   50443   3 min.
“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.

Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган. 

“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.

 Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати –  бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.

Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати