Буюк аждодларга макон бу диёр,
Ҳар бирин номидан дилда ифтихор,
Бахтиёр авлодлар дегай миннатдор,
Хотира абадий, қадр – муборак.
Мангу олов гўё юракдаги шам,
Ким ватан демишдир, номи муҳтарам,
Халқ мард ўғлонларин унутмас бир дам,
Хотира абадий, қадр – муборак.
Хайрият, ўтибдир нотинч замонлар,
Бизга юз очмишдир янги бўстонлар,
Шу кунга етмади, афсус, не жонлар,
Хотира абадий, қадр – муборак.
Мотамсаро она пойида бугун,
Ўтмишни ёд этиб турибмиз беун,
Шараф, тирик қайтган оталар учун,
Хотира абадий, қадр – муборак.
Давлатим раҳбари айлаб илтифот,
Катта кичик кўнглин айлади обод,
Нуроний қалбларда ҳамду ҳасанот,
Хотира абадий, қадр – муборак.
Абдулаҳад дегай, ҳур Ўзбекистон,
Истиқлол йўлида бўлсин тинч, омон,
Барча ватандошлар дилида ҳар он,
Хотира абадий, қадр – муборак.
Абдулаҳад қори Шаҳрихоний
Бўз туман бош имом хатиби
2017 йил
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ