Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Абдуллоҳ ибн Салом

04.05.2017   11753   9 min.
Абдуллоҳ ибн Салом

“Кимни жаннат аҳлидан бўлган бир кишига қараш хурсанд қилса, Абдуллоҳ ибн Саломга қарасин”.

Ҳусайн ибн Салом Ясриб яҳудийларининг олимларидан эди. Мадина аҳли дини ва миллати бошқалигига қарамай, уни улуғлаб ҳурмат қилар эди. У тақводорлиги ва инсонлар орасини ислоҳ этиши билан танилган, тўғрилик ва ростгўйлик билан сифатланган эди.

Ҳусайн осуда умр ўтказар, ҳаёти мазмунли ва фойдали эди. У ўз вақтини уч қисмга тақсимлаган эди:

канисада ваъз ўқир ва ибодат қилар;

боғидаги хурмо дарахтларини парвариш қилар;

Таврот ўқир эди.

Ҳар сафар Тавротни ўқиганда Маккада зоҳир бўладиган сўнгги пайғамбар башорати берилган хабарни узоқ мушоҳада этиб қолар эди.

Келиши яқин бўлган бу пайғамбарнинг сифатлари ва аломатларини пухта ўрганар ва севинчдан қаттиқ таъсирланар эди. Чунки Тавротда ёзилган башоратларга қараганда, янги пайғамбар ўз  шаҳридан кўчиб Ясрибга ҳижрат қиларди.

Ҳар қачон бу хабарларни ўқиганда ёки хаёлидан ўтказганда, пайғамбарнинг чиқишига гувоҳ бўлгунгача умрини узайтиришини ва у билан учрашиб бахтли бўлишини, унга имон келтирганларнинг аввалгиси бўлишини Аллоҳдан сўрар эди.

Аллоҳ таоло Ҳусайн ибн Саломнинг дуосини қабул қилди. Ҳидоят ва раҳмат пайғамбари юборилгунга қадар умрини узун қилди. Пайғамбар билан учрашиш, суҳбатлашиб роҳатланиш ва Пайғамбарга нозил қилинган ҳаққа имон келтириш насиб этди. Исломга кириш қиссасини Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитамиз.

“Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам зоҳир бўлганини эшитганимда исми, насаби, сифати, вақти ва маскани ҳақида суриштира бошладим. Пайғамбарнинг васфлари билан бизнинг китобларимиздаги пайғамбар васфларини солиштирдим, токи, муваффақиятга ишониб, даъватининг ростлигини билгунимча. Сўнг бу ишларни яҳудийлардан бекитдим ва тилимни у ҳақда гапиришдан тийдим. Токи, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага чиққан кунгача. Ясрибга келиб Қубога тушганларида олдимизга бир киши келиб у зотнинг инсонлар орасида келганликларини овоза қила бошлади. Мен ана шу соатда боғимдаги хурмонинг устида эдим. Аммам Холида бинти Ҳорис қуйида эди. Хабарни эшитган заҳоти: “Аллоҳ буюкдир” “Аллоҳ буюкдир” деб қичқирдим. Менинг такбиримни эшитган аммам; “Аллоҳ умидингни пучга чиқармасин, Аллоҳга қасам, агар Мусо ибн Имроннинг келганини эшитганингда бундан ортиқ ҳеч нима қилмаган бўлар эдинг”, деди. Мен унга айтдим: “Эй амма, у, албатта, Имрон ўғли Мусонинг биродаридир ва унинг динидадир. Дарҳақиқат Мусо юборган нарса билан юборилгандир. Аммам сукут қилиб туриб: Албатта, у ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи ва Роббининг рисолатини етказувчи деб сизлар хабар берган пайғамбарми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, худди шундай”, дедим.

У киши: «Ундай бўлса у ўша экан», деди. Сўнг мен Расулуллоҳнинг олдиларига югуриб бордим. Инсонларни у зотнинг эшиклари олдида тўпланган ҳолда кўрдим. Мен ҳам издиҳомга қўшилдим, ҳатто олдиларига бориб қолдим, У кишидан эшитган нарсаларимнинг аввалгиси ушбу сўзлардир: “Эй инсонлар, саломни ошкора қилинг, очларни таомлантиринг, тунда инсонлар уйқудалигида намоз ўқинг – шунда жаннатга саломат кирасиз”.

Мен у зотни диққат билан кузатдим ва доимо бирга бўлдим, албатта, юзларидан ёлғончи эмасликларига ишондим. Сўнгра яқинлашиб бордим-да: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчисидир», деб гувоҳлик бердим. Сўнг мен томонга қараб: «Исминг нима?» дедилар: “Мен Ҳусайн ибн Салом” дедим. Балки «Абдуллоҳ ибн Салом», дедилар. Сўнг ҳузурларидан уйимга келиб аҳлим ва болаларимни исломга чақирдим. Уларнинг барчаси исломга кирди. Қари бўлишига қарамай, аммам Холида ҳам исломга кирди.

«Токи, изн бермагунимча менинг ва ўзингизнинг исломга кирганингизни яширинглар», дедим. Улар «хўп», дейишди, Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб у зотга: «Яҳудий қавми бўҳтончи ва ёлғончи қавмдир. Яҳудийларнинг бошлиқларини чақириб мени бир хонага яширишингизни, исломга кирганимни билишларидан аввал уларнинг орасидаги мавқеим ҳақида сўрашингизни ва уларни исломга чақиришингизни хоҳлардим. Шубҳасиз, улар исломга кирганимни билишса, мени айблашади, мени ҳар хил камчиликлар билан ҳақоратлашади ва менга туҳмат қилишади», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир хонага киритдилар. Сўнг уларни чақирдилар-да исломга ва иймонга даъват эта бошладилар. Ўзларининг китобларидаги хабарларни билдирдилар. Улар Расулуллоҳ билан ҳақ тўғрисида тортиша бошлади. Мен эшитиб турган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг иймонга келишларидан ноумид бўлганларидан сўнг улардан: Ҳусайн ибн Саломнинг орангизда мавқеи қандай?» деб сўрадилар. Улар: “У бизнинг саййидимиз ва бошлиғимизнинг ўғли ва бизнинг олимимиз ва олимимизнинг ўғли”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У исломга кирса сиз ҳам исломга кирасизми?» деб сўрадилар.  Улар: “Аллоҳ асрасин, исломга кириши мумкин эмас, Аллоҳ уни исломга киришидан сақлаган” дейишди. Уларга чиқиб айтдим; «Эй яҳудийлар жамоаси. Аллоҳдан қўрқинг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга олиб келган динни қабул қилинг. Аллоҳга қасамки, у Аллоҳнинг Расули эканини биласиз, исми ва сифатлари ёзилган манбани топгансиз. Мен гувоҳлик бераман, албатта, у Аллоҳнинг Расулидир ва унга имон келтираман. Уни тасдиқ этаман, уни эътироф этаман”. Улар: “Ёлғон гапирдинг. Аллоҳга қасам, албатта, сен бизнинг энг ёмонимизсан ва ёмонимизнинг ўғлисан ва жоҳилимизсан ва жоҳилимизнинг ўғлисан” дейишди. Мени айбламаган бирор айб қолмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим: “Сизга айтмаганмидим, яҳудийлар бўҳтончи ва ёлғончи қавмдир, албатта. улар алдовчи ва бузуқлик аҳлидир”.

Абдуллоҳ ибн Салом исломни чанқоқ киши сув ичганидек қабул қилди. У Қуръонга қаттиқ берилган эди. Тиловатдан тўхтамасди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эрта-ю кеч эргашиб юрарди. Ўзини жаннат учун амал қилишликка бошлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар орасида хушхабарни айтдилар. Хушхабарни Қайс ибн Аббод ва бошқалар ривоят қилган. Ровий айтди: “Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидаги илм халқаларини бирида ўтирган эдим. Халқада инсонларни тўлқинлантирадиган қалбларни роҳатлантирадиган шахс бор эди. Инсонларга ёқадиган таъсирли ҳадислар айтарди.

У ўрнидан туриб кетганидан сўнг қавм айтди: “Кимни жаннат аҳлидан бир кишига қараши хурсанд қилса бу кишига қарасин”. Мен: «Ким бу одам?» дедим. Қавм: “Абдуллоҳ ибн Салом”, дедилар. Мен ўзимга “Аллоҳга қасамки, унга эргашаман”, дедим ва ортидан кетдим. У шаҳар четигача борди ва манзилиги кирди. Мен киришга изн сўрадим. Рухсат берди. Кириб ўтирганимдан сўнг:

– Эй жияним, нима ҳожатинг бор, – деб сўради.

– Масжиддан чиқаётганингизда одамлар сиз ҳақингизда “Кимни жаннат аҳлидан бўлган бир кишига қараш хурсанд қилса, мана бу кишига қарасин” деётганларини эшитдим. Сиз ҳақингизда билишни ва сизни жаннат аҳлидан эканингизни қандай билганларини билиш учун сизга эргашдим, – дедим.

Абдуллоҳ ибн Салом:

– Жаннат аҳлини Аллоҳ билувчидир, эй болам, – дедилар.

Мен:

– Тўғри, лекин улар бекорга бундай дейишмаётгандир, –  дедим.

Абдуллоҳ ибн Салом:

– Унинг сабабини сенга айтиб бераман, – деди.

– Мен айтинг, Аллоҳ сизни мукофотласин! – дедим.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик кезларида бир кеча ухлаётган эдим, олдимга бир киши келиб: “Тур”, деди.  Мен турдим, қўлимдан тутди, чап томонимда йўл бор эди, мен ундан юришни хоҳладим. Киши менга: “У ёқдан юрма, у сен учун эмас”, деди. Шу пайт ўнг томонимда ёруғ йўлни кўрдим. Киши:”Ундан юр”, деди. Гўзал, ям-яшил кенг-мўл боққа боргунча юрдим. Унинг ўртасида темирдан бўлган устун бор эди. Илдизи ерда учи осмонда эди. Уни энг ниҳоясида тилладан бўлган ҳалқа бор эди. Менга: “Унга кўтарил”, деди. Мен: “уддалай олмайман”, дедим. Олдимга хизматчи келиб мени кўтарди, бас, устун олдига етгунимча кўтарилдим. Икки қўлим билан ҳалқани ушладим. Тонг отгунча унга осилган ҳолимда қолдим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб у кишига кўрган тушимни айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сен чап томонингни кўрган йўлинг дўзах аҳлидан бўлган чап томон эгаларининг йўлидир. Ўнг томонингда кўрган йўлинг жаннат аҳлидан бўлган ўнг томон эгаларининг йўлидир. Яшиллиги ва порлоқлиги билан сени завқлантирган боғ исломдир. Устун – дин, ҳалқа – мустаҳкам дастакдир, то вафот этгунимга қадар уни маҳкам ушлашда бардавом бўласан”, дедилар. Ана шу дастакни, ислом аҳкомларини маҳкам тутиб яшаш умримнинг мазмунидир, – деди.

 

Боқижон Раҳимов,

«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячиси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   15650   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари