“Саҳоба” сўзи луғатда дўст, ҳамроҳ, йўлдош каби маъноларни билдиради. Бу сўзнинг истилоҳий маъносида кўплаб тарифлар берилган. Уларнинг орасида ҳадис уламолари берган таъриф энг мукаммалидир. Ҳадис уламолари Ибн Салоҳ, Ибн Касир, Ибн Ҳажар ва имом Суютийлар “саҳоба” сўзига қуйидагича таъриф беришган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан то вафот этгунларича У зотга имон келтирган ҳолда йўлиқиб шу ҳолда вафот этган кишига “саҳоба” дейилади.
Бу қисқалигига қарамасдан жуда кўплаб маъноларни ўз ичига олади. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатида доимий юрганларнинг саҳобалигига шубҳа йўқ. Аммо атрофларида у зотни кўрган-у, овозларини эшитмаган ёки кўзи ожизлиги сабаб кўролмай қолган ёхуд у зотдан бирор бир ҳадис ривоят қилмаган кишилар бор эди. Ўша замонда ҳали балоғат ёшига етмаган ёшлар, ҳаётида бир лаҳзагина кўришиш бахтига эга бўлганлар бор эди. Бу таърифдаги “У зотга имон келтирган ҳолида йўлиқиб”, деган жумла умумий бўлиб, юқоридагиларнинг барчасини ҳам қамраб олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, гаплашиб юрган, ўтмишдаги пайғамбарларга имон келтирган, аммо у зотга имон келтирмаган ёки вафот қилганларидан сўнг имон келтирганлар ёхуд тили билан имон келтириб, қалбида тасдиқламаган мунофиқлар[1] “У зотга имон келтирган ҳолида йўлиқиб”, деган жумладаги саҳобалар қаторига қўшилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтириб, адашиб муртад бўлган, сўнг яна имонга келган кишилар бўлган эди. Улар ҳам “У зотга имон келтирган ҳолда вафот этган”лиги учун саҳоба дейилади. Бундаги асосий шарт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида имонга келган бўлишидир.
Охирги замон пайғамбарига ишониб, кутиб яшаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан аввал кўриб вафот этганлар, у зотни вафот қилганларидан сўнг кўрганлар ҳам “пайғамбарлик келганидан токи вафот этгунларича” деган қайд билан саҳоба дейилмайди.
Кўриниб турибдики, ўша замонда яшаган кишиларнинг саҳобалигини аниқлаш масаласи жуда ҳам мушкул иш саналади. Шунинг учун ҳам уламолар саҳобаликни аниқлашнинг муайян йўлларини белгилаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ана шу тахлит танилади. Бундан ташқари, ислом оламининг забардаст уламолари ва тарихчилари саҳобалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус китоблар ёзган. Масалан, Абу Нуаймнинг “Маърифат ус-саҳоба”, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Исоба фий тамйиз саҳоба”, Ибн Абдулбаррнинг “Истиоб фий маърифат ил-асҳоб”, Ибн Асийрнинг “Усуд ул-ғоба фий маърифат ис-саҳоба”, Имом Заҳабийнинг “Тажрийд асмо ис-саҳоба” каби машҳур асарлар мавжудки, бугунги кунда ана шу китобларда номлари келтирилган шахслар ҳам саҳобий деб тан олинган.
Абдулбоқий ТУРСУНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] . Уларнинг мунофиқлиги Расулуллоҳ с.а.в.нинг сўзлари ёки саҳобалардан ишончли санадлар ила келган мутавотир ривоятга қараб аниқланади. Бировни мунофиқликда айблашга саҳобалар ўзларича ботинишмаган.
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ