Жунайд Бағдодий ҳазратлари Бағдодда яшаган буюк олим ва авлиё эди. Бир куни унинг ҳузурига соч-соқоли оқарган, бели бўкилган бир қария келди ва:
– Эй Жунайд, мени муридликка қабул эт, сенинг шогирдинг бўлмоқ орзусидаман, – деди.
Жунайд Бағдодий ҳазратлари:
– Агар истагинг рост бўлса, сени шогирдликка бир шарт билан қабул қиламан, – деди.
Қария ундан:
– Шартинг нима? – деб сўради.
Жунайд:
– Мен нима десам ҳеч инкор этмасдан бажаришга сўз берсанг, сени шогирд қилиб оламан, – деди.
Қария:
– Бу шартни қабул этдим, – деди-да қўлларини қовуштириб, Жунайд Бағдодий ҳазратларининг хизматига шай турди.
Орадан йигирма йил ўтди. Бир куни Бағдодий ҳазратлари қарияга:
– Эй оқсоқол, чироққа мой солиб созла, бугун оқшом биргаликда бир дўстимнинг зиёратига борамиз, – деди. Қария чироқни тайёрлаб ёққанидан сўнг орадан бир оз вақт ўтиб улар йўлга чиқди. Тун зимиситон, ер балчиқ-лой эди. Олдинда Жунайд, орқада чироқни кўтариб қария борар эди. Бир оз йўл босганларидан сўнг уларнинг қаршисидан бир одам чиқиб қолди ва Жунайдга:
– Эй Жунайд, шу лой-балчиқли йўлда ўзи аранг юриб келаётган қарияга чироқ кўтартириб қўйиб унга азият бериш сендек олим одамга ярашадими? – деди.
Жунайд унга хитобан:
– Шайтон азиятда бўлмоғи керак – деди.
Қўлидаги чироқ билан шилта йўлда зўрға юриб келаётган қария мурид қўлидаги чироқни жаҳл билан ерга улоқтириб:
– Эй Жунайд! Сен менинг шайтон эканимни билармидинг? – деб сўради.
Жунайд:
– Сенинг шайтон эканингни келган кунингоқ билган эдим, – деди.
Шайтон келган кунидан бошлаб пойлаган фурсати ҳозир келганини тахмин этиб:
– Эй Жунайд! Сен ҳақиқатан буюк инсон экансан, сени фақат бир марта васвасага солиш учун эшигингда йигирма йил қуллик қилиб, заҳмат чекдим. Аммо буни бажара олмадим, – дея унинг қалбида кибр уйғотмоқчи бўлди.
Аллоҳнинг ёрдами ила шайтоннинг бу устамонлигини фаҳмлаган Жунайд:
– Бу ердан ҳозироқ даф бўл, малъун! Қалбимга мағрурлик ҳиссини солиб, йигирма йил давомида бажара олмаган ишингни ҳозир бажармоқчимисан, – дея шайтоннинг шарридан Аллоҳга сиғинди.
Жунайд Бағдодийнинг буюклигини қарангки, шайтони лаъинни йигирма йил ибодат қилишга мажбур этибди. Парвардигор бизни ҳам шайтоннинг ҳийласидан шундай сақланмоқни насиб айласин!
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати