Инсон саломатлиги ҳамда хотиржамлиги учун организмда барча витаминлар ва минерал моддалар меъёрда бўлиши зарур
У ёки бу модданинг етишмовчилигидан инсон танаси хасталаниб, бу ҳақда сигнал беради.
Бу кальций моддасига ҳам тегишлидир. Унинг етишмовчилигидан нафақат болалар ва ёши улуғ кишилар, балки меҳнатга яроқли ёшдаги аҳоли ҳам азият чекади.
Бундан ташқари ёшлигида етарли миқдорда кальций моддасига бой неъматлардан истеъмол қилмаслик қариганда суяк ва бўғим касалликларига чалинишга сабаб бўлади.
Қуйида келтириладиган танадаги ўзгаришлар кишини бу ҳақда огоҳлантиради:
- Тирноқ, соч ва суяклар мўртлиги.
- Тирноқ юпқалашиб, секин ўсади, лат ейиш ва синиш ҳоллари осон бўлиб қолади. Сочларнинг ранги ўчиб, кўп тўкилади, учларидан синиши кўпаяди.
- Кальций етишмовчилигидан тишлар заифлашади. Улар синувчан ва шикастланишга таъсирчан бўлиб қолади.
- Кальций етишмовчилигини бошидан кечираётган киши асабий ва сержаҳл бўлиб қолади. Тез чарчайди, фикрлари тарқоқ бўлади. Шунингдек, баданда тез-тез титроқ юз бериб туради.
- Болаларда ўсишнинг секинлашуви кальций етишмовчилигидан дарак беради.
Кальций етишмовчилиги аниқланганида шифокорлар бу ҳолатни меъёрига келтиришга ўтишади. Бунда аввал парҳез услуби тавсия этилади. Организмда кальций моддасини кўпайтириш учун шифокорлар кальцийга бой бўлган табиий озуқавий маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишга асосланилади. Бундай озуқавий манбалар қаторига сут маҳсулотлари (творог, сут, йогурт, кефир, пишлоқ, қаймоқ ва бошқалар); яшил сабзавотлар карам, турп ва редиска барги билан, япроқли кўкатлар (райҳон, петрушка, укроп); дуккакли ўсимликлар (нўхат, фасоль); ёнғоқлар (писта, ёнғоқ, бодом); кунжут, балиқ консервалари ва турли меваларнинг янги олинган шарбатлари киради.
Организм кальцийни ўзлаштиришига маъданли газлаштирилган ичимликлар, кофе ва алкоголь тўсқинлик қилади.
Жалолиддин Нуриддинов
27 апрель 2017 йил
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).
Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).
Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).
Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.
Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.
Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.
Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.
Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.
Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД