Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июн, 2025   |   26 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
22 Июн, 2025, 26 Зулҳижжа, 1446

Аёллар масжидга бориб намоз ўқиши мумкинми?

22.04.2017   22225   4 min.
Аёллар масжидга бориб намоз ўқиши  мумкинми?

Савол: Ассалому алайкум. Баъзи мамлакатларда жума намозини аёллар масжидга бориб ўқишади. Исломда аёллар масжидга бориб намоз ўқиши  мумкинми. Шу ҳақда аниқроқ маълумот бериб ўтсангиз. 

Жавоб: Ва алайкум ассалом!

Ҳанафий мазҳабида эркаклар учун намозни жамоат билан ўқишнинг ҳукми суннати муаккада яъни вожибга яқин бўлган суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоат билан ўқилган намоз сизлардан бирингизнинг ўзи ёлғиз ўқиган намозидан йигир беш бўлак (яна бир ривоятда йигирма беш даража) афзал-савоби ортиқ бўлур”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Барча манбаларда фарз намозларни шаръий узри бўлмагани  ҳолда масжидда адо этишни тарк қилган эркак киши гуноҳкор бўлиши айтилган.  

Аёлларнинг фарз намозларни масжидга келиб, эркакларни ортидан саф тортиб, бир имомга иқтидо қилиб, жамоат бўлиб ўқишлари борасида турли фикрлар бор. Аввало, бу борадаги ҳадиси шарифларни айтиб ўтамиз:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг чўрилари(яъни хотин кишилар)ни Аллоҳнинг масжидларидан ман қилмангиз. Лекин улар (масжидга чиқсалар) хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар”, деганлар. (Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадисда эркак кишиларга аёлларнинг жамоат намозига чиқишидан қайтармасликларини буюриб, аёлларни бегона эркаклар эътиборини ўзига тортувчи барча омилларни қилишдан қайтармоқда.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларингизни масжидлар(га чиқиш)дан ман қилмангиз. Ва уларга уйларида намоз ўқишлари ўзлари учун яхшироқдир”, деганлар. (Абу Довуд ривояти).  

Бу ҳадиси шарифда аёллар фарз намозларни ўз уйларида ўқишлари ўзлари учун хайрли ва афзал экани айтилмоқда. Барча далилларда уларга номаҳрам эркакларнинг кўзи тушиши ортидан бирор фитна-номақбул иш келиб чиқиш хавфи бўлмаган ҳолларда аёлларнинг масжидга чиқишлари жоиз – вожиб ёки суннат эмас, фақат рухсат – экани таъкидланган. Агар фитна хавфи бўлса, жоиз бўлмаслигида шубҳа йўқ. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ҳам айнан шу маънога урғу бериб, бундай деганлар: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги аёллар пайдо қилган нарсаларни кўрганларида эди – худди Бану Исроил қавмининг аёллари ман этигани каби – буларни ҳам масжидга чиқишдан ман қилган бўлар эдилар”.  

(Имом Бухорий ривояти).

Юқорида зикр қилинган ва бошқа кўплаб далилларни ўрганган фақиҳлар қуйидаги фикрларни айтганлар:

Аллома Бадруддин Айнийнинг “Ал-Биноя шарҳул-Ҳидоя” китобида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва баъзи буюк мужтаҳид имомлар фитна хавфи бўлмаган ҳолларда қария кампирлар бомдод, шом, хуфтон намозларига масжидга чиқишларига рухсат берганларини, кейинчалик замонлар анча  ўзгариб, фисқ-у фасод кенг тарқаган пайтдаги фақиҳлар ҳатто кампирларни ҳам ҳеч бир намозни, на тунги ва на кундузги намоз бўлсин, масжидда ўқишларига рухсат бермай, қаттиқ ман қилганларини айтганлар. Ёш қиз ва жувонларни ҳар қайси намозни жамоатда ўқишини барча фақиҳлар бир овоздан ман қилган. Чунки улар бор жой фитнадан холи бўлмаслиги аниқ.    

Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳнинг “Бадоеъус-Саноеъ фий тартибиш-шароеъ” китобларида қуйидача баён қилинади:

“...Аёлларга намозни жамоат билан адо қилиш вожиб бўлмайди... Чунки аёлларнинг жамоат намозларига чиқишида фитна бордир”.  

Буюк фақиҳ Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ ҳам “Фатҳу бобил-иноя би шарҳин-нуқоя” китобида бу масалани атрофлича баҳс қилиб, қуйидагича хулосани айтганлар:

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кампирларга қоронғуда ўқиладиган намозларни жамоат билан ўқишга рухсат берган бўлсалар-да, ҳозирги фасод замонда уларни ҳам ёш қиз ва жувонлар каби масжидга келишларидан ман қилиш керак. Бунга Оиша онамизнинг юқорида зикр қилинган сўзларини далил қилганлар.

Аёллар уйларида ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқисалар жоиз. Фақат, бир шарти бор – имом бўлаётган аёл сафнинг ўртасида, иқтидо қилган аёллар билан бир қаторда туриши керак. Бир саф ёки бироз олдинга туриб олса, яққол кўзга ташланиб қолгани учун макруҳ бўлади

ФАТВОЛАР
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандга одоб ўргатишнинг 12 осон усули

21.10.2024   3528   2 min.
Фарзандга одоб ўргатишнинг 12 осон усули

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Уйга кирганингизда болаларингизга салом бериб, пешоналаридан ўпинг. Бу уларда меҳр ва раҳм-шафқат туйғусини ривожлантиришга ёрдам беради.

 

2. Кўча-куйда қўни-қўшнилар, йўлда ҳайдовчилар билан фақат яхши муомалада бўлинг. Фарзандларингиз ҳамма нарсани диққат билан кузатадилар. Эшитганларини тезда ўзлаштирадилар ва кейин сизга тақлид қиладилар.

 

3. Ота-онангизга қўнғироқ қилганингизда, фарзандларингизни ҳам шундай қилишга унданг. Ота-онангизни зиёрат қилганингизда, болаларингизни ўзингиз билан олиб боринг. Ота-онангизга ғамхўрлик қилаётганингизни қанчалик кўп кўрсалар, шунчалик кўп сизга ғамхўрлик қилишни ўрганадилар.

 

4. Машинангизда фарзандларингизни мактабга ёки бирор жойга олиб борар экансиз, уларга ривоят, ҳикоялар айтиб беринг.

 

5. Ҳар куни битта қисқа ҳадис ўқиб беришга одатланинг. Бу кўп вақт талаб қилмайди, лекин кучли ришталар ва ажойиб хотиралар яратишга катта таъсир қилади.

 

6. Сочингизни таранг, тишларингизни ювинг ва кийимларингизни энг яхшисини кийинг, ҳатто уйда бўлсангиз ва кун давомида кўчага чиқмасангиз ҳам. Фарзандларингиз тоза ва озода бўлишнинг ташқарига чиқишга алоқаси йўқлигини билишлари керак!

 

7. Фарзандингизнинг ҳар бир сўзи ёки хатти-ҳаракати учун айбламасликка ва танбеҳ бермасликка ҳаракат қилинг. Баъзан эътибор бермасликни ва ортга ташлашни ўрганинг. Бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади.

 

8. Болаларингизнинг хонасига киришдан олдин рухсат сўранг. Бу орқали улар бировнинг хонасига кирмоқчи бўлганларида ҳам худди шундай қилишни ўрганадилар.

 

9. Агар хато қилган бўлсангиз, фарзандларингиздан кечирим сўранг. Кечирим сўраш уларни камтар ва мулойим бўлишга ўргатади.

 

10. Уларнинг қараш ёки ҳис-туйғуларини масхара қилманг, ҳатто “ҳазиллашаётган бўлсангиз ҳам”. Бу уларга жуда оғир ботади.

 

11. Фарзандларингизнинг шахсий ҳаётига ҳурмат кўрсатинг. Бу уларнинг қадр-қиммати ва ўз-ўзини қадрлаши учун муҳимдир.

 

12. Айтган ҳар бир гапингизни биттада тушунишларини кутманг ва буни талаб ҳам қилманг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай қилмаганлар. Аммо сабрли ва бардавом бўлинг.

 

Муҳтарам ота-оналар! Фарзандингиз тарбияси учун жавоб эканингизни унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз сурувга масъулсиз (жавобгарсиз)”, деганлар.

Чўпон боқаётган молларига масъул бўлганидек, ҳар бир оила бошлиғи аҳли оиласи учун масъул ва жавобгардир.

Аллоҳ таоло фарзандларимизни ҳидоят йўлида собитқадам қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар