Савол: Ассалому алайкум. Баъзи мамлакатларда жума намозини аёллар масжидга бориб ўқишади. Исломда аёллар масжидга бориб намоз ўқиши мумкинми. Шу ҳақда аниқроқ маълумот бериб ўтсангиз.
Жавоб: Ва алайкум ассалом!
Ҳанафий мазҳабида эркаклар учун намозни жамоат билан ўқишнинг ҳукми суннати муаккада яъни вожибга яқин бўлган суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоат билан ўқилган намоз сизлардан бирингизнинг ўзи ёлғиз ўқиган намозидан йигир беш бўлак (яна бир ривоятда йигирма беш даража) афзал-савоби ортиқ бўлур”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Барча манбаларда фарз намозларни шаръий узри бўлмагани ҳолда масжидда адо этишни тарк қилган эркак киши гуноҳкор бўлиши айтилган.
Аёлларнинг фарз намозларни масжидга келиб, эркакларни ортидан саф тортиб, бир имомга иқтидо қилиб, жамоат бўлиб ўқишлари борасида турли фикрлар бор. Аввало, бу борадаги ҳадиси шарифларни айтиб ўтамиз:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг чўрилари(яъни хотин кишилар)ни Аллоҳнинг масжидларидан ман қилмангиз. Лекин улар (масжидга чиқсалар) хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар”, деганлар. (Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадисда эркак кишиларга аёлларнинг жамоат намозига чиқишидан қайтармасликларини буюриб, аёлларни бегона эркаклар эътиборини ўзига тортувчи барча омилларни қилишдан қайтармоқда.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларингизни масжидлар(га чиқиш)дан ман қилмангиз. Ва уларга уйларида намоз ўқишлари ўзлари учун яхшироқдир”, деганлар. (Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадиси шарифда аёллар фарз намозларни ўз уйларида ўқишлари ўзлари учун хайрли ва афзал экани айтилмоқда. Барча далилларда уларга номаҳрам эркакларнинг кўзи тушиши ортидан бирор фитна-номақбул иш келиб чиқиш хавфи бўлмаган ҳолларда аёлларнинг масжидга чиқишлари жоиз – вожиб ёки суннат эмас, фақат рухсат – экани таъкидланган. Агар фитна хавфи бўлса, жоиз бўлмаслигида шубҳа йўқ. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ҳам айнан шу маънога урғу бериб, бундай деганлар: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги аёллар пайдо қилган нарсаларни кўрганларида эди – худди Бану Исроил қавмининг аёллари ман этигани каби – буларни ҳам масжидга чиқишдан ман қилган бўлар эдилар”.
(Имом Бухорий ривояти).
Юқорида зикр қилинган ва бошқа кўплаб далилларни ўрганган фақиҳлар қуйидаги фикрларни айтганлар:
Аллома Бадруддин Айнийнинг “Ал-Биноя шарҳул-Ҳидоя” китобида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва баъзи буюк мужтаҳид имомлар фитна хавфи бўлмаган ҳолларда қария кампирлар бомдод, шом, хуфтон намозларига масжидга чиқишларига рухсат берганларини, кейинчалик замонлар анча ўзгариб, фисқ-у фасод кенг тарқаган пайтдаги фақиҳлар ҳатто кампирларни ҳам ҳеч бир намозни, на тунги ва на кундузги намоз бўлсин, масжидда ўқишларига рухсат бермай, қаттиқ ман қилганларини айтганлар. Ёш қиз ва жувонларни ҳар қайси намозни жамоатда ўқишини барча фақиҳлар бир овоздан ман қилган. Чунки улар бор жой фитнадан холи бўлмаслиги аниқ.
Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳнинг “Бадоеъус-Саноеъ фий тартибиш-шароеъ” китобларида қуйидача баён қилинади:
“...Аёлларга намозни жамоат билан адо қилиш вожиб бўлмайди... Чунки аёлларнинг жамоат намозларига чиқишида фитна бордир”.
Буюк фақиҳ Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳ ҳам “Фатҳу бобил-иноя би шарҳин-нуқоя” китобида бу масалани атрофлича баҳс қилиб, қуйидагича хулосани айтганлар:
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ кампирларга қоронғуда ўқиладиган намозларни жамоат билан ўқишга рухсат берган бўлсалар-да, ҳозирги фасод замонда уларни ҳам ёш қиз ва жувонлар каби масжидга келишларидан ман қилиш керак. Бунга Оиша онамизнинг юқорида зикр қилинган сўзларини далил қилганлар.
Аёллар уйларида ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқисалар жоиз. Фақат, бир шарти бор – имом бўлаётган аёл сафнинг ўртасида, иқтидо қилган аёллар билан бир қаторда туриши керак. Бир саф ёки бироз олдинга туриб олса, яққол кўзга ташланиб қолгани учун макруҳ бўлади
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати