Савол: Боин талоқдан идда ўтирган аёлга ошкора совчи қўйса бўладими?
Жавоб: Динимизда инсоннинг қадри, унинг шаъни шу қадар юксакки, ҳатто вафот этган одамга ҳам тириклар каби ҳурмат сақланади. Шунинг учун бир киши вафот этса, унинг беваси эрининг, никоҳнинг ҳаққи-ҳурмати туфайли идда ўтиради. Бу иддадан мақсад фақатгина унинг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш эмас. Бева қолган аёл эри билан бирга яшаган ҳаётининг ҳурмати учун ҳам идда ўтиради. Шунинг учун эри вафот қилгани учун идда ўтирган аёлга ошкора совчи қўйиш мумкин эмас. Бундай аёлга совчи қўйилса, мақсадни очиқ айтмай, ишора билан изҳор қилинади. Бу нарса шариатимизда таъриз деб аталади. Масалан, бева қолган аёлнинг акасига «Синглингизнинг иддаси тугаганда менга хабар қилинг», дейиш мумкин.
Эри бор, аммо ундан боин талоқ олган аёлларнинг масаласи ҳам худди шундай. Уларга ҳам очиқча совчи қўйиб бўлмайди. Совчи бўлиш учун идда тугашини кутиш керак. Шундан кейингина, агар ўзининг эри уни қайтариб олмаса, иддаси тугаб, боши очиқ бўлгандан кейингина унга совчи қўйса бўлади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази