Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада - 2017” нинг якуний Республика босқичи бўлиб ўтди. Ягона олимпиада ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари орасидан умумтаълим, чет тили ва мутахассислик фанлари бўйича қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш, ихтисослигини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари барча иштирокчиларга ўз самимий тилакларини билдирди ва уларининг ҳақларига дуо-ю хайрлар қилдилар.
Ягона олимпиада қатнашчилари жами тўққиз нафарни ташкил этди, улардан икки нафари аёл-қизлардир. Унда талабалар қуйидаги фанлар ўз билимларини синовдан ўтказдилар:
- Маънавият ва маърифат (ижодий имтиҳон);
- Араб тили (ижодий имтиҳон);
- Қуръон ва тажвид ҳамда фиқҳ фанларидан (тест);
- Она тили ва адабиёти (тест);
- Ўзбекистон тарихи (тест);
Синов натижаларига кўра:
1-ўринни 67,5 балл билан Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Акбар Роҳманов эгаллади. Ғолиб 1-даражали фахрий ёрлиқ билан тақдирланди ҳамда 2017-2018 ўқув йилида Тошкент ислом институтига конкурссиз ўқишга қабул қилинганлиги эълон қилинди.
2-ўринни 64,5 балл тўплаган “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдулазиз Қодиров эгаллади. Ғолиб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қимматбаҳо мукофоти, эсдалик совғалари ҳамда 2-даражали диплом билан тақдирланди.
3-ўринни 63,5 балл тўплаган Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Муҳсина Исоқжонова эгаллади. Ғолиб ЎМИ томонидан ажратилган қимматбаҳо мукофот, эсдалик совғалари ҳамда 3-даражали диплом билан тақдирланди.
Қолган иштирокчилар ҳам ЎМИ томонидан мақтов ёрлиқ ва эсдалик совғалар тақдим этилди.
Бухоро шаҳридаги жаҳонга машҳур Мир Араб мадрасасининг 4 курс талабаси Акбар Роҳмановни ва барча устозларини ғалаба билан қутлаймиз. Бу ютуқлар замирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида Мир Араб мадрасасининг мақомини кўтариш ҳақидаги топшириқлари ҳамда бу кўҳна билим даргоҳи ҳақида билдирган юксак ҳурмат ва ишонч турибди, десак ҳечам муболаға бўлмайди.
Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор И.Ахроров
Буюк мутафаккир ва фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг етук шогирди, ҳанафий олим Имом Зарнужий раҳимаҳуллоҳнинг "Таълимул мутаъаллими ториқот таъаллуми" китоби асосида илм олишнинг фойдалари, одоблари, инсон ва жамият тараққиётида илм-фаннинг ўрни ҳақида сўз боради. Саккиз асрдан бери илм аҳли, талабалар ва зиёлилар орасида кенг фойдаланиб келинаётган мазкур асар ҳақида Аллома Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳақида "Кўп фойдаларга эга, нафис, манфаатли китоб", дея таъриф берган.
Абдувоҳид домла Аҳмадалиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси.