Ҳасан ибн Ҳасан билан Зайнул Обидийн ака-уканинг – Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг фарзандлари – амакиваччалар. Нимадир бўлиб иккаласининг гапи чиқишмай қолибди. Жаҳл келса ақл кетади деганларидек, ғазаб отига минган Ҳасан ибн Ҳасан оғзига нима келса қайтармасдан айтиб, уни бас дегунча хақорат қилибди. Ўша вақтда улар жамоат билан масжидда эканлар. Зайнул Обидийн сукут қилиб, жавоб қайтармабди.
Бу ёғини ўзларидан эшитамиз.
“Сўнг уйга қайтдим, қоронғу тушганда тўсатдан кимдир эшик қоқиб қолди. Эшикни очсам, Зайнул Обидийн турибди. У энди росмана жанжаллашгани келган бўлса, керак деб ўйладим. Лекин у мутлақо хотиржам эди: “Эй, оғажон, сен мен ҳақимда айтган гапларинг рост бўлса, Аллоҳ мени мағфират қилсин; агар акси бўлса, сени мағфират қилсин, – деб бир оз сукут сақлаб турди-да, – сенга Аллоҳнинг саломи бўлсин”, – дея ортига қайрилиб кетди. Орқасидан эргашиб, бориб: “Аллоҳга қасамки, иккинчи бор сенга ёқмайдиган иш қилмайман”, деб узр сўрадим. У мени бағрига босиб меҳрли бир сасда: “Менга нима деган бўлсанг ҳаммасидан кечдим”, деди”.
***
Мадиналиклардан бири айтади: “Зайнул Обидийн масжиддан чиқаётганда унга эргашиб сўка бошладим. Ўзи уни сўкишимга бирор сабаб ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган одамлар ёппасига устимга бостириб кела бошлади. Агар мени ушласалар бурда-бурда қилиб ташлаши тайин эди. Шунда у зот одамларга қараб: Унга индаманглар”, деди. Улар тўхташди. Менинг қалтираётганимни кўриб, очиқ чеҳра билан яқинлашди ичимдаги қўрқувни кетказиб, тинчлантира бошлади. Сўнг эса: “Сен каминани билганларинг билан сўкдинг, ҳали сен билмаганлари қанча! Бирор эҳтиёжинг борми, ёрдам берайликми?!” деди. Уятнинг зўридан ҳеч нарса дея олмадим. Хижолатдан терга ботганимни кўриб устидаги тўнини елкамга ташлади-да, менга яна минг дирҳам беришларини амр қилди”.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz