Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар.
Ибн Абдул-Ҳакам ал-Лайс ибн Саъддан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада одамларга қаттиқ очлик етди. Бас, у киши Мисрдаги Амр ибн Оссга мактуб ёзди:
«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Осий ибн Осийга. Салом! Аммо баъд: Умрим ила қасамки, эй Амр! Сен ўзинг ва сен билан бўлганлар тўқ бўлса, мен ва мен билан бўлганлар ҳалок бўлса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!»
Амр ибн Осс унга мактуб ёзди:
«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умарга Амр ибн Оссдан. Аммо баъд: Лаббайка! Яна лаббайка! Батаҳқиқ, сизга бир карвон юбордим. Унинг авали сизнинг ҳузурингизда, охири менинг ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу».
Амр катта карвон юборди. Унинг аввали Мадинага етиб келганида, охири Мисрда эди. Ниҳоятда узун карвон эди. У Умарга етиб келганида одамларга кенглик яратди. У Мадинадаги ҳар бир уй аҳлига бир туяни устидаги таоми билан берди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумни одамларга уларни тақсимлаб бериш учун юборди. Улар ҳар бир хонадон аҳлига бир туяни устидаги таоми билан бердилар. Таомни ейдилар, туяни сўйдилар, гўштини ейдилар, ёғини эритиб олдилар, терисини оёқ кийими қилдилар ва таом солинган матони чойшаб ёки бошқа нарса қилдилар. Шу билан Аллоҳ одамларга кенглик яратди».
Ибн Абу Шайба, ал-Баззор ва Байҳақийлар Ғафранинг озод қилган қули Умардан, жумладан ривоят қиладилар:
Умар: «Бу мол бўйича Абу Бакрнинг ўз фикри бор эди.
Менинг бошқача фикрим бор. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилганларни у зот билан бирга уруш қилганларга ўхшатмайман», деди. Бас, у муҳожир ва ансорларни афзал қилди. Улардан Бадрда иштирок этганларига беш минг-беш мингдан тайин қилди. Исломга Бадр аҳлидан аввал кирганларга тўрт минг-тўрт мингдан тайин қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан ҳар бир аёлга ўн икки мингдан тайин қилди. Фақат София ва Жувайрия розияллоҳу анҳумонинг ҳар бирларига олти мингдан тайин қилди. Улар уни олишдан бош тортдилар.
Шунда у: «Мен уларга ҳижратга қараб тайин қилдим», деди. «Сен уларга ҳижратга қараб эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабаларига қараб тайин қилдинг. Биз ҳам уларнинг мартабасидамиз», дедилар.
Буни қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳаммаларини тенг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробатини ҳисобга олиб, Аббос ибн Абдулмуттолибга ўн икки минг тайин қилди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга тўрт минг тайин қилди.
Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга беш мингдан тайин қилди. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробатлари туфайли оталарига қўшди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога уч минг тайин қилди. Шунда у:
«Эй отажон! Усома ибн Зайдга тўрт минг тайин қилдингиз. Менга уч минг тайин қилдингиз. Унинг отасининг сенда йўқ фазли бўлган эмас. Унинг ўзининг менда йўқ фазли бўлган эмас», деди. Умар: «Унинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг отангдан маҳбуброқ бўлган! Унинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сендан кўра маҳбуброқ бўлган!» деди.
Бадрда иштирок этган муҳожирларнинг болаларига икки мингдан тайин қилди. Унинг олдидан Умар ибн Абу Салама ўтаётганида:
«Бунга минг зиёда қилинглар! (Ёки) «Эй ғулом, бунга минг зиёда қил!» деди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ:
«Бунга нима учун зиёда қиласан? Унинг отасининг бизнинг оталаримизда бўлмаган фазли йўқ эди!» деди.
«Унга Абу Салама розияллоҳу анҳо учун икки минг тайин қилдим. Умму Салама учун минг зиёда қилдим. Агар сенинг Умму Саламадек онанг бўлганида, сенга ҳам минг зиёда қилар эдим», деди.
У Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг акасининг ўғли Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Усмонга саккиз юз тайин қилди. Назр ибн Анасга икки минг тайин қилди. Шунда Толҳа унга: «Сенга Усмоннинг ўғли келганда саккиз юз тайин қилдинг. Ансорлардан бир ғулом келган эди, икки минг тайин қилдинг?!» деди. У: «Мен бунинг отасига Уҳуд куни дуч келдим. У мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. Мен, у зот қатл бўлган бўлсалар керак, дедим. У қиличини яланғочлаб, ўқларини тўғрилади-да: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинган бўлсалар, Аллоҳ тирик, ўлмайди!» деб, қатл бўлгунича жанг қилди.
Анави бўлса қўй боқади. Икковларини баробар қилишимни хоҳлайсизларми?!» деди. Умар умри давомида шунга амал қилди».
Бундан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фуқароларга жамият нафақасини аввалги қилган хизматларига қараб тайин қилишни биринчи бўлиб тартибга солганларини кўрмоқдамиз.
Ҳатто ота ва онанинг хизматлари туфайли уларнинг болаларига ҳам жамият нафақаси тайин қилинган экан.
Наргиза ОДИЛОВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
МУТАХАССИСЛАР СТАТИСТИКАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ:
Ø Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланмоқда.
Ø Дунё бўйича ҳар куни 100 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олмоқда.
Ø Республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради.
Ø Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.
Ø Юртимизда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2282 киши вафот этган.
Ø Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлиллари бўйича 54,5 % ҳодисалар пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ (БМТ) маълумотларига кўра:
è Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,35 миллион киши ҳалок бўлади, яъни ҳар 24 сонияда бир киши ҳалок бўлади.
è Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам қўшилса, фалокат кўлами янада кенгаяди.
è Бундай бахтсиз ҳодисалар 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабидир.
è Жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этади.
è Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар сони бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпайишда давом этаётганидан хавотир билдириб, 26.10.2005 йилда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/60/5 - Қарори билан ноябр ойининг учинчи якшанбасини “Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни” деб эълон қилиш таклифини қабул қилди.
è Ҳар йили 15 май – БМТ Бош Ассамблеясининг буйруғига биноан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги глобал ҳафталиги” ўтказилади.
è БМТ Бош Ассамблеяси “2021-2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар 10-йиллиги”ни эълон қилиб,
– йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни олдини олиш;
– 10 йил мобайнида камида 50 % га камайтириш;
– 2030 йилга келиб йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим ва жароҳатларнинг камида 50 фоизини олдини олиш
га қаратилган улкан мақсадлар билан
2020 йил сентябр ойида «Бутун дунёда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» номли A/RES/74/299 - Резолюциясини қабул қилди.
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси 17/37 оят);
Z «Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз – тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси 49/13 оят);
Z «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «даврани кенгайтирингиз!» – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам керак пайтида кенг жой берур. Яна қачонки, «турингиз!» – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси 58/11 оят);
Z «Кимки бир савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси 6/160 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;
¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;
¯ «Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;
¯ «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);
¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;
¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;
¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ «Поклик – имондандир»;
¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;
¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;
¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;
¯ «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;
¯ «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;
¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;
¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);
¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;
¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;
¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;
¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;
¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;
¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;
¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;
¯ «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;
¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;
¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;
¯ «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;
¯ «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!..» (Имом Бухорий ривоятлари).
(1 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов