Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳаларга йўналтирадиган саноқли мамлакатлар сирасига киради. Ҳозирда ёшларга яратилган имкониятлар, мактаб ва коллежларда кўзни қувонтирадиган шароитларни кўриб Яратганга шукрлар айтасиз. Минг афсуски, шундай шароитлардан фойдаланиш ўрнига кўчаларда тентираб юриб, мактаб ва коллежларга бормаётган ёшларимиз учраб турибди. Бундайларни кўрганда бесамар ўтаётган вақтга ачинасиз.
Муҳтарам юртбошимиз Қашқадарёга борганларида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва вилоят бош имом хатиби Раҳматилла Усмоновга дарсларни мунтазам қолдириб келаётган талаба ёшлар билан суҳбатлар ўтказиш юзасидан кўрсатмалар бердилар. Ана шу асосда диний ходимлар тадбирлар ўтказиб келмоқдалар.
Аждодларимиз: “Ёшликда ўрганилган илм тошга битилган каби мустаҳкам бўлади”, деганлар. Ватандошимиз Имом ал-Бухорий ҳаётини илмга бахшида этиб: “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш учун илм излаши керак эканини уқтирдилар. Демак, шундай юртнинг фарзандларининг илмсиз бўлиб қолишга ҳаққи йўқ. Ёшларимизнинг баҳор фаслидек бебаҳо даврини бефойда нарсаларга сарфлашларига йўл қўймаслик керак.
Илм Аллоҳни танитади. Шу ўринда бир ибратли воқеани келтирамиз: Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романини ёзиш олдидан Шайх Исмоил Махдумдан маслаҳат олиш ниятида Наманганга келади. Суҳбат чоғида Абдулла Қодирий Шайх Исмоил Махдумдан ёшларни дунёвий илмларга қандай қизиқтириш кераклиги ҳақида маслаҳат сўрайди. Шунда у киши Қуръони каримнинг “Ғошия” сурасидаги оятлардан келтириб, “Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига (зоология), осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига (астрономия), тоғларнинг қандай тикланганига (жўғрофия) ва Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига (минерология) боқмайдиларми?!” дебдилар-да, ана шундай қилиб, диний илмга дунёвий илмни боғлаб ўргатиш кераклигини тушунтирибдилар.
Мактаб ва коллежларда ўқувчи ёшлар “илмни инсонларга фойда етказиш учун ўрганаман”, деб ният қилса, ҳам илм ўрганди, ҳам савоб олади.
Устозларимиз ўргатганидек; “дарс” сўзи араб тилида “درس”
“д” – давомат (доим бўлиш);
“р” – риёзат (машаққат чекиш);
“с” – соғлом ва саломат бўлиш деган маъноларни англатади.
Обидхон Икрамов,
ЎМИ Наманган вилоят вакили ўринбосари, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби