Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Бухоро шаҳридаги "Абу Бакр ас-Сиддиқ" жоме масжидида эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқаролар учун навбатдаги маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда масжид имом-ноиби Дилшод домла Ҳодиев ҳамда малакали сурдо-таржимон Дилфуза Жўраева иштирок этди.
Бу галги суҳбат мўмин-мусулмонлар ҳаётида муҳим ўрин тутган "Бировнинг ҳақидан ҳазар қилиш" мавзусига бағишланди. Маърузада ислом динида ўзгалар мулкига тажовуз қилмаслик, ҳалоллик ва покликнинг фазилатлари оят ва ҳадислар асосида кенг ёритилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ақида, фиқҳ ва кундалик ижтимоий ҳаётга доир ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди. Йиғилганларга қулайлик яратиш мақсадида барча маълумотлар ва савол-жавоблар сурдо-таржимон томонидан тушунтириб берилди.
Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга эҳсон совғалари топширилди. Аллоҳ таоло азиз юртдошларимизнинг қалбига қувонч улашиш ва уларга дин арконларини ўргатишга қаратилган бундай хайрли ва савобли ишларни бардавом айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати