Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
“Российская газета”сида “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалишига хизмат қилмоқда” номли таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази илм-фан, таълим ва замонавий рақамли технологияларни бирлаштирган йирик маданий-маърифий платформа сифатида тақдим этилган. Пойтахтимизда қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган ва VII асрга оид муқаддас Усмон Қуръонини сақлайдиган ушбу мажмуанинг ташкил этилиши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ислом динининг маърифий моҳиятини тарғиб қилиш бўйича илгари сурилган ташаббуси билан бевосита боғланади. Учинчи Ренессанс концепцияси ва Шарқнинг буюк алломалари мероси орқали мақолада мамлакат илмий тараққиётининг узвийлиги - қадимги кашфиётлардан тортиб сунъий интеллект, VR ва AR-технологиялари қўлланилган интерактив экспозицияларгача кенг ёритилган.
Шунингдек, нашрда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми якунлари, унда 20 га яқин битимлар имзолангани таъкидланган. Улар орасида Халқаро медиаальянс тузиш, “Цивилизация овози” танловини таъсис этиш ҳамда миллий артефактларни хориждан қайтариш бўйича ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қарорлар ўрин олган бўлиб, бу Ўзбекистон маданий меросини дунёда тизимли тарғиб қилиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати