Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан Туризм қўмитаси ҳамда MARA Технология университети (UiTM) билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва бой маданий меросига бағишланган фотокўргазма ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Малайзия: креатив ва зиёрат туризми” номли тадбирда Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазири Тионг Кинг Синг, Ислом туризм маркази бош директори Моҳаммад Фаисал, маҳаллий сиёсий ва ишбилармон доиралар, вазирлик ва идоралар, маданият ҳамда туризм соҳаси вакиллари, дипломатик корпус ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Анжуман сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудларида барпо этилган янги зиёрат туризми масканлари ҳамда UiTMнинг Санъат, дизайн ва медиа факультети сураткаш ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоасининг шу йил 17–31 август кунлари Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларига амалга оширган ташрифи якунларига бағишланди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев сўзга чиқиб, мамлакатимизда туризм ва маданият соҳаларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, янги сайёҳлик йўналишлари ҳамда инвестициявий имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди. У малайзиялик туроператор ва инвесторларни Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга чақирди.
Ўз навбатида, Малайзия Ислом туризм маркази бош директори Моҳаммад Фаисал икки мамлакат ўртасида зиёрат туризми, маданият, олий таълим ва креатив иқтисодиёт соҳаларидаги алоқаларнинг кенгайиши ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. У Ўзбекистоннинг маданий, зиёрат ва қишки туризм йўналишлари Малайзияда тобора оммалашиб бораётганини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати