Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Индонезиянинг Жанубий Калимантан вилояти уламолар кенгаши бош раиси Шайх Аҳмад Сяирази бошчилигидаги 60 кишилик нуфузли делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонларни Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов қабул қилди. Самимий ва дўстона кечган мулоқотда Индонезиянинг етук олимлари, тадқиқотчилар ҳамда йирик тадбиркорлар иштирок этди.
Учрашувда меҳмонларга юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк аждодларимиз меросини ўрганиш йўлидаги хайрли ишлар ва таълим муассасаларидаги замонавий шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўз навбатида, Шайх Аҳмад Сяирази Ўзбекистондаги юксак меҳмондостлик учун ташаккур билдириб, диний таълим тизимидаги ютуқларни эътироф этди. У келажакда индонезиялик ёшларни юртимизга ўқишга юбориш, хусусан, ҳадис илми бўйича махсус курсларга жалб этиш ниятида эканини таъкидлади.
Шунингдек, индонезиялик тадқиқотчилар Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига сафарларидан олган ёрқин таассуротлари билан ўртоқлашиб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини маълум қилди.
Мулоқот якунида хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати