Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан тизимда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноибларининг касбий маҳоратини ошириш ҳамда Қуръони карим қироатини янада мукаммаллаштиришга қаратилган тизимли ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳа соҳа ходимларининг нафақат илмий салоҳиятини юксалтириш, балки тажвид қоидаларини амалиётда гўзал ва бехато қўллаш кўникмаларини пухталашга хизмат қилмоқда.
Режа асосида ташкил этилаётган навбатдаги дарслар бугун Қашқадарё вилоятида юқори савияда ўтказилмоқда. Қуръон ва тажвидни ўргатиш ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу машғулотларни малакали мутахассиси – Мамасолиев Самандар қори ака олиб бормоқда.
Ушбу ўқув жараёнидан кўзланган асосий мақсад — масжидлардаги қироатлар сифатини юқори босқичга кўтариш ва соҳа ходимларининг тажвид илми бўйича назарий ҳамда амалий билимларини янада мустаҳкамлашдир.
Бу каби амалий сабоқлар имом-хатиб ҳамда имом ноибларининг маънавий ва илмий ривожида муҳим поғона бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати