Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

31.03.2017 й. Деҳқончилик – ризқ-рўзимиз

25.03.2017   8315   10 min.
31.03.2017 й. Деҳқончилик – ризқ-рўзимиз

بسم الله الرحمن الرحيم

Қадрли  намозхонлар! Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, осмондан барокот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло экинлар ва боғларни мисол қилиб келтирилган.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَكُمْ مِنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ  يُنْبِتُ لَكُمْ بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالْأَعْنَابَ وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

Яъни, “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 10-11 оятлар)

Ризқу-рўзимизнинг аксари Ерда етиштириладиган нарсалардан иборатдир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْتَمِسُوا الرِّزْقَ فِي خَبَايَا الْأَرْضِ رواه البيهقي والطبراني 

Яъни, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ризқни ер остидан талаб қилинглар”, дедилар”. (Байҳақий ва Табароний ривоят қилган).

Дарҳақиқат, дастурхонимиздан деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар етиштирган нарсалар узулмайди. Биз эса барака сўраб истеъмол қилаверамиз.

Аллоҳ таоло инсонни  ердан яратиб, ер юзини ободлиги учун уни ерга қўйгандир:

هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنْ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

 Яъни, “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди”. (Ҳуд сураси, 61-оят)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло одамзотнинг асли ер жинсидан яратилгани ҳамда улар ер юзига уни обод қилиш учун қўйилгани хабари бериляпти.

Муҳтарам  жамоат ! Аслида, Аллоҳ таоло ерни Ўзи обод қилиб яратиб бериб,обод ҳолатда сақлаш ҳамда янада обод қилишни биздан талаб қилган. Деҳқончилик агар Аллоҳ буюрганидек амалга оширилса, бу – Ер юзини энг обод қилувчи касблардан саналади. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёки ҳайвон тановул қилса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади – дедилар”.  Имом Бухорий ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ جَابِرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم: مَنْ أَحْيَا أَرْضًا مَيْتَةً، فَلَهُ فِيهَا أَجْرٌ، وَمَا أَكَلَتِ الْعَافِيَةُ مِنْهَا فَلَهُ مِنْهَا صَدَقَةٌ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ

Яъни, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар”. Доримий ривоят қилган.  

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича марҳамат қилинган:

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: ... وَمَنْ أَحْيَا أَرْضًا مَيِّتَةً ثِقَةً بِاللَّهِ وَاحْتِسَابًا كَانَ حَقًّا عَلَى اللَّهِ أَنْ يُعِينَهُ وَأَنْ يُبَارِكَ لَهُ ». رواه البيهقي والطبراني

Яъни, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, деди”. Байҳақий ва Табаронийлар ривоят қилган. (Аллоҳга лозим бўлди дегани – мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир)

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг ваъдасига етишиш учун деҳқонлар қилаётган ишларни ибодат деб қилишлари лозимдир. Ҳалол покиза бўлса, ҳалол покиза йўллар билан меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосилга эга бўлади.

Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди.

Дарҳақиқат, деҳқончиликнинг шарафли касб эканига далолат қиладиган сабаблардан бири бу касб ҳақиқий таваккал қиладиган касбдир. Экишда таваккал, ҳосилини ўриб олгунча таваккал, ҳатто сотиб бўлгунча таваккал қилади.

Деҳқондан таваккал қилиб меҳнат қилиш талаб қилган бўлса, асл ўстириб берувчи эса Аллоҳ таолодир.

Инсон ғурурга кетиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло бу неъматлар Унинг Ўзидан эканини эслатиб шундай дейди:

فَلْيَنْظُرِ الإنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ * أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا * ثُمَّ شَقَقْنَا الأرْضَ شَقًّا * فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا * وَعِنَبًا وَقَضْبًا * وَزَيْتُونًا وَنَخْلا * وَحَدَائِقَ غُلْبًا * وَفَاكِهَةً وَأَبًّا * مَتَاعًا لَكُمْ وَلأنْعَامِكُمْ

Яъни, “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)(Абаса сураси, 24-32 оятлари)

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاءَ الَّذِي تَشْرَبُونَ * أَأَنْتُمْ أَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ * لَوْ نَشَاءُ جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلا تَشْكُرُونَ

Яъни, “Сизлaр ўзлaрингиз ичaётгaн сувни (ўйлaб) кўрдингизми?! Уни булутлaрдaн сизлaр ёғдирдингизми ёки биз ёғдирувчимизми?! Aгaр биз xoҳлaсaк, уни шўр вa aччиқ қилиб қўйгaн бўлур эдик. Бас, (шу оби ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?!” (Воқеа сураси, 68-70 оятлари)

Эътибор берадиган бўлсак, ушбу оятларда Аллоҳ таоло барча ишларни Ўзига нисбат беряпти. Чунки аслида бандани ҳам, унинг қиладиган ишини ҳам Аллоҳ таоло яратган. Шунинг учун банда ҳеч қачон кибрга кетмаслиги лозимдир:

Бандаларнинг касби-корига барака ёғилиши, ёмғир-қорнинг мўл-кўл бўлиши учун бандалар гуноҳ қилишдан сақланиши, имкон қадар кўпроқ истиғфор этишлари лозимдир. Чунки Аллоҳ таоло истиғфорга кўп нарсани ваъда қилган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:

اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا (10) يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا (11) وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا  سورة نوح 12 

 Яъни, “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур”. (Нуҳ сураси, 10-12 оятлари)

     Муҳтарам жамоат! Шу кунларда дала ва боғларда қизғин меҳнат авжида. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилишяпти, бу йилги ҳосилларининг мўл ва баракали бўлишини тилаб дуои хайрлар қилишяпти. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншоаллоҳ, самарасиз қолмайди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан қўшни ва хорижий мамлакатлар билан мева-сабзавотларимизни сотиш бўйича катта ҳажмдаги шартномалар тузилиб, халқ бойиши учун залворли ишлар қилинмоқда. Мазкур ишларда ҳукуматимизга камарбаста бўлишимиз даркор.

   Азизлар намозхонлар! Бу кунлар, яъни, баҳор кунлари ёмғирлар ёғадиган кунлардир. Аллоҳ таоло ёмғирнинг барака олиб келиши ҳақида шундай марҳамат қилган:

وَنَزَّلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً مُبَارَكًا فَأَنْبَتْنَا بِهِ جَنَّاتٍ وَحَبَّ الْحَصِيدِ

Яъни, “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик”. (Қоф сураси, 9-оят)

Ёмғир Аллоҳ таолонинг фазли-раҳмати бўлгани учун ёмғир ёғаётган пайтда қилинган дуонинг ижобат бўлиши умид қилинади. Шундай экан, ёмғир томчилаб турган пайтда юртимиз ва ўзимиз учун муҳим бўлган нарсаларни Аллоҳ таолодан сўраб олишимиз мақсадга мувофиқдир: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن سهل بن سعد قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "ثنتان ما تُرَدَّانِ الدعاء عند النِدَاءِ وَ تَحْتِ الْمَطَرِِ رواه الحاكم والطبراني حديث صحيح 

Яъни, Икки нарса рад қилинмайди; Азон пайтида ҳамда ёмғир ёғиб турган пайтда қилинган дуо (рад қилинмайди), дедилар”. Имом Ҳоким ва Тобаронийлар ривоят қилишган.

Биз намозхонлар ҳам ибодатларимиз ниҳоясида деҳқончилик ва зироатчилик билан шуғулланаётган юртдошларимизга ҳосилларига барака ва ишларига омадлар тилаб, яхши дуолар қиламиз.

Аллоҳ таоло деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги ҳосиллари мўл-кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган ҳосилларини нест-нобуд ва увол қилмай йиғиб-териб олишларини насиб этсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, турмушимизни янада фаровон қилсин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   36231   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари