Юртимиз бозорлари ва дўконларининг пештахталари турли-туман ноз-неъматларга тўла. Хоҳласак хорижда, хоҳласак ўзимизда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қиламиз.
Хорижий мамлакатларда маҳсулотларни сохта йўл билан тайёрлаб сотувга чиқарувчи ширкатлар йўқ эмас. Айрим нобакор тадбиркорлар бойлик орттириш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини сохталаштириш йўли билан маҳсулотни аслига ўхшатиб, чиройли қоғозларга ўраб сотиш ҳоллари кундалик ҳаётимизда учраб турибди.
Пишлоқ ўрнига унга ўхшаш нарсани, қаймоқ ўрнига соусни, апельсин шарбати ўрнига унинг мазасини берувчи ичимликни тайёрлашганини балки эшитгандирсиз. Мутахассислар буни қандай аниқлаш мумкинлиги, маҳсулотларнинг қайсилари ҳақиқий эканлигини, сохталарини қандай йўл билан тайёрланганини аниқлаш устида муайян иш олиб бордилар.
Асалнинг табиийлигини бир неча хил услубда аниқлаш мумкин:
Сохта асалдан куйдирилган шакар мазаси келиб туради.
Уни музлатгичда сақлашни тавсия этишади. (Табиийсига бу шарт эмас.).
Уйингизда кимёвий қора қалам бўлса, унинг ёзадиган учини асалга киргазинг. Агар маҳсулот кўкариб кетса, бу унга сув ёки шакар шарбати қўшилганини билдиради.
Асални сохталаштириш учун унга крахмал, янчилган соя дарахти уни ёки шарбат қўшишади.
Сохта қаймоқ маҳсулотининг ҳақиқий қаймоқдан фарқи унга жонивор ёғининг ўрнига ўсимлик ёғи қўшилган бўлади, сут оқсили соя дарахти оқсили билан алмаштирилган бўлади.
Агар сиз бир қошиқ қаймоқни қайноқ сувга солсангиз, у бутунлай аралашиб кетади. Сохта қаймоқ бундай ҳолатда аралашмай, қайноқ сув солинган идиш тагига чўкади.
Келаётган даромадни кўпайтириш мақсадида нопок ишлаб чиқарувчилар сутга пальма ёғи, меламин, сода ёки крахмал аралаштиришади.
Сохталаштирилган сутни харид қилмасликнинг биргина тўғри йўли— ишончли қўллардан, синалган сотувчилардан сотиб олишдир.
Қизил икрани сохталаштириб, айрим кишилар жуда катта бойлик орттиришади. Уни бўяшади ёки сув ўтларидан тайёрлашади. Табиий икра бармоқлар орасида эзилганда ёрилиб кетади ва бироз тахир мазали бўлади, сохтаси бундай ҳолатда эзилиб, шаклини ўзгартиради. Табиий икрада унинг доналари бутун, тагидаги суюқлик жуда оз ҳолатда бўлади.
Таажжубланарли, лекин факт. Италия мафиячилари сохталаштирилган зайтун ёғидан оладиган даромадлари наркотрафика фойдалари билан рақобатлашади. Унинг нопок ишлаб чиқарувчилари унга ёки бошқа нарса аралаштиришади ёки энг арзон ёғлардан қўшишади. Зайтун ёғининг ҳақиқийлигини унинг нархи қимматлигидан билса бўлади.
Кичкина эксперимент: пахтадан пилик ўраб, зайтун ёғига ботириб олиб, уни ёқилади. Агар олов яллиғи тиниқ ва қурумсиз бўлса, демак шишадаги ёғ шубҳасиз, зайтун ёғидир. Сохта ёғ қора рангда тутаб, чирсиллаб ёнади.
Манба: marketium.ru
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД