بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати ила инсонни яратиб, уни барча жонзотлардан азизу мукаррам айлади. Унга ер юзида гўзал яшаши учун барча нарсаларни қулай қилиб яратиб, улардан қандай фойдаланиш ва қандай асраш лозим эканини ҳам баён қилиб берди.
Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун қароргоҳ қилиб яратди. Осмондан баракот сувларини тушириб, шу сувлар билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини берди. Бир сўз билан айтганда Аллоҳ таоло бу борлиқнинг барчасини инсон учун яратди.
Азиз намозхонлар! Бугунги суҳбатимиз мавсумий суҳбатлардан бири бўлган - баҳор яъни, наврўзи олам ҳақидадир. Мавсумий суҳбатлар бизга умримиз қанчалар тез ўтиб бораётганидан дарак бериб туради.
Ҳа, йилнинг ўтиши, фаслларнинг қиш, баҳор, ёз ва куз бўлиб алмашиши бу – бизнинг умримиз, бизнинг ҳаётимиз, бизнинг бир бўлагимизнинг кетишидир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Эй одам боласи, сен саноқли кунлардан иборатсан. Бир куннинг ўтиши, сенинг бир бўлагинг кетиши демакдир” !
Мана, баҳор фасли ҳам кириб келди. Бу фасл уйғониш, яшариш, кўкаламзорлаштириш фаслидир. Барча мамлакатлар сингари бизнинг она юртимизда ҳам баҳор фасли ўзгача хурсандчилик билан қарши олинади. Ҳукамоларнинг бирига “Фаслларнинг қайси бири яхши?” деб савол қилинганда, у зот: “Кўзга баҳор, оғизга эса куз яхшидир”, деб жавоб берган экан.
Мана бугун баҳор-наврўз арафаси кунларидир. Айни кунларда кўчат экиш ва атроф-муҳитни тоза тутиш айни муддао бўлган ишлардандир. Бу кунда қилинган амаллар зое кетмайди, бу қилинаётган хайрли ишлар асло мукофотсиз қолмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا
Яъни, “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”.( Каҳф сураси, 30-оят).
Мусулмон киши дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофот олиши учун бундай хайрли амалларни Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб қилган бўлиши лозимдир.
Инсон қаерда яшамасин, у қишлоқ бўладими, шаҳар бўладими, истиқомат қилиб турган жойларини обод ва чиройли қилиш ҳаракатида бўлиши лозим!
Мусулмон киши дунёси орқали охиратини обод қилсин, унинг дунёси охирати учун хизмат қилсин.
Ҳа, бугунги баҳор кунларида хайрли амалларни қилишга имкониятимиз жуда ҳам кўп. Лекин бу кунлар кутиб турмайди. Биз бу кунларда мана шундай хайрли ишларни қилсак ҳам, қилмасак ҳам, бу кунлар ўтиб кетаверади. Савобли ишлар машаққатли бўлсада, ажри улкандир. Айниқса, халқ жамият манфаати йўлида қилинган ҳар қандай хайрли иш Яратганнинг ҳузурида ҳам ютуқларга сабаб бўлади. Шунинг учун бефойда ишга чалғимасдан, бу мавсумдан унумли фойдаланайлик.
Шунинг учун бизлар манфаатсиз нарсаларга машғул бўлмасдан, баҳор кунларини ғанимат билайлик. Сайфул Яманий раҳматуллоҳи алайҳ айтган экан: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати уни манфаатсиз нарсага машғул қилиб қўйишидир”.
Айниқса, мана шундай баҳор кунларида хайрли ишларга машғул бўлсак, бугун эксак, эрта ўрамиз, фойдани барчамиз кўрамиз.
Муҳтарам жамоат! Биз умримизни қадрлайлик. Саҳобалар хайрли амаллар қилишга ўта ҳарис бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг расули, қайси амал яхши?” деб савол қилар эди ва жавобни олиши биланоқ, шу амални қилишга шошилишарди. Баҳор фасли – хайрли амалларни қўлга киритишда биз учун энг ғанимат фурсатлардан биридир.
Ризқу-рўзимизнинг аксари ерда етиштирилади. Дастурхонимиздан деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар етиштирган неъматлар узилмайди. Биз эса барака сўраб истеъмол қилаверамиз.
Деҳқончилик Аллоҳ буюрганидек амалга оширилса, бу ҳам ибодатдир. Чунки динимиз деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёки ҳайвон тановул қиса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади” – дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عن النبي صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ: إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ السَّاعَةُ حَتَّى يَغْرِسَهَا ، فَلْيَغْرِسْها
رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فى الادب المفرد
Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирортангизнинг қўлингизда кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин”, дедилар”.
Эътибор беринг! Динимиз фойдали иш қилишга шунчалик чорлаганки, ҳатто инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, узоқ йиллар давомида жамиятга манфаат келтирадиган яхшилик ва эзгу ишларга тарғиб қилинмоқда.
Имом Нававий: “Касбларнинг энг яхшиси қўл меҳнати билан қилинган иш бўлса, деҳқончилик – энг яхшисидир, чунки унда қўл меҳнати ҳам бор, Аллоҳга таваккал қилиш ҳам бор, шунингдек, инсон ва ҳайвонларга манфаат етказиш ҳам бор”, деганлар.
Дарҳақиқат, деҳқонлар ҳақиқий таваккал қилувчидирлар. Улар экин экишда таваккал қилишади, ҳосилни йиғиб олгунча таваккал қилишади, ҳатто сотиб бўлгунча ҳам таваккал қилишади.
Энг асосийси, деҳқон ҳаракати сабабли Аллоҳ таоло бутун халқнинг ризқини бериб келмоқда. Шу боис, барчаларимиз шукрона дуолар қилишимиз керак.
Муҳтарам жамоат! Шу кунларда дала ва боғларда қизғин меҳнат авжида. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилиб, бу йилги ҳосилларининг мўл бўлишини сўраб Аллоҳга дуои хайрлар қилишяпти. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншоаллоҳ, самарасиз қолмайди.
Азизлар! Аллоҳ таоло инсон зотини ердан яратиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنْ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا
Яъни, “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди.” Ҳуд сураси, 61-оят
Бу оятдан маълум бўладики, ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – инсоннинг бурчидир. Ер юзини обод қилиш эса энг аввало Аллоҳнинг буйруғига ҳамда Ислом шариатига мувофиқ ҳаёт кечириш билан амалга ошади.
Мана бугун баҳор-наврўз кунларидир. Айни кунларда нафақат кўчат экишга, балки теварак-атрофнинг покизалигига ҳам катта эътибор қаратиш лозимдир. Биз мусулмонлар поклик борасида барча инсонларга намуна бўлишимиз керак. Чунки бизнинг динимиз поклик динидир. Бизнинг Раббимиз покликка буюради, пок бандаларини яхши кўради. Қуръони каримда шундай дейилган:
إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ
Яъни, “Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”. (Бақара сураси, 222-оят).
Муҳтарам азизлар! Сизу биз мана шундай гўзал диёрда яшар эканимиз, ўз-ўзидан зиммамизга бир қатор фарзандлик ва фуқаролик бурчлар юкланади. Шу Ватанни асраб-авайлаш, қўриқлаш, уни келгуси авлодларга муносиб тарзда қолдириш кабилар. Яна шундай бурч ҳам борки, шу диёрнинг ҳар бир қарич ерини азиз билиб, унинг дов-дарахтлари, ўсимликлари, ҳайвонот олами қўйинки, бутун табиатни асраб-авайлашдир. Минг афсуски, баъзида ҳамма ҳам бу қоидаларга ёҳуд бурчларга бирдай амал қилмаётганининг гувоҳи бўламиз. Айрим кишиларнинг хали-ҳануз уюм-уюм ахлатларини анҳорларга, ариқларга оқизаётгани, чиқиндиларни хеч бир истиҳоласиз сувларга улоқтираётгани ачинарли ҳолдир. Ахир бу сув ҳам Аллоҳ ато этган неъматлардан эмасми, ундан оқилона фойдаланиш, унинг тозалигини сақлаш жамиятга беҳад наф келтиришини бир ўйлаб кўрайлик.
Уйдаги чиқиндилар ва ахлатларни кўчага чиқариб, белгиланган жойга олиб бормасдан, йўлда хоҳлаган ерга ташлаб кетувчи, бепарво лоқайд кимсалар лаънатга қолишдан қўрқишлари керак. Айниқса, турли хил юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўладиган чиқиндиларни сув манбаларига яқин жойларга уларнинг ўзанларига, катта ариқ бўйларига, кўчаларга тўкиб кетиш катта гуноҳ.
Муоз ибн Жабалдан (р.а.) Абу Довуд ривоят қилавди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларига ҳамда соя салқин ерларга ахлат ташлаб лаънатга қолишда қўрқинглар, дедилар. Демак, ислом динида кўча, йўлга, ариқлар ва улардаги сувларга ҳар хил чиқинди-ахлатларни ташлаб нопок қилиш қаттиқ қораланар экан.
Шунинг учун ҳам нуроний отахон-онахонларимиз ёшларга сабоқ беришда “сувга қараб супурма”, уммон олдида бўлсанг ҳам сувни исроф қилма деб, панд насиҳатларни кўп бора этадилар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин (ислом) поклик устига қурилгандир”, дейдилар. Демак, поклик-озодалик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади. Шу йўлда амал қилган кишига юқори мартаба ва улкан ажр-савоблар берилади.
Ислом дини атроф муҳитни озода сақлашга, ободонлаштиришга чорлайди. Бунинг учун эса, ҳар биримизга боғлиқ ва қўлимизда келадиган ишларни қилишимиз, яъни уй-ҳовли, маҳаллаларимиз, атроф-муҳитни озода сақлашимиз, ҳар хил чиқиндилар ташланишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу бизнинг инсонийлик, фуқаролик, мусулмонлик бурчимиз эканини асло унутмайлик. Ҳамда фарзандларимизга ҳам буларни ўргатайлик, азизлар!
Зеро, Аллоҳ таоло жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим бериб марҳамат қилган:
وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ
Яъни, “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”. (Зориёт сураси, 55-оят).
Муҳтарам жамоат! Аслида биз доимо покликка ва озадагарчиликка риоя қилишимиз лозимдир. Хусусан, мана шундай хос кунларда ҳашарлар уюштириб, кўпчилик билан бажариладиган катта ишларни амалга ошириб олишга алоҳида эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқдир. Саҳобаи киромлар бу борада бизга намуна бўлишган. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуни Басрага волий қилиб юборганида, Абу Мусо Басра аҳлини йиғиб, уларга шундай деган эди:
إنَّ أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ عُمَرَ بَعَثَنِي إلَيْكُمْ أُعَلِّمَكُمْ كِتَابَ رَبِّكُمْ، وَسُنَّةَ نَبِيِّكُمْ وَأُنَظِّفَ لَكُمْ طُرُقَكُمْ
Яъни, “Мўминларнинг амири Умар мени сизларга Раббингизнинг китоби ва пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишга ҳамда йўлларингизни тозалашим учун юбордилар”.
Одамларнинг оғзи очилиб, лолу-ҳайрон қолдилар. Чунки улар одамларга таълим-тарбия бериш, уларга диннинг таълимотларини ўргатиш волийнинг зиммасидаги ишлардан эканини яхши билишарди. Аммо йўлларни тозалаб бериш ҳам унинг зиммасидаги ишлардан экани улар учун янги гап эди. Улар: “Волий ўзини халқнинг хизматчиси деб биладими?” деб, ҳайрон қолишди.
Ҳа, Исломни яқиндан билмайдиган кишиларга бу жуда ҳам ғалати туйилади. Аслида бу оддий ҳолдир. Чунки динимиз поклик динидир. Динимизда поклик иймондандир. Атроф-муҳитни пок сақлаш эса ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир. Бугунги кунда юртимиз раҳбари томонидан Ватанимиз ободлиги йўлида ҳар бир минтақага шахсан ўзлари бориб, халқ билан бевосита юзма-юз мулоқот қилаётгани ҳамда бошқа мутасаддилардан ҳам бу ишни талаб қилаётгани сўзимизнинг тасдиғидир.
Бугун шодиёна айёмда, Аллоҳ таолога барчаларимизни ушбу қутлуғ дамларга соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказгани учун шукроналар айтамиз.
Аллоҳ таолодан бу йилги баҳорни юртимиз учун барокотли қилиб, халқимизнинг яхши ниятларда қадаган уруғлари сермаҳсул бўлишини насиб айлашини, маҳаллаларимиз, далаларимиз ва юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч-омонликда сақлаб, икки дунё саодати йўлида олиб бораётган амаллари ва саъй-ҳаракатларига баракотлар ато этишини сўраб дуолар қиламиз. Омин!
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси