Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Муовия ибн Аъмр ибн Молик ибн Нажжор ибн Саълаба ибн Аъмр Хазражий. Мадинаи мунавварада туғилганлар. У зот имом, қори, фақиҳ ва муфассир эдилар. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида қатнашган.
У зотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Абул Мунзир” деб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса “Абу Туфайл” дея куня билан чақирганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини “мусулмонларнинг саййиди” дер эдилар. У зотнинг онаси Суҳайла бинти Нажжор, у эса Абу Толҳа ансорийнинг аммаси эди.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг васфи ҳақида: соч ва сақоллари оқ эди дейилган.
Убай ибн Каъб ибн Қайс розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни ёзувчи котиб, иккинчи ақаба байъатида қатнашган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмни тўрт кишидан олинглар: Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан”, деб айтганларида, улар орасида саналган зотдирлар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Абал Мунзир! Сенингча Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” Дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Мен Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир”, дедим. У зот: “Ё Абал Мунзир! Сенингча Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” Дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Мен Оятул Курсий дедим”, дедилар. У зот мени кўксимга уриб, “Аллоҳ сенга илмни муборак қилсин”, дедилар”.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу фақиҳ саҳобаларнинг бири, ваҳийни ёзиб қайд этувчи, Қуръон қориларининг энг афзали ва ақаба байъатида қатнашган ўн икки саҳобанинг бири бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада бўлмаган вақтларида Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни мусулмонларга имомлик қилишларига буюрар эдилар. Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу: “мусулмонларнинг саййиди Убай ибн Каъб” деганлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи “Саҳиҳул Бухорий”да қуйдаги воқеъани келтирадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Баййина” сураси нозил бўлганда, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: “Албатта Аллоҳ таоло менга бу сурани сенга ўқиб беришимни буюрди” дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло мени исмимни айтдими?”, Дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ҳа, Аллоҳ таоло сени исмингни айтди”, дедилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар.
Жобия жанги:
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу билан Жобия жангида қатнашдилар. Жобияда Умар розияллоҳу анҳу хутба қила туриб: “Эй инсонлар! Кимда ким Қуръондан савол сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъбдан сўрасин” дедилар.
Абдуллоҳ ибн Нусойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У “Убай ибн Каъб касал бўлиб қолганда, уни кўришга бордик. У нидо қилувчини чақириғини эшитиб: “бу азонми ё такбирми?” Деб сўради. Биз унга “такбир” дедик. У: “нимани кутмоқдасизлар? Намозга шошилмайсизларми?” Деди. Биз: “сени бу холатда ташлаб кетамизми?” Дедик. У: “бундай қилманглар! Туринглар! Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга бомдод намозини ўқиб бериб бўлиб, юзлари билан жамоатга юзланиб: “Фалончи борми? Фалончи борми?” Деб намозга келмаган уч кишини чақирдилар. Ва “Албатта, мунофиқларга энг оғир намоз Бамдод билан Хуфтондир. Агар улар бу икки намозда нима борлигини билганларида эди, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Шуни билингки, ёлғиз ўқилган намоздан икки киши бўлиб ўқилган намоз афзал. Сизларни кўпчилик билан ўқиган намозингиз, у Аллоҳга севимлироқдир. Албатта биринчи саф фаришталарнинг сафи сингаридир. Агар уни фазилатини билганларида эди, албатта унга шошилган бўлардилар. Огоҳ бўлинг! Албатта жамоат намози ёлғиз, жамоатсиз ўқилган намоздан 24 ёки 25 даража афзалдир” деганлар, деди.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Мадинаи мунавварада 649-йили вафот этадилар.
Манбалар асосида Тожиддинов
Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
Ü Ота-она рози – Худо рози!
Ü Яхши ўғил ота молини бийлар,
Ёмон ўғил ота молини сочар.
Ü Ўзингга раво кўрмаганни
Ўзгага ҳам раво кўрма!
Ü Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –
Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!
Ü Яхшига қилсанг яхшилик –
Ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик –
На айтади, на қайтади.
Ü Кўза кунда эмас, кунида синади.
Ü Одоб билан бахт топилар,
Сабр билан – тахт.
Ü Ошиқмаган олисга етар.
Ü Сабр – аччиқ, меваси – ширин.
Ü Сабр таги – раҳмон,
Шошган иши – шайтон.
Ü Аччиқ савол бериб,
Ширин жавоб кутма.
Ü Аччиқ тил – заҳри илон,
Чучук тилга – жон қурбон.
Ü Сабр этган етар муродга,
Бесабр – қолар уятга.
Ü Сабр этган – муродга етган.
Ü Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.
Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.
Ü Қарғишнинг икки учи бўлар.
Ü Сабрли бўлсанг – ўзарсан,
Сабрсиз бўлсанг – тўзарсан.
Ü Узун тил – бошга тўқмоқ,
Бўйинга – сиртмоқ.
Ü Сабрли кишининг иши соз!
Ü Сабрлининг бошига олма битар,
Сабрсизнинг бошига – ғавғо.
Ü Сувсаган ўлмас, ҳовлиққан ўлар.
Ü Сўраган адашмас, ўйловчи шошмас.
Ü Тек юрган, тўқ юрар.
Ü Той минган от ҳам минар.
Ü Тоқат қилсанг, тоғ эгилар,
Сабр қилсанг – боғ эгилар.
Ü Тоқатлига тоғлар эгар бошини,
Бетоқатнинг итлар еяр лошини.
Ü Чопиб борган ерга,
Юриб борса ҳам бўлар.
Ü Шошган ишга шайтон қўшилар.
Ü Дўст орттираман десанг –
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг –
Чақиртикан бўл!
Ü Шошган эр уйига етолмас,
Шошган қиз эрга ёлчимас.
Ü Шошганнинг иши ўнгмас.
Ü Яхши гап билан илон инидан чиқар,
Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.
Ü Шошилган йиқилар,
Шошмаган ойга чиқар.
Ü Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.
Ü Ҳамма яхши – мен ёмон,
Ҳамма буғдой – мен сомон.
Ü Ўзига боқма – сўзига боқ!
Ü Таом лаззати ўзида,
Одам лаззати – сўзида.
Ü Ҳар меванинг пўчоғи бор,
Ҳар сўзнинг ўлчови бор.
Ü Тилингда бўлса болинг –
Кулиб турар иқболинг.
Ü Ёмон тил бошга бало келтирар.
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
Ü Мазлумлар дилини оғритма бир зум,
Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...
Ü Шошмасанг, тез етасан,
Шошгандан ўзиб кетасан.
Ü Яхши от кейин чопар.
Ü Кимки қилса ёмонлик – асло топмас омонлик.
Ü Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,
Беқаноат – отини сўяр.
УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:
v Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...
Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.
Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:
– Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.
...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.
Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...
Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:
– Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.
– Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...
– Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.
– Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.
У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:
– Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.
– Ота, нега узиб қуйишим керак?
– Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.
Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.
Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.
У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.
Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...
Шунда Хақ Таоло:
– Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.
Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...
v «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».
(Ҳожа Аҳмад Яссавий)
v «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».
(Алишер Навоий)
v «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,
Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.
Қулоғимга берган пандинг олайин,
Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».
(Махтумқули)
v «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».
(Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)
v «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,
Беш маҳал саждаю намозинг бекор.
Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни
Агар бир мўминга етказсанг озор».
(Абдулла Орипов)
v «Маккага етти қат борганча бўлур,
Бошини силасанг ўксик инсонни».
(Абдулла Орипов).
(2 – қисм тугади. Давоми бор...)
Иброҳимжон домла Иномов.