Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Муовия ибн Аъмр ибн Молик ибн Нажжор ибн Саълаба ибн Аъмр Хазражий. Мадинаи мунавварада туғилганлар. У зот имом, қори, фақиҳ ва муфассир эдилар. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида қатнашган.
У зотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Абул Мунзир” деб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса “Абу Туфайл” дея куня билан чақирганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини “мусулмонларнинг саййиди” дер эдилар. У зотнинг онаси Суҳайла бинти Нажжор, у эса Абу Толҳа ансорийнинг аммаси эди.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг васфи ҳақида: соч ва сақоллари оқ эди дейилган.
Убай ибн Каъб ибн Қайс розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни ёзувчи котиб, иккинчи ақаба байъатида қатнашган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмни тўрт кишидан олинглар: Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан”, деб айтганларида, улар орасида саналган зотдирлар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Абал Мунзир! Сенингча Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” Дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Мен Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир”, дедим. У зот: “Ё Абал Мунзир! Сенингча Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” Дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Мен Оятул Курсий дедим”, дедилар. У зот мени кўксимга уриб, “Аллоҳ сенга илмни муборак қилсин”, дедилар”.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу фақиҳ саҳобаларнинг бири, ваҳийни ёзиб қайд этувчи, Қуръон қориларининг энг афзали ва ақаба байъатида қатнашган ўн икки саҳобанинг бири бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада бўлмаган вақтларида Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни мусулмонларга имомлик қилишларига буюрар эдилар. Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу: “мусулмонларнинг саййиди Убай ибн Каъб” деганлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи “Саҳиҳул Бухорий”да қуйдаги воқеъани келтирадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Баййина” сураси нозил бўлганда, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: “Албатта Аллоҳ таоло менга бу сурани сенга ўқиб беришимни буюрди” дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло мени исмимни айтдими?”, Дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ҳа, Аллоҳ таоло сени исмингни айтди”, дедилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар.
Жобия жанги:
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу билан Жобия жангида қатнашдилар. Жобияда Умар розияллоҳу анҳу хутба қила туриб: “Эй инсонлар! Кимда ким Қуръондан савол сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъбдан сўрасин” дедилар.
Абдуллоҳ ибн Нусойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У “Убай ибн Каъб касал бўлиб қолганда, уни кўришга бордик. У нидо қилувчини чақириғини эшитиб: “бу азонми ё такбирми?” Деб сўради. Биз унга “такбир” дедик. У: “нимани кутмоқдасизлар? Намозга шошилмайсизларми?” Деди. Биз: “сени бу холатда ташлаб кетамизми?” Дедик. У: “бундай қилманглар! Туринглар! Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга бомдод намозини ўқиб бериб бўлиб, юзлари билан жамоатга юзланиб: “Фалончи борми? Фалончи борми?” Деб намозга келмаган уч кишини чақирдилар. Ва “Албатта, мунофиқларга энг оғир намоз Бамдод билан Хуфтондир. Агар улар бу икки намозда нима борлигини билганларида эди, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Шуни билингки, ёлғиз ўқилган намоздан икки киши бўлиб ўқилган намоз афзал. Сизларни кўпчилик билан ўқиган намозингиз, у Аллоҳга севимлироқдир. Албатта биринчи саф фаришталарнинг сафи сингаридир. Агар уни фазилатини билганларида эди, албатта унга шошилган бўлардилар. Огоҳ бўлинг! Албатта жамоат намози ёлғиз, жамоатсиз ўқилган намоздан 24 ёки 25 даража афзалдир” деганлар, деди.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Мадинаи мунавварада 649-йили вафот этадилар.
Манбалар асосида Тожиддинов
Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажингиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!” (Имом Бухорий, 3/1773; Имом Муслим, 2/1349).
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Имом Бухорий, 2/1519; Имом Муслим, 1/83).
Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?
«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.
Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:
1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: “Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир” (Имом Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).
Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.
2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий, 2/808).
Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.
3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:
“Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Ибн Абу Шайба, 3/12785).
Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.
Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.
Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).
Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.
Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.
4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?
5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.
6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.
7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки унинг «холис ҳаж» деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.
Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ