Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Масруқ ибн Аждаъ

14.03.2017   10539   3 min.
Масруқ ибн Аждаъ

Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг исми Абу Оиша Масруқ ибн Аждаъ ибн Молик ибн Умайя ибн Абдуллоҳ Водиъий Ҳамадонийдир.

Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг отаси исломни қабул қилиб, ўғли билан Мадинаи мунавварага кўчиб келади. Масруқ роҳимаҳуллоҳ Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан таълим олиб, униб ўсади. Шунинг учун ҳам У зот тобиъинларнинг улуғларидан биридир.

Онаси Бани Зубайднинг чавандози Аъмр ибн Маъд Якрабнинг синглиси эди. Масруқ роҳимаҳуллоҳ Яман чавандозларидан бири бўлиб улғайдилар. Бу зотнинг Масруқ деб номланишларига сабаб, ёшликларида ўғирлаб кетилиб, кейинчалик топилганликларидир.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ҳеч ажрамайдилар, доим бирга юрадилар. Шу сабаб Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо: “Эй Масруқ! Албатта сен мени боламдек бўлиб қолдинг”, деганлар.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ Қуддус фатҳида ва ундан бошқа ислом фатҳларида қатнашганлар. Сиффин жангида инсонларга: “Эй инсонлар! Қўлларингизни уруш қилишдан тийинглар!”, деганлар.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ Кўфада яшаганлар ва инсонларга фатво берувчи бўлганар. У кишининг аёли Қумайр ибн Аъмр: “Масруқ оёқлари шишиб кетгунга қадар намоз ўқир эди. Гоҳида унинг бу ҳолатини кўриб, уни ортига ўтиб йиғлар эдим” дейдилар.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Хаббоб ибн Арт, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Аъмр ибн Осс, Оиша бинти Абу Бакр, Убайд ибн Умайр Лайсий, Умму Румон бинти Омир Кинонийя, Муоз ибн Жабал, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Субайъа Асламийя, Маъқал ибн Синон, Муғира ибн Шўъба, Зайд ибн Собит ва Умму Салама розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоятлар қилганлар.

Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг ана шундай  забардаст саҳобий  олимларга  ва айниқса Ибн Масъуддек устозга шогирд бўлиши Аллоҳнинг каломи  маъноларини чуқур билиши  ва уни тафсир қилишда пешволик мартабасини топишига  сабаб бўлган. Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди кучлилиги  ҳақида Абу Исҳоқ шундай ривоят қилган: «Масруқ ҳажга борганда ётиб ухлашдан воз кечган, ухласа ҳам саждага бош қўйиб ухларди.

Масруқ роҳимаҳуллоҳдан Омир Шаъбий, Иброҳим ибн Язид Нахаъий, Яҳё ибн Васоб, Абдуллоҳ ибн Мурраҳ Хорифий, Шақиқ ибн Саламаҳ, Яҳё ибн Жаззор, Абу Зуҳо Муслим ибн Субайҳ, Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн  Масъуд, Убайд ибн Нузайла, Макҳул Шомий, Абу Исҳоқ Субайъий, Муҳаммад ибн Мунташир ибн Аждаъ, Муҳаммад ибн Нашр Ҳамадоний, Абу Аҳвас Жашмий, Айюб ибн Ҳоний, Аммораҳ ибн Умайр, Ҳаббол ибн Руфайда, Анас ибн Сирийн Ансорий, Абу Шаъсои Маҳорибий, Қосим ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Қумайр ибн Аъмр роҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилишган.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ устози Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Мен ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан тафсир соҳасида кўп илм олдим. Устозимиз бизга аввал Қуръон сураларидан қироат қилиб берардилар. Кейин  унинг маъноларини тушунтириб тафсир қилиб берардилар» деганлар.

Масруқ роҳимаҳуллоҳ 62 ҳижрий санада вафот этадилар.

 Манбалар асосида Тожжиддинов

Абдусссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон дунёдаги энг тинч мамлакатлар рейтингида 37-ўринни эгаллади

09.09.2026   45865   1 min.
Ўзбекистон дунёдаги энг тинч мамлакатлар рейтингида 37-ўринни эгаллади

Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижи яна бир муҳим рейтингда ўз тасдиғини топди.

Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics & Peace — IEP) томонидан эълон қилинган «Global Peace Index 2026» рейтингида Ўзбекистон 163 давлат орасида 37-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг умумий кўрсаткичи 1,726 баллни ташкил этди, хабар бермоқда ЎзА.

Эътиборлиси, Ўзбекистон бир йил ичида рейтингда сезиларли юқорилаган. 2025 йилда мамлакат 67-ўринда қайд этилган бўлса, 2026 йилда 37-поғонага кўтарилди. Бу бир йилда 30 поғона юқорилаш дегани.

Ўзбекистон нафақат глобал рейтингда юқори ўринни эгаллади, балки Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам биринчи бўлди. Рейтингда Қозоғистон 44-ўринни, Тожикистон 47-ўринни, Қирғизистон 61-ўринни, Туркманистон эса 66-ўринни эгаллаган.

Шу тариқа, Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорлик даражаси бўйича қўшни давлатлар орасида энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Ўзбекистоннинг “Global Peace Index 2026” рейтингида 37-ўринни эгаллаши мамлакатнинг халқаро туристик имижи учун ҳам муҳим ижобий кўрсаткич ҳисобланади.

Самарқанд ва Бухоронинг тарихий мероси, Хиванинг бетакрор муҳити, Тошкентнинг замонавий қиёфаси сайёҳларни жалб қилса, мамлакатдаги тинчлик ва хавфсизлик уларнинг Ўзбекистонни саёҳат манзили сифатида танлашини янада рағбатлантириши мумкин.

67-ўриндан 37-ўринга кўтарилиш эса Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тинч, хавфсиз ва барқарор мамлакат сифатидаги имижи мустаҳкамланаётганини кўрсатувчи муҳим натижалардан бири.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари