Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони каримни тўла ёд олди. 1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди. 1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жоме масжидида имом-хатиблик қилди. 1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди. 1995-2011 йиллар шу тумандаги Ҳасанбойота жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. Яҳё қори ҳозирда ушбу масжид имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритмоқда.
– Устоз, болалик йилларингиз, қалбингизда Қуръони каримга илк муҳаббат уйғотган ота-онангиз, устозларингиз, имомлик фаолиятига кириб келишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мен деҳқон оиласида таваллуд топдим. Отам деҳқончилик билан шуғуллансада, аҳли илмга мухлис, домлаларнинг хизматига шай бўлган инсон эди. Онам ҳам жуда ўқимишли аёл бўлган. Онамнинг айтишларича беш фарзанддан ёлғиз мен тирик қолган эканман. Қолган тўрт нафар жигарларим қизил чечак деган касаллик сабаб вафот этишган.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онамдан (Аллоҳ раҳматига олсин) олдим. Уларнинг фарзандим олим бўлсин деган саъй-ҳаракатлари билан 13 ёшимда Қуръони каримни тўлиқ ёдладим. Шунингдек устозларим Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан таълим олдим. Мактаб йиллари таълим олиш жуда мушкул эди. Дафтар, қалам оз бўлгани боис, тахтачага кўмир ё бўр билан алифбони ёзиб, ёдлаб бўлганимиздан сўнг, ўчириб бошқа ҳарфларни ўрганардик.
1954 йил олим бўлишимни истаган отам 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган Шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олдим, 1960 йилда мадрасани тамомлаганимдан кейин домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишладим. Бироқ шу йилнинг ўзида устозимнинг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топдим. 1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирдим. 1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келдим. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишладим. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйдим. 1976 йилда Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон (Аллоҳ раҳматига олсин) билан танишдим. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирдим. Шу тариқа имомлик фаолият бошланди.
– Қуръони каримни ёд олувчи, тиловат қилувчи олдин унинг ҳақларини тўлиқ билиб олиши ҳамда уларга риоя этиши ва бунда лоқайдликка йўл қўймаслиги лозим. Шундай экан, Қуръонни тиловат қилувчида Каломуллоҳнинг қандай ҳақлари бор?
– Қорилар Қуръонни ҳурмат қилишлари керак. Бинобарин, Аллоҳнинг каломи Қуръони карим қанча эъзозланса жунча оз. Домлаларимиз бизга Қуръонни кўкракдан пастга қўйиш гуноҳ, деб қўп бора таъкидлашарди.
Қориларнинг Қуръони каримдаги ҳақларидан яна бири унга амал қилишдир. Қайсики қори эл орасида ҳурматга сазовор бўлса, билингки Аллоҳ у бандани ўқиган Қуръонига амал қилгани, Қуръоннинг ҳаққини адо этгани учун азиз қилган. Халқимиз орасида машҳур бўлган Раҳматуллоҳ қори, Абдурашид қори, Ҳасан-Ҳусан каби қорилар айнан илмларига амал қилганлари учун ҳам Аллоҳ бошқа илм эгаларидан кўра бу қориларни мартабасини баланд қилгани ҳаётий бир мисол.
Бундан ташқари қори мунтазам равишда Қуръони каримни тиловат, такрор қилиб туриши ҳам Қуръоннинг ҳақларидандир. Шу боис, доимо шогирдларимизга ҳар куни Қуръонни оз бўлсада такрор қилишларини таъкидлайман. Баъзан шогирдларим устоз бир кунда бир-икки пора эмас, беш-олти пора ўқишга қодирман деса, йўқ, оз бўлсада бардавом бўлсин, бир кунда беш-олти ўқиб, кейин бир ҳафта ўқишга қодир бўлмай қолгандан кўра, ҳар куни оз-оздан такрор қилинг, деб маслаҳат бераман. Агар қори ҳар куни икки порадан ўқиса, бир йил давомида йигирма тўрт маротаба Қуръонни ҳатм қилади. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳга энг севимли бўлган ибодат оз бўлса ҳам доим бўлганидир, деганлар.
Афсуски, ҳозирда баъзи қориларимиз Қуръонни фақатгина Рамазон ойи кириши арафасида такрор қилиб, ҳатмга ўтмоқдалар. Бу Қуръонни ҳаққини адо этмаслик ҳисобланади. Ўзим ҳам ҳар куни камида икки пора қилишга одатланганман, бомдод намозидан аввал бир-бир ярим пора тиловат қиламан.
– Фарзандим қори бўлсин деган ният бўлган ота-оналар учун тавсияларингизни айтсангиз.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.
Даврон НУРМУҲАММАД
суҳбатлашди.
Шаҳзод ШОМАНСУРОВ
суратга олди.
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати