Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Фарзандим қори бўлсин десангиз

13.03.2017   22423   6 min.
Фарзандим қори бўлсин десангиз

Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони каримни тўла ёд олди. 1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди. 1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жоме масжидида имом-хатиблик қилди. 1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди. 1995-2011 йиллар шу тумандаги Ҳасанбойота жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. Яҳё қори ҳозирда ушбу масжид имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритмоқда.

Устоз, болалик йилларингиз, қалбингизда Қуръони каримга илк муҳаббат уйғотган ота-онангиз, устозларингиз, имомлик фаолиятига кириб келишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Мен деҳқон оиласида таваллуд топдим. Отам деҳқончилик билан шуғуллансада, аҳли илмга мухлис, домлаларнинг хизматига шай бўлган инсон эди. Онам ҳам жуда ўқимишли аёл бўлган. Онамнинг айтишларича  беш фарзанддан ёлғиз мен тирик қолган эканман. Қолган тўрт нафар жигарларим қизил чечак деган касаллик сабаб вафот этишган.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онамдан (Аллоҳ раҳматига олсин) олдим. Уларнинг фарзандим олим бўлсин деган саъй-ҳаракатлари билан 13 ёшимда Қуръони каримни тўлиқ ёдладим. Шунингдек устозларим Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан таълим олдим. Мактаб йиллари таълим олиш жуда мушкул эди. Дафтар, қалам оз бўлгани боис, тахтачага кўмир ё бўр билан алифбони ёзиб, ёдлаб бўлганимиздан сўнг, ўчириб бошқа ҳарфларни ўрганардик.

1954 йил олим бўлишимни истаган отам 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган Шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олдим, 1960 йилда мадрасани тамомлаганимдан кейин домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис  бўлиб ишладим. Бироқ шу йилнинг ўзида устозимнинг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топдим. 1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирдим. 1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келдим. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишладим. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйдим. 1976 йилда Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон (Аллоҳ раҳматига олсин) билан танишдим. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирдим. Шу тариқа имомлик фаолият бошланди.  

– Қуръони каримни ёд олувчи, тиловат қилувчи олдин унинг ҳақларини тўлиқ билиб олиши ҳамда уларга риоя этиши ва бунда лоқайдликка йўл қўймаслиги лозим. Шундай экан, Қуръонни тиловат қилувчида Каломуллоҳнинг қандай ҳақлари бор?

Қорилар Қуръонни ҳурмат қилишлари керак. Бинобарин, Аллоҳнинг каломи Қуръони карим қанча эъзозланса жунча оз. Домлаларимиз бизга Қуръонни кўкракдан пастга қўйиш гуноҳ, деб қўп бора таъкидлашарди.

Қориларнинг Қуръони каримдаги ҳақларидан яна бири унга амал қилишдир. Қайсики қори эл орасида ҳурматга сазовор бўлса, билингки Аллоҳ у бандани ўқиган Қуръонига амал қилгани, Қуръоннинг ҳаққини адо этгани учун азиз қилган. Халқимиз орасида машҳур бўлган Раҳматуллоҳ қори, Абдурашид қори, Ҳасан-Ҳусан каби қорилар айнан  илмларига амал қилганлари учун ҳам Аллоҳ бошқа илм эгаларидан кўра бу қориларни мартабасини баланд қилгани ҳаётий бир мисол.

Бундан ташқари қори мунтазам равишда Қуръони каримни тиловат, такрор қилиб туриши ҳам Қуръоннинг ҳақларидандир. Шу боис, доимо шогирдларимизга ҳар куни Қуръонни оз бўлсада такрор қилишларини таъкидлайман. Баъзан шогирдларим устоз бир кунда бир-икки пора эмас, беш-олти пора ўқишга қодирман деса, йўқ, оз бўлсада бардавом бўлсин, бир кунда беш-олти ўқиб, кейин бир ҳафта ўқишга қодир бўлмай қолгандан кўра, ҳар куни оз-оздан такрор қилинг, деб маслаҳат бераман. Агар қори ҳар куни икки порадан ўқиса, бир йил давомида йигирма тўрт маротаба Қуръонни ҳатм қилади. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳга энг севимли бўлган ибодат оз бўлса ҳам доим бўлганидир, деганлар.

Афсуски, ҳозирда баъзи қориларимиз Қуръонни фақатгина Рамазон ойи кириши арафасида такрор қилиб, ҳатмга ўтмоқдалар. Бу Қуръонни ҳаққини адо этмаслик ҳисобланади. Ўзим ҳам ҳар куни камида икки пора қилишга одатланганман, бомдод намозидан аввал бир-бир ярим пора тиловат қиламан.

– Фарзандим қори бўлсин деган ният бўлган ота-оналар учун тавсияларингизни айтсангиз.

  • Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: “Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади”, дер эдилар.

Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ

суратга олди.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Чин уста қолдими? (қидиряпман)

10.08.2026   3817   8 min.
Чин уста қолдими? (қидиряпман)

Бугуннинг гапи

“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
 

“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
 

 “Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
 

Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.


Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.


Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!


Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).


Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.


Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.


Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.


Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.


Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.


Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.


Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.


Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.


Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.


Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:

  •  Мен ҳам (ҳар бир шахс) жамиятнинг аъзосиман. Уй қурмоқчиман, лекин қурувчилик қўлимдан келмайди. Демак, устага эҳтиёжим бор. Унинг олдига бориб, уй қурмоқчиман, шартнома тузайлик, дейман. Усталар касби ортидан ризқ топади. Улар билан келишиб, бугунги нахр бўйича муайян сумма белгиланади. Муддати ва сифат кўрсаткичлари келишиб олинади. Ҳозирга кунда, Аллоҳ билувчироқ, устаман деганларнинг 70 фоизи алдамчи, найрангбоз, ҳийлакор: келишилган кунда белгиланган манзилга етиб келмайди, ишга кеч келиб, эрта кетади, вазифасини пухта бажармайди, ишини битирмасдан олдин пул сўрайди. Такасалтанг, таралла-бедод қилиб юради. Уйнинг эгаси ҳам хижолатда қолади. Аксарияти шунақа. Бундай усталарга ким ишонади? Уларга ким иш беради? Бундай тоифалар ўзига ўзи қилади, улар омадсизликни ўзларига чорлаб оладилар.


Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.


Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.

 

Толибжон НИЗОМ

Мақолалар