Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2025   |   25 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:29
Қуёш
05:07
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:55
Хуфтон
21:26
Bismillah
20 Июл, 2025, 25 Муҳаррам, 1447

10.03.2017 й. Дўстлик ва аҳиллик тараққиёт омили

06.03.2017   1898   13 min.
10.03.2017 й. Дўстлик ва аҳиллик тараққиёт омили

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Инсониятга илк бора Ислом нури келиши биланоқ халқлар ўртасида аҳиллик, тотувлик ва дўстлик мисли кўрилмаган даражада жорий бўлди. Ҳатто неча йиллар бир-бирлари билан адоватда бўлган қабилалар ажралмас садоқатли дўстга айландилар. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар: “Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида бир тана бўлиб, унинг бир аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлгани кабидир”. Дарҳақиқат мусулмонлар ҳақиқий ака-ука  каби аҳил дўст бўлиб яшадилар. Ўзида бор нарсани бир-бирларига илиниб, яхши кўрган нарсаларини диндош дўстларига тортиқ қилдилар. Аллоҳ таоло уларни мадҳ қилиб қанча-қанча оятлар нозил қилди. Шулардан Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай деган: Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба, 71).

Аллоҳ таоло бандаларини «ухувват»га, яъни барча мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига хайрихоҳлик, дўстлик, севги, шафқат ва ёрдамга буюрар экан, бу неъмат бошқа бирон қавм ёки миллатга раво кўрилмаган, муносиб топилмаган улуғ бир илоҳий ҳадяга сазовор қилди.  Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз» (Оли-Имрон», 103).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: «Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир». Масалан, намоз шаклий ибодат саналади: таҳорат олиб қиблага юзланамиз, «Аллоҳу акбар» деб бошлаймиз, рукуъ, сажда қиламиз ва эвазига савобга эришамиз. Аммо дўстлик каби маънавий ибодат ҳам борки, у зоҳиран қадрсиздай, аҳамиятсиздай туюлса ҳам, аслида у динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир» (Абу Ҳомид  Ғаззолий, «Иҳёи улумид-дин»).

Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ваcсаллам саҳобалари билан Мадинага ҳижрат қилганларида ансорларнинг муҳожирлар билан дўстлик ва биродарликлари тилларда достон бўлиб кетган. Ансорлар ўзида борини муҳожир диндошлари билан баҳам кўрган. Ҳатто ўзлари оч қолсалар ҳам меҳмонларга бор таомини бериб юборганлар.

Ислом динида миллатлар аро дўстлик ҳам ибратланарли даражада ўз аксини топган. Ҳабашистонлик Билол, Салмон Форсий каби саҳобийларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошида, барча мусулмонларнинг наздида қанчалик  ҳурмат эътибори юқори бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.  

Пағамбаримиз дўстлик ҳақида қуйидаги ҳадисларни марҳамат қилганлар.  Имоннинг энг мустаҳкам дастаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир. Исломдан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар бирортангиз биродаридан дўстликни сезса, уни маҳкам тутсин. Агар тоат ибодатинга ёрдам берадиган дўстинг бўлса, унинг қўлини маҳкам тут, чунки дўстни тутиб туриш қийин,  ундан ажралиш эса осондир. Дўстларнинг сифатларидан бири – улар ўзларидан дўстларини устун қўйишларидир”.

Муҳтарам жамоат! Содиқ дўстнинг мисоли дарахт кабидир. Агар соясида ўтирсанг, сени соясига олади. Агар унинг мевасини есанг, сени тўйғазади. Агарчи у сенга фойда бермаса ҳам, зарар ҳам бермайди. Советларнинг узоқ йиллик истибдоди мусулмонларимизни ана шу илоҳий неъматдан йироқлаштириб, ҳаттоки узиб юборди. Бир-бирларига гиж-гижлади, фитна ва нифоқни урчитди. Оқибати аянчли, аламли бўлди: дўстлик ҳақидаги мезонлар бузилди, қарашлар ўзгарди, тушунчалар бошқача бўлди. Энди бир диндаги, бир ақидадаги, бир миллатнинг фарзандлари бир-бирига ғаним, ёв. Бир-бирига нафрати, ғазаби, ҳасади қайнаб-тошган. «Ким биз билан бўлмаса, у душманимиздир» деган қоида устувор. Улар юртини вайрон, динини поймол, эркини пайхон қилган асл душманларини ҳам шунчалик ёмон кўришмайди. 

Баъзи бирлар бетавфиқ ва фосиқ кимсаларнинг ҳурматини жойига қўядию, аммо бир мўмин-мусулмон дўсти билиб-билмай намозини сал бошқачароқ ўқиб қўйса, ола қараш, қора қарашни бошлайди. Ҳатто масжиддан қувиб солишга тайёр. Бошқаси атрофдаги беҳаёларча, шир яланғоч юрганлар билан иши йўқ, аммо бир мусулмон масжидга бошяланг кириб қолса, энг улкан ғанимига дуч келгандай ғазаби қўзийди. Айримлар қувурга тиқилиб қолган мушукни қутқариш ҳақида жон-жаҳди билан қайғуради, лекин дунёнинг қайсидир бурчагида мусулмонлар қони бегуноҳ тўкилаётгани билан иши йўқ. Баъзиларимиз бир ғайридинга ёки динсиз кишига ёрдам кўрсатишга, эҳсон қилишга тайёрмиз, аммо ёнгинамиздаги мусулмон қўшни, мўмин қариндошнинг ночор аҳволидан «бехабар»миз. Ҳатто кўмак сўраб келса энсасимиз қотади, бурнимизни жийирамиз.  

Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бутунлай бошқача таълимни берганлар. Мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари  зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам айбини беркитади». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда деб қалбларига уч марта ишора қилдилар. Яна: «Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир», дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди», деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бундай мазмундаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ислом динининг талаби шундай экан, унда нега бизлар дўстлик ва қардошликдан бунчалик узоқлашиб кетяпмиз? Бир-биримиз билан дўстлашиш, ака-ука тутиниш, қон-қардошлик ришталарини боғлаш ўрнига ғаним фитнасига учиб ёки арзимас манфаатлар учун ўзаро низога борамиз. Энг даҳшатлиси, бир-биримизни жисман ёки руҳан маҳв этишгача борамиз? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар», деб таълим берганлар-ку! (Имом Муслим ривояти).

Ҳурматли намозхонлар! Ҳозирги кунда баъзи бир ҳолатларда дўстлик унут бўлиб бораётганлигининг асосий сабаби билимсизлик, жоҳиллик, дин душманларининг орамизга нифоқ, ихтилоф, парокандалик солиш учун тинмай уюштираётган фитна-найрангларига эътиборсизликдан. Бизлар намоз ўқияпмиз, рўза тутяпмиз, Маккага бориб-келяпмиз, аммо Исломнинг асл моҳиятига кириб бормаяпмиз, динимизнинг соф талабларини тушуна олмаяпмиз. Бир биродаримизнинг ҳаракатида сал нуқсон-камчилик кўрсак, дарров у билан гаплашишни ҳам йиғиштириб қўямиз. Бизнинг фикримиздан бошқача фикрдами, бир зумда уни душманга чиқарамиз. Баъзи бирлар мўмин биродарининг кичкина хатосидан фил ясаб, дарров уни диндан чиққанликда айблай бошлайди. Айбловлари шунчалик беўхшовки, рақибининг шаъни, жамиятдаги обрўси, иззат-нафси, оилавий сирларини ҳам аяб ўтирмайди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига бўйсунган  ҳар бир мусулмон ўз диндошларини дўст тутади, уларга ҳамиша ёрдамга ошиқади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатади, шариат талабларига кўра муносабатда бўлади. Исломда дўстлашиш, дўст топиш ва уни мустаҳкамлашга тарғиб ва ташвиқ жуда кўп. Янги дўст орттиринг, мўминлар билан биродарлашинг, зиёфат қилиб чорланг, ҳадялар беринг, касаллигида зиёрат қилинг, муҳтожлигида ёрдам кўрсатинг, деган даъватлар мавжуд. Билингки, «Янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда  бир даража  юқори кўтаради», деб марҳамат этилган. 

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!» (Анфол, 1). Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, дўстлик ва биродарликка ҳиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: «Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир». (Оли-Имрон, 105).

Ислом уммати бирдамлик, ўзаро тинч-тотув, дўстлик, ҳамкорлик руҳи асосида яшаши, барча билан ўзаро муносабатларда ўрнак бўлиши лозим, деган ҳадиси шарифларига мувофиқ иш тутсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро, Расули акрам (с.а.в.) таъкидлаб айтганларки:

"يد الله على الجماعة"

 (الامام الفترمذي)

яъни: “Аллоҳнинг “қўли”, яъни ризоси ва нусрати жамоат узра бўлур”. Бу деганлари кўпчиликдан ажралиб Аллоҳнинг қаҳрига учрамаслик учун қилган васиятларидир. Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Муҳтарам жамоат! Ислом шариати ва унинг барҳаёт таълимотлари инсон ҳаётининг барча томонларини тўла қамраб олганлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Ҳурматли жамоат! Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўз умматларини ободонлаштиришга, боғ-роғ яратишга кўп бор тарғиб этганлар. Бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:

" مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْساً اَوْ يَزْرَعُ زَرْعاً فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ اَوْ اِنْسَانٌ اِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ "

(رواه البخاري و مسلم)

яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон танавул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.

Дарахт ва экин экиш, бу – Ер юзини энг обод қилувчи касблардан саналади. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, деди”. Байҳақий ва Табаронийлар ривоят қилган. (Аллоҳга лозим бўлди дегани – мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир)

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг ваъдасига етишиш учун кўкаламлаштириш йўлида қилаётган ишларини ибодат деб қилишлари лозимдир. Ҳалол покиза бўлса, ҳалол покиза йўллар билан меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосилга эга бўлади.

Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди.

Муҳтарам  намозхонлар! Деҳқончилик энг шарафли касблардан бири экани ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَن رَافِعِ بْنِ خَدِيجٍ ، رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ

قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيُّ الْكَسْبِ أَطْيَبُ؟ قَالَ: عَمَلُ الرَّجُلِ بِيَدِهِ وَكُلُّ بَيْعٍ مَبْرُورٍ

 (رَوَاهُ أَحْمَدُ)

Яъни, Рофиъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг расули, қайси касб афзал?” ,дейилди. Шунда У зот: Кишининг ўз қўл меҳнати билан қилган иши ва ҳар бир ҳалол савдо дедилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган. 

Ушбу ҳадисда қўл меҳнати тижорат-савдодан олдин зикр қилингани, унинг энг афзал касблардан эканига далолат қилади.

Демак, ҳар бир мусулмон кишиси тоат-ибодат билан машғул бўлишдан ташқари охират кўприги бўлган ва ўзи яшаб турган дунёсининг ободлиги йўлида ҳам саъй-ҳаракат қилиши лозим. Хусусан, юртимизни обод қилиш, кўчат экиш, элнинг ризқ-рўзининг манбаи саналмиш зироат-деҳқончилик соҳасига алоҳида эътибор қаратиши зарур экан.

Аллоҳ таоло барчаларимизга дунё ва охиратимизнинг обод айлаб, қўни-қўшнилар билан самимона алоқаларимиз янада мустаҳкам бўлиб боришини Яратгандан сўраймиз! Омин.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлари учун намуна – Бутунжаҳон Ислом уюшмаси раҳбари

16.07.2025   9021   5 min.
Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлари учун намуна – Бутунжаҳон Ислом уюшмаси раҳбари

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса  иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ва ташриф Бутунжаҳон Ислом уюшмаси таклифига биноан амалга оширилди. Унда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Турғунов ҳам қатнашди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.

– Ўзбекистон Ислом илми, фиқҳ ва ҳадис соҳасида юксак меросга эга. Бу заминда машҳур уламолар, буюк фақиҳлар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва санъатшунослар етишиб чиққан, – деди Ислом уюшмаси бош котиби. – Ушбу мероснинг Ислом оламидаги аҳамияти ва долзарблигини кўрсатишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим ўрин тутади. Бу юртнинг таниқли ва машҳур алломалари туфайли Ислом цивилизациясининг асл моҳияти хусусан, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Мазкур мегалойиҳа бу бой меросни жаҳон ҳамжамиятига танитишда асосий аҳамиятга эга. Биз Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлар учун намуна бўлади. Марказ билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоят мамнунмиз! – дея таъкидлади Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса.

Учрашув давомида Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг барча тадбирлари, режалаштирилган турли анжуманларга қизиқиш билдириб, бу борада олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва мамнуният билан эътироф этди. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими  қанчалик аҳамиятли эканлигига эса алоҳида тўхталди. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосларни келтирди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ минбаридан туриб илгари сурилган мазкур улкан ташаббус Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:

– Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ, – дея таклиф қилди Бош котиб, – Ўзбекистондаги бўлажак Араб-ислом хаттотлик мактаби фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, жаҳон миқёсида машҳур бўлган катта тажрибага эга хаттотларни ушбу марказга жалб этиш, хаттотларнинг иш фаолияти самарали бўлиши учун уларни рағбатлантириш ва умуман мактаб фаолиятини ривожлантиришда астойдил ҳамкорлик қилишга   тайёрмиз.

Делегация аъзолари Макка шаҳрида жойлашган Ҳиро маданият даҳаси, Ваҳий музейи, “Бурж ас-саъа” минорасида жойлашган шу номдаги музей, Каъба кисваси учун қирол Абдулазиз мажмуаси ва Мадина шаҳридаги “Бўстон” музейи, Пайғамбаримиз (с.а.в) сийратлари  ва Ислом цивилизацияси музейи, Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи ва кутубхонасига ташриф буюрди ва ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.

Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари музей ва кутубхоналарга қилган ташрифлари жараёнида Пайғамбаримизнинг фаолият ва турмуш тарзларини ифодаловчи видеолавҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилиши масаласини ҳам кўриб чиқишди. 

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистони тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Тадбирлар ва конференциялар бўлими бошлиғи Шокир Салоҳ ал-Адваний билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ислом уюшмаси вакили бу  масалада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак беришини билдирди. Кейинги муҳокамалар видеоконференция шаклида давом эттирилишига келишиб олинди. 

Ислом цивилизацияси маркази

Дунё янгиликлари