Зиммасида қазо намозлари бўлган киши нафл намозлари билан машғул бўлиш ўрнига ўша қазоларини ўқишга ҳаракат қилгани яхшидир. Лекин суннат намозлар, чошгоҳ намози, тасбеҳ намози ва ҳадисларда тарғиб этилган, маълум сура ва зикрларни ўқиш тавсия қилинган нафл намозлар бундан мус-тасно. Қазо намозларни масжидда, жамоат жойларида эмас, балки ўз уйида ўқишга ҳаракат қилиш керак.
“Оламгирия”, “Музмарот”, “Важиз”
Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб келиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил айтиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.
“Сирожия”
Фарз намозларда оят ва тасбеҳларни қўл билан санаб туриш макруҳдир. Аммо нафл намозларда қўл билан санаш ижмоан макруҳ эмас.
“Оламгирия”, “Табйин”, “Ниҳоя”
Асрдан олдин ҳамда хуфтон намозининг фарзидан олдин ва кейин 4 ракатдан нафл намозлари мавжуддир.
“Мухтасар”, “Канз”, “Оламгирия”
Нафл намозларни имкони борича жамоат жойларида ва масжидларда ўқимаслик, балки ўз уйида ёки хилват жойларда ўқишга ҳаракат қилиш, риё аралашиб қолишига йўл қўймаслик лозим бўлади. Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса, фарз ўқилган масжидда ўқилиши керак. Лекин суннат намозлар фарз ўқилган жойдан бир қадам бўлса ҳам бошқа жойга ўтиб ўқилиши лозим. Бу имомга ҳам тегишли. Нафл намозини сафда туриб ўқиш ўта макруҳ ишлардан саналади.
“Оламгирия”, “Кофий”, “Ниҳоя”
Нафл намозларида тик туришга қодир бўла туриб, ўтириб ўқишнинг кароҳияти йўқ. Шунингдек, намозни тик турган ҳолда бошлаб, сўнгра беузр ўтириб олса ҳам Абу Ҳанифа (рҳ.) наздида зарари йўқ. Яна, нафлни ўтирган ҳолда бошлаб, сўнгра тик туриб олса ҳам кароҳияти йўқ.
“Оламгирия”, “Мажмаул-баҳрайн”, “Муҳит”
Нафл ёки фарз намозида узр сабабли ўтириб ўқимоқчи бўлса, қироат пайтида икки тиззасини тиккалаб, қўллари билан оёқларини қучоқлаб олган ҳолда ёки чордана қуриб ўтирган ҳолда ўтириши мумкин. Лекин имкони борича “ташаҳҳуд” ўқиётган ҳолатидек (чўкка тушиб) ўтиргани яхшидир.
“Оламгирия”, “Татархония”, “Ҳидоя”
Тўққизта вақт борки, ўша пайтларда қазо намози, жаноза, тиловат саждаси жоиз, лекин нафл намоз ўқиш жоиз эмас: бомдод намозининг фарзидан олдин (суннати бундан мустасно), фарздан кейин то қуёш чиққунга қадар, аср намозидан кейин шомгача, шом намозидан олдин, жума намозининг (арабча) хутбаси пайтида, икки ҳайит намозининг (арабча) хутбаси пайтида, қуёш, ой тутилганда ўқиладиган намоз хутбаси ўқилаётганда.
“Қозихон”
Макруҳ вақтларда нафл намозини бошлаб қўйган одам намозни бузиши ва кейин қазосини ўқиши керак.
“Қозихон”
Шайх Абдулазиз Мансур
Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди.
Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.
Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.
Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: “Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.
Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.
Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.
Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз, ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.