frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Зайнаб бинти Хузайма

02.03.2017   10851   1 min.
Зайнаб бинти Хузайма

Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳижратдан йигирма саккиз йил олдин (мелодий беш юз тўқсон олтинчи йили) туғилганлар.

Оталари: Хузайма ибн Ҳорис ибн Абдуллоҳ ибн Аъмр ибн Абдуманоф ибн Ҳилолдир.

Оналари: Ҳинд бинти Аъвф ибн Зуҳайр ибн Ҳамматоҳ ибн Журшдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса бинти Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг Зайнаб розияллоҳу анҳога ҳижратни учинчи йили Рамазон ойида уйландилар. Зайнаб онамиз мўмина, тақводор, солиҳа, ҳар қандай оғир шароитларда сабр қилувчи аёл эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг сабру матонатини эшитиб ҳамда эри вафот этганидан сўнг уни ўз қарамоғига олувчи, уни ҳимоя қилиб, кўмак берувчи бирорта киши  қолмаганидан хабардор бўлиб, унга улуғ марҳамат кўрсатдилар. Аёлнинг чин мусулмонлиги, Ислом йўлидаги ҳаракати, сабр-матонати ва дин йўлида унга етган мусибатлари эвазига Зайнаб розияллоҳу анҳога яхшилик ирода этдилар ва унга совчи бўлдилар. Шу тариқа ҳомийси ва қаровчисидан айрилган бева аёлнинг мусибатларини енгиллатиш мақсадида уни ўз қарамоғларига олдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йилгина умр кечирдилар.

Ҳижратнинг тўртинчи (мелодий олти юз йигирма олтинчи) йили Мадинаи мунавварада вафот этиб, Бақеъ қабиристонига дафн қилиндилар.

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

Абдулбосит ўғли тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Бир марта "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса...

30.06.2025   2702   2 min.
 Бир марта

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!

Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.

Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.

У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.

Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан