Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳижратдан йигирма саккиз йил олдин (мелодий беш юз тўқсон олтинчи йили) туғилганлар.
Оталари: Хузайма ибн Ҳорис ибн Абдуллоҳ ибн Аъмр ибн Абдуманоф ибн Ҳилолдир.
Оналари: Ҳинд бинти Аъвф ибн Зуҳайр ибн Ҳамматоҳ ибн Журшдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса бинти Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳога уйланганларидан сўнг Зайнаб розияллоҳу анҳога ҳижратни учинчи йили Рамазон ойида уйландилар. Зайнаб онамиз мўмина, тақводор, солиҳа, ҳар қандай оғир шароитларда сабр қилувчи аёл эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг сабру матонатини эшитиб ҳамда эри вафот этганидан сўнг уни ўз қарамоғига олувчи, уни ҳимоя қилиб, кўмак берувчи бирорта киши қолмаганидан хабардор бўлиб, унга улуғ марҳамат кўрсатдилар. Аёлнинг чин мусулмонлиги, Ислом йўлидаги ҳаракати, сабр-матонати ва дин йўлида унга етган мусибатлари эвазига Зайнаб розияллоҳу анҳога яхшилик ирода этдилар ва унга совчи бўлдилар. Шу тариқа ҳомийси ва қаровчисидан айрилган бева аёлнинг мусибатларини енгиллатиш мақсадида уни ўз қарамоғларига олдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йилгина умр кечирдилар.
Ҳижратнинг тўртинчи (мелодий олти юз йигирма олтинчи) йили Мадинаи мунавварада вафот этиб, Бақеъ қабиристонига дафн қилиндилар.
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад
Абдулбосит ўғли тайёрлади
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати