Маймуна розияллоҳу анҳо ҳижратдан олдин (мелодий беш юз тўқсон тўртинчи йили) туғилганлар.
Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Ҳорис ибн Ҳазн ибн Бужайр ибн Ҳазм ибн Рувайбаҳ ибн Абдуллоҳдир.
Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг онасининг исми: Ҳинд бинти Аъвф ибн Зуҳайр ибн Ҳаммаатоҳ ибн Журшдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога ҳижрий еттинчи йилнинг охирларида уйландилар. Бу муборак турмуш Маккаи Мукаррамада, Умратул Қазо арафасида бўлган эди.
Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги уйланган аёлларидир. Маймуна розияллоҳу анҳо ўзининг тақводорлиги ва сер ибодатлиги билан машҳур эди. Ойиша розияллоҳу анҳо унинг хақида: “Маймуна бизларнинг орамиздаги Аллоҳга энг такводорроғимиз ва қариндошлар билан алоқаси энг кўпроғимиз эди”, дейди.
Маймуна розияллоҳу анҳо ва опа-сингилларининг иймони бақувват эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар.
Табук жангида Маймуна розияллоҳу анҳо ярадорларга ёрдам кўрсатар, беморларга ҳамдардлик билдирар эди.
Ривоят қилинишича, Маймуна розияллоҳу анҳо аёллардан биринчи бўлиб “тез ёрдам” гуруҳини тузган аёл эди. У жароҳатланганларга малҳам қўйиб, керакли кўмакларни етказишни йўлга қўйган эди. Жанг пайтида Маймуна розияллоҳу анҳо ярадорларга сув тарқатиб юрганида, унга душман ўқи тегиб, яраланади. Бироқ Аллоҳнинг инояти ва меҳрибонлиги ила у омон қолади. Маймуна розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг хотини Лубобаи Кубронинг синглиси, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг холаси эди.
Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 76 та ҳадис ривоят қилганлар.
Ҳижрий эллик биринчи (мелодий олти юз етмиш учинчи) санада Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо, Маккаи Мукаррама зиёратига бориб қайтаётганда, вафот этдилар.
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати