Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446

Умрага борувчи аёлларга тавсиялар

24.02.2017   27241   5 min.
Умрага борувчи аёлларга тавсиялар

Умра – Қуръон ояти ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари билан собит бўлган амалдир. Умрага борувчилар орасида аёллар ҳам бўлгани боис қуйида уларга хос бўлган масалалар зикр қилинади:

  • Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор ва қора рангда бўлмаслиги  талаб этилади.
  • Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида ҳалақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
  • Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”
  • Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишликни, умрага нима мақсадда боришликни доим ёдда сақлаган ҳолда элликбошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
  • Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
  • Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
  • Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.
  • Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
  • Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
  • Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
  • Аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, дуо ва талбия ўқиб эҳромга кирадилар. Лекин Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Сафо ва Марва саъйини адо этаверади. Саловат, дуо ва тасбеҳлар айтиш мумкин.  Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб  иш кўрилади.
  • Аёллар камида уч киши бўлиб юриши, кечаси ёлғиз юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса, шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Масжидул Набавийдаги бир ракаат намознинг савоби минг ракаат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракаат намознинг савоби эса юз минг ракаат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
  • Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) югуриш аёллар учун суннат эмас.
  • Умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
  • Умрага борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилиши ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига ҳиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.
  • Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
  • Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
  • Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг намозига эътибор бермаслик талаб этилади.
  • Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  • Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  • Умра зиёратига бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари ман этилади.
  • Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  • Шифокорлар доим хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  • Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар бўлганида, дарҳол элликбошига мурожаат қилиш керак.
  • Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани элликбоши билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  • Умра зиёратидан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.

 Умра амалларингиз Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни мақбул даражасида бўлишини тилаб қоламиз.

 Мунира АБУБАКИРОВА

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси  мутахассиси

Ҳаж ва умра
Бошқа мақолалар

Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

23.06.2025   5523   3 min.
Аллоҳ сизнинг хатоларингизни кечишини истасангиз

Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.

Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.

Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.

Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга оларми­дингиз?!” – дебди.

Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.

Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.

Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дей­дилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бош­қаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2]  Шуро сураси, 40-оят.