Бугунги глобаллашув жараёни, ирқи, миллати, дини ва урф-одатлари турлича бўлган кишиларнинг муайян манфаатлар юзасидан ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиши зарурлигини тақозо этмоқда. Турли дин вакилларининг бир жамиятда тинч-тотув ҳаёт кечиришлари ҳамда динлар билан боғлиқ низо ва келишмовчиликларнинг юзага келмаслиги учун диний таълимотларнинг асл моҳиятини чуқур мулоҳаза қилиш зарур. Ҳақиқий диний таълимотлар асрлар давомида инсониятни фақатгина эзгу мақсад ва ғоялар атрофида бирлаштириб, ўзаро ҳамжиҳатликка, тинчлик ва фаровонликка ундаб келаётгани барчамизга маълум. Диннинг моҳиятини тўғри англамаслик натижасида, бир динга эътиқод қилувчиларнинг бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик, уларни камситиш ва таҳқирлаш, уларга ҳурматсизлик билан қараш каби иллатлар юзага келиши мумкин. Булар ўз навбатида, жамият кишиларининг бирдамлигига рахна солувчи зарарли оқибатларга олиб келишига сабаб бўлади.
Бир неча дин вакиллари орасидаги муомала ва муносабатларни ҳаммага маъқул бўладиган тарзда йўлга қўйиш мақсадида, “Диний бағрикенглик”, “Динлараро мулоқот”, “Толерантлик” каби бир қанча масалалар ўртага ташланди. Турли дин вакиллари билан муомала ва муносабатларни йўлга қўйишда зарур бўладиган диний тамойилларни ўрганиш мақсадида, XIX асрдан бошлаб Ғарбда “Диншунослик” соҳаси мустақил фан сифатида ўрганила бошланди (Бу фан бизнинг диёрларимизда Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк даҳолар давриданоқ бошланиб ҳаётга тадбиқ этилган эди). Шу зайлда, “Қиёсий диншунослик”, “Динлар тарихи”, “Дин феноменологияси”, “Дин антропологияси”, “Дин фалсафаси” каби бир қатор мустақил соҳалар юзага келди. Бу жараён бугунги кунда ҳам изчиллик билан ривожлантириб бориляпти.
Аслида, бирламчи ва соф манбалар орқали динлар тарихини илмий нуқтаи назардан ўрганилиши, улар ҳақида пайдо бўлган асоссиз ва уйдирма мулоҳазалардан ҳоли бўлиш имконини беради. Динлар тарихи, илмининг асл моҳиятидан бехабар бўлган айрим кимсаларнинг юзаки маълумотларига алданиб қолишдан сақлайди. Айниқса, ҳозирда ислом динини инсонларга ёмон кўрсатиш мақсадида пайдо бўлаётган турли оқимлар ва уларнинг ғояларидан йироқ бўлишга ёрдам беради.
Маълумки, самовий динлар ҳақида Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Ислом динидан олдинги динлар ҳақидаги оятлар мазмунини, нозил бўлиш сабабини ва уларнинг маъноларини ўрганиш, англаб етишда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннат ва ҳадислари энг муҳим манба бўлиб ҳизмат қилади.
Шу ўринда, Аллоҳ таолонинг башарият учун жорий қилган динларида ўзаро алоқадорликлар мавжудлигини алоҳида қайд этиш лозим. Муҳаммад (с.а.в.) сўнгги пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақидаги хабар, олдинги муқаддас китоблар орқали яҳудий ва насроний олимларига яхши маълум бўлган. Машҳур тарихчи олим Ибн Ҳишомнинг маълумотига кўра, Шомлик (Сурия) роҳиб Буҳайро, Хадича бинти Ҳувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг қариндошлари Варақа ибн Навфал, улуғ саҳобалардан ҳисобланган Салмон Форсийнинг устозлари, муқаддас китоблар орқали пайғамбар келишининг хабарини билган кишилар бўлишган. Бу эса мазкур шахсларнинг янги келадиган дин ҳақида олдинги китоблар воситасида муайян назарий билимларга эга бўлганларидан далолат беради. Шунингдек, у зотнинг келишлари ўзларидан олдинги самовий динларни йўққа чиқариш, пайғамбарларини инкор этиш, уларга нозил бўлган китоблар ва шариъатларини рад этиш учун эмас, балки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) уларга ҳам ишониб, тасдиқлаш, уларга ҳам самимий муносабатда бўлишга чорловчи, улар ҳақида аниқ маълумотларни хабарини берувчи, ўтган пайғамбарларнинг хатокор умматларини хатоларидан огоҳ этиб, хатоларни такрорламасликка, ношукр бўлмасликка чорловчи, яхшиликни хуш хабарини берувчи, бўлиб келгандирлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг пайғамбар сифатида юборилишлари, динлар тарихида янги, ўзига хос саҳифанинг очилишига сабаб бўлганини, доктор Муҳаммад Халифа Ҳасан шундай зикр қилади: “У пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, ундан кейин набий ҳам расул ҳам йўқ”. Ушбу маълумот ва шунга ўхшаш хабарларнинг ўзи динлар тарихини яна бир нодир ахборот билан бойитади ва тўлдиради. Чунки динларга оид билимларни ўрганишда, яҳудийлар Одам (а.с.)дан Мусо (а.с.)гача, насронийлар эса Одам (а.с.)дан Исо (а.с.)гача бўлган даврдаги пайғамбарларни, уларнинг ҳаётлари, уларга нозил бўлган шариатлари, тарихи, бошидан кечирган ҳодисалари ва шу кабиларни ўрганадилар. Ислом динида эса аввал айтиб ўтганимиздек, барча пайғамбарлар бирдай кўрилади. Бири бошқасидан устун тутилиши ҳисобига бошқаси камситилмайди. Ислом динида, бу эътиқод масаласи билан боғлиқ бўлиб, ислом вакилининг (мўмин-мусулмон) эътиқоди бусиз мукаммал бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
آَمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آَمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ
Яъни: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди[i].
Мазкур оятда, Пайғамбар (с.а.в.) ўзларига нозил қилинган китоб – Қуръони Каримга имон келтириши билан бирга Аллоҳ таолога, фаришталарга, Аллоҳ таоло томонидан олдин ҳам самовий китоблар (Забур, Таврот, Инжил) нозил қилинганига, башариятга огоҳлантирувчи ва ҳушхабар берувчи пайғамбарлар юборилганига имон келтиргани ва бошқа мусулмонлар ҳам бу ишда унга эргашганлари маълум бўлади. Пайғамбарларнинг биридан бошқасини (бошқаларини камситиш эвазига) устун қўймаслик, (Аллоҳ томонидан айрим пайғамбарларга берилган баъзи фазилатларни эътироф этган ҳолда) ҳаммасини бирдай Аллоҳнинг пайғамбарлари сифатида кўриш ислом манбаларида тавсия қилинган энг мўътадил ва энг маҳбуб йўлдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) умрларининг охиригача, инсонларни ана шу мавқе (эътиқодда)да бўлиб, бошқаларни ҳам шунга ундаганлари борасида суннат ва ҳадисларда кўплаб мисоллар учрайди. Хусусан, Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида Мусо (а.с.) илм олиш учун ҳамроҳ бўлган солиҳ кишининг қиссаси келтирилганлиги ислом умматига маълум ва машҳурдир. Ушбу қисса нозил бўлганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Биродарим Мусога Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, сабр қилганида, Аллоҳ бизга уларнинг қиссаларини айтиб берар эди. У (Мусо) ўз шериги билан турганида, ажойиботларни кўрар эди” – деб марҳамат қилганлар.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Икки киши: яҳудийлардан бир киши ва мусулмонлардан бир киши сўкишиб қолди. Шунда мусулмон: Муҳаммад (с.а.в.)ни танлаб олган зот ила қасам!” – деди. Яҳудий эса: “Мусо (а.с.)ни оламлар устидан танлаб олган зот ила қасам” – деди. Ана шу пайтда мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига шапалоқ туширди. Шунда яҳудий Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бориб, ўзи билан мусулмон орасида бўлиб ўтган иш ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мени Мусодан яхши қилманглар. Одамлар ҳушларидан кетганда биринчи бўлиб ўзига келган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. Билмайман, у ҳам ҳушидан кетиб мендан олдин ўзига келганми ёки истисно қилинганлардан бўлганми” – дедилар”.
Ислом дини тарихида маълум ва машҳур бўлган воқеъалардан бири бу “Исроъ ва Меърож” воқеъасидир. Ушбу кечада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Мусо (а.с.) билан гаплашганлари ва кунлик намоз вақтлари ҳақида маслаҳатлар берганликлари ислом тарихида муҳрланган айни ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларидан олдин келган барча пайғамбарларнинг шариъатлари, ислом дини шариъатига зид бўлмаса, унга амал қилганликлари ҳамда ўз умматларини ҳам унга тарғиб қилиб, ўзлари ўрнак ва намуна бўлганлари китобларда зикр қилинган. Жумладан: “Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилиб борганларида “Ашуро” куни яҳудийларнинг рўза тутаётганларини кўриб: “Сизлар рўза тутадиган қанақа кун бу?” – деб сўрадилар. Шунда яҳудийлар: “Бу улуғ кундир! Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) ва унинг қавмига нажот берди, фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилди. Унинг шукронасига Мусо (а.с.) рўза тутдилар, (шунга кўра) биз ҳам рўза тутмоқдамиз” - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биз Мусога сиздан кўра ҳақлироқ ва (яхшироқмиз)” - дедилар ва ўзлари рўза тутиб бошқаларни ҳам шунга буюрдилар”. Шунингдек, қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам ушбу мазмунга уйғун маъноларни учратамиз: “Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Мен одамлар ичида бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Исо ибн Марямга энг ҳақлисиман” - дедилар. Шунда: “Қандай қилиб, эй Аллоҳнинг Расули?” – дейишди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Пайғамбарлар оға-инилардир. Оналари турлича. Динлари бир.”, дедилар”.
Мўмин-мусулмонлар ҳам бир неча асрдан буён, ҳар йили “Ашуро” кунини эъзозлаб, рўза тутиб, савобидан ва ажридан умидвор бўладилар. Шунингдек, ушбу кунда яхши ният билан рўзғор қиладилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ وَأَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ"
(رواه البيهقى في شعب الإيمان)
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Ашуро кунида аҳли-аёлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга йилнинг қолганини кенг қилади” дедилар”. (Имом Байҳақий “Шуабул-иймон” китобида ривоят қилган).
Ян бир ривоятда эса,
عَنْ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: "مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي النَّفَقَةِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ"
(رَوَاهُ رَزِين)
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким Ашуро куни аҳли-аёлига нафақада кенгчилик қилса, Аллоҳ унга йилнинг қолганини кенг қилади” – дедилар. (Имом Розийн ривоят қилган).
Ҳадисларда бошқа динлар ҳақидаги маълумотларни назарий жиҳатдан ўрганишда, ўша динларнинг вакиллари томонидан келтирилган маълумотларни узил-кесил ёлғонга чиқармаслик, шу билан бирга фақат шунинг ўзи билангина кифояланиб қолмасликка чақирилади (“Ашуро” куни ҳақида келган ҳадис сўзимизга мисол бўлади). Чунки бошқалар томонидан келтирилган маълумотлар биз учун асос сифатида қараладиган манбаларда қандай баён қилингани ҳамда уларнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва олимларимиз қандай тушунтиришганини билиш ва шунга кўра йўл тутиш муҳимдир.
Яҳудийлар билан қилинган мунозаралардан бирида, Маҳсур ибн Субҳон исмли кишининг Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан “Қуръон Аллоҳ томонидан нозил қилинган китоб эканига нима далил бўла олади?” – деб сўраганда, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га қуйидаги оятни нозил қилган:
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآَنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا
Яъни: “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”.
Тарихчилар ва сийрат олимлари томонидан ўрганилган маълумотларга асосланиб, бўлиб ўтган мазкур илмий баҳсларда кўпинча эътиқод, нубувват, Қуръони карим ва каби каби мавзулар атрофида кечганини кўришимиз мумкин. Бу илмий баҳслар ўз ечимини топганда, ислом нақадар бағрикенг, халқпарвар ва миллатпарвар дин экани маълум бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, шу каби кўплаб маълумотлар билан танишар эканмиз, турли динлар билан боғлиқ хабарларни илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этиш, ислом динининг илк давриданоқ “Қуръони карим” ва “Суннат”га таянган жараён эканининг гувоҳи бўламиз. Мана шу мустаҳкам таянч кейинги асрлардан тортиб, то бугунги кунгача, динлар тарихини ўрганишда олимларга ва башариятга асосий манба вазифасини ўтаб келмоқда.
Исомиддин АХРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,
“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби
Динимизнинг кўзга кўринган барча уламолари “жиҳод” сўзига қуйидагича таъриф берганлар:
“Жиҳод” сўзи луғатда инсон томонидан барча имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.
Истилоҳда эса, дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.
Шундан келиб, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак.
Таъкидлаш лозим, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол”, “ҳарб” сўзлари ишлатилади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илм “мужтаҳид талаба” деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимлар ҳам “мужтаҳид” деб аталган. Ундай кишилар шаръий илмларни равнақ топтириш ва тарқатишда жиҳод қилганлар.
Хулоса қилиб айтганда, “жиҳод” сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари кўп ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жони, ватани ва динини сақлаш учун жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган.
Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: “Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!”.
Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси, аввало, уруш эмас, балки Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.
Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таоло учун ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.
“Жомеъул аҳодис” китобида (Ж. 4. Б. 741) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
قَدِمْتُمْ مِنْ خَيْرِ مَقْدَمٍ نَ الْجِهَادِ الْأَصْغَرِ إِلَى الْجِهَادِ الْأَكْبَرِ مُجَاهَدَةَ الْعَبْدِ هَوَاهُ
“Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои-нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар.
Бундан инсоннинг ҳавойи нафси йўлига кирмаслик, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани келиб чиқади.
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддис олимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
جَاءَ رَجُلٌ إلى النبيِّ صَلَّى اللَّهُ عليه وَسَلَّمَ سْتَأْذِنُهُ في الجِهَادِ فَقالَ: أَحَيٌّ وَالِدَاكَ قالَ: نَعَمْ قالَ: فَفِيهِما فَجَاهِدْ
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга:
“Ота-онанг борми?” дедилар.
“Ҳа”, деди.
“Ундай бўлса, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар».
Демак, ота-онанинг хизматини қилиш ҳам жиҳод бўлиши мумкин.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар доим ишларни тинч йўли билан ҳал қилишга чақирганлар. У зот доимо можароли ҳолатларни чиройли ҳикмат билан ислоҳ қилганлари ва ўртада тинчлик ўрнатганлари билан машҳурдирлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо инсонларни озор беришдан, бошқаларга зарар етказишдан қайтарганлар.
Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги, яъни тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, жони дахлсизлиги ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
فإنَّ دِمَاءَكُمْ وأَمْوَالَكُمْ وأَعْرَاضَكُمْ وأَبْشَارَكُمْ علَيْكُم حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَومِكُمْ هذا في شَهْرِكُمْ هذا في بَلَدِكُمْ هذا
“Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга худди ушбу (арафа) кунингиз, ушбу (Зулҳижжа) ойингиз ва ушбу (Маккаи мукаррама) шаҳрингиз ҳурмати каби ҳурматлидир (яъни, ўзганинг қонини тўкиш, норози қилиб молини олиш ва обрўсини тўкиш ҳаромдир)” (Имом Муслим ривояти).
Нафақат, мусулмонни балки, бошқа диндаги кишиларни ҳам ноҳақ ўлдириш Исломда катта гуноҳ ва оғир жиноят ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
مَنْ قَتَلَ مُعَاهَدًا لَمْ يَرَحْ رَائِحَةَ الْجَنَّةِ وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَد مِنْ مَسِيرَةِ أَرْبَعِينَ عَامًا
“Ким бир муоҳадни (мусулмонлар билан ўрталарида аҳд бўлган ғайридин кишини) ноҳақ ўлдирса, у жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида:
الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ
“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан четланган инсон ҳақиқий ҳижрат қилувчидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса бундай келади:
عَنْ أُمِّ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ أَوْصِنِي قَالَ اُهْجُرِي الْمَعَاصِي فَإِنَّهَا أَفْضَلُ الْهِجْرَةِ وَحَافِظِي عَلَى الْفَرَائِضِ فَإِنَّهُ أَفْضَلُ الْجِهَادِ وَأَكْثِرِي مِنْ ذِكْرِ اللهِ فَإِنَّكِ لَا تَأْتِينَ لِلَّهِ بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ كَثْرَةِ ذِكْرِهِ.
“Умму Анас розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Машҳур аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “жиҳод”ни нотўғри талқин қиладиганларга раддия сифатида ёзган “ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида бундай деган: “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги Ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва шаръий ҳужжатларга бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафсидан келиб чиқади”.
Жанг асосида олиб бориладиган жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки ҳозирда давлатлар ўртасида ўзаро тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум.
Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Демак, ҳозирги кунда мазкур кўринишдаги жиҳодга чақираётганларнинг чақириқлари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини англаб олмоқ лозим бўлади. Зеро, мен жиҳод қиламан деб ўзга юртларда бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариб, уларнинг тинчлигига рахна солиб, қотиллик қилаётган ёки ўзи ўлса, шаҳид эмас, балки жоҳилият ўлимида ўлиб кетиш эҳтимоли мавжуд.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди”, деганлар.
Ким номаълум байроқ остида, у байроқ кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва шу йўлда ўлса, у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман ерида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарияти халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.
Нисо сурасида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб бу жиноятнинг оқибати қанчалик ёмон эканига ишора қилганлар (Ибн Можа ривояти).
Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиши натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларнинг ичида бўлган ва террорчилар хусусида бундай деган: «Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. У зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!».
Динимизда бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг қабиҳи, катта қабоҳат ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Баъзи олимлар жиҳодни уч турга бўладилар:
1. Бадан билан, яъни ҳар қандай ҳарбий воситалар билан ватан, миллат-дин ва халқ ҳимояси учун кофир-душманларга қарши жиҳод қилинади. Бу жиҳодни фақат давлат раҳбарларигина амалга оширади, бошқариб боради. Ҳозир, минг афсуски, кўплаб мусулмонлар жиҳод деганда фақат шу – давлат зиммасидаги вазифани тушунади, холос.
2. Оммавий ахборот воситалари ороқали Исломни инсониятга етказиш. Бу тур жиҳодни уламолар қиладилар. Уламолардан маҳрум замонларда яшаган оддий мусулмонларнинг, миссионерлар ва бидъат аҳлининг ҳужумларидан ҳимояланиш учун аввал яшаб ўтган аҳли сунна олимларининг асарларини, насиҳатларини китоблар орқали, оммавий ахборот воситалари ва нашрлар орқали бутун дунёга тарқатишлари, эшиттиришлари керак.
Исломнинг ички ва ташқи душманларининг бузғунчи, ёлғон ва сохта ташвиқотларига қарши курашишда аҳли сунна вал жамоа олимлари эътироф этган диннинг соф таълимотини ёйишдаги услуб бугунги кунда ҳам долзарб ҳисобланади.
3. Дуо билан қилинадиган жиҳод. Бу жиҳод умумий тарзда барча мусулмонларга ҳамиша фарзи айндир. Юқорида келтирилган жиҳод турлари фарзи кифоядир. Шу учинчи жиҳодга бепарво бўлиш катта гуноҳдир.
Жиҳод – инқилоб қилиш, амирларга, бошлиқларга қарши чиқиш ва исён қилиш, бузиш, синдириш-қийратиш, портлатиш ва вайрон қилиш дегани эмас. Бундай ҳаракатлар фитна бўлиб, Ислом ва бошқа мусулмонлар учун кулфат келтиради. Мусулмонларнинг эзилишига, ҳибсга тушишига ва дин, иймон илмларининг тақиқланишига йўл очади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси