Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

24.02.2017 й. Умр заволи

21.02.2017   8439   8 min.
24.02.2017 й. Умр заволи

(1-март – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни )

Мухтарам жамоат! Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/70

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Барчаларимизга яхши маълумки, муборак динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.

Ҳурматли намозхонлар! Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари Ислом таълимотида ҳам ҳаромдир.  Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломида ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида батафсил баён қилиб берганлар. Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсон, гўё ўзига омонат қилиб берилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган ва ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қатъий қоралангандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ... سورة البقرة/195

яъни: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”

Тарихий маълумотларга кўра, милодий ўн биринчи асрда яшаган мовароуннаҳрлик улуғ аллома Абу Бакр Сарахсий: “Банг (афюн) ўнинчи асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мабтало бўлишди”, деб ёзган. Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши  билан баробардир.  Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. БМТ Қарорига биноан 1 мартни Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Муҳтарам жамоат! Гиёҳвандлик – бу бангиликдир. Бу оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғирлик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири, ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истемол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, - деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик, деб баралла айта оламиз. Зеро, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, - деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан  бу ҳақда яна бошқа шундай ҳадис бор:

" نَهَى النبى صلَّي عليه وسلم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ " رواه أحمد و ابو داود

яъни: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Муҳтарам жамоат! Гиёҳвандлик – ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Чунки, у барча мамлакатларда қўпорувчилик, террорчилик ва бошқа оғир жиноий ишларнинг ҳам келиб чиқиши ва кўпайишига ҳамда уларни молиялаштиришга сабаб бўлмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган бангиликни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, иншоаллоҳ улкан ишларга қодир бўлади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

"اَلمْؤمِنُ الْقَوِىُّ خَيْرٌ وَأَحَبُّ إلَي الله مِنَ المْؤمنِ الضَّعِيفِ" رواه مسلم

яъни: “Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.

Шу сабаб, азиз биродарлар, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Чиройли одоб-ахлоқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Зеро, ҳусни хулқ соҳибидан доим эзгулик, яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва Ватанига манфаат етади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз: “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизликдан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор”, - деб уқтирадилар.

Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор халқимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборлироқ бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, Ватан учун, дини учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.

Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом турмуш тарзига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни, Парвардигор ҳаром қилган зарарли иллат ва қусурлардан четда бўлишимизни насиб айласин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Анжуман диний соҳада замоний кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

21.08.2026   69573   2 min.
Анжуман диний соҳада замоний кадрлар тайёрлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди

Жорий йилнинг 19-20 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман диний таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва соҳага илғор педагогик ёндашувларни татбиқ этиш ва замон талабига мос кадрлар тайёрлашда йўлидаги салмоқли амалий қадам бўлди.

Тадбирлар давомида соҳага оид илмий маърузалар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан маънавий-маърифий тараққиёт, диний таълимда рақамли трансформация, сунъий интеллект ва илмметрия масалаларига бағишланган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Машғулотлар тизимда замонавий ёндашувларни оммалаштириш, дарс жараёнларида янгича услубларни қўллаш ҳамда соҳа вакилларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, анжуман доирасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳтарам Президентимизга йўллаган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.

Унда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти каби диний таълим масканлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши юртимизда маърифат аҳли учун кенг имкониятлар очгани таъкидланди.

Ўз навбатида, педагоглар ушбу юксак эътибор ва шарт-шароитлар учун Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдириб, бунга жавобан ёшларни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ўзлаштирган ва соҳада етук кадрларни тайёрлашини таъкидладилар.

Бўлиб ўтган анжуман диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда соҳада юқори малакали, замон билан ҳамнафас мутахассисларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари